Ёшлар ҳуқуқлари жаҳон кун тартибида

Бугун дунёда ёшлар икки милларддан кўпчиликни ташкил қилмоқда. Бу аксарият мамлакатларда, жумладан Ўзбекистонда ҳам, аҳолининг ўсиб борадиган катта қисми ёшлардан иборат, деганидир. Келажакка интилиб яшайдиган ёш авлод сайёрамизда фаровон ҳаёт ва юксак тараққиёт барқарор бўлиши учун янги ғоялар ва ижодий руҳдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширадиган беқиёс кучдир.

Шунинг учун ҳам ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини,ҳимоя қилиш ва амалга оширишни таъминлаш долзарб аҳамият касб этади. Аммо, ушбу соҳада мажбурий мазмунга эга муайян халқаро ҳужжат ҳалигача қабул қилинмаган. Шу билан бирга, аҳолининг ёшлар қисмига кимлар мансублигини аниқлаш бўйича халқаро мезонларни ишлаб чиқиш зарурияти мавжуд.

“Халқаро ёшлар куни”да Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Ёшлар 2020: глобал бирдамлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида Самарқанд форуми дунё ёшларини бирлаштирди.

Давлатимиз раҳбари жаҳон ёшларига йўллаган табригида, “Ҳозирги замонда интеллектуал ва маънавий етук, ташаббускор ёшлар барқарор тараққиётнинг драйверига айланмоқда. Бугунги кунда янги Ўзбекистон ёшлари – мамлакатни модернизация қилишга қаратилган жадал ва кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучи ва фаол иштирокчиси бўлиб майдонга чиқмоқда”, деб эътироф этдилар.

Мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизидан зиёдини ташкил этадиган ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган.

Сўнги йилларда ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уйғун ривожлантиришга қаратилган бир қатор қонунлар, Президентнинг фармон ва қарорлари қабул қилиниб, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилди. Шунингдек, Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари ўз фаолитиятини бошламоқда.

Президентимиз ташаббуси билан “Ўзбекистон ёшлари – 2025” концепцияси ишлаб чиқилмоқда, ёшлар билан ишлаш самарадорлигини баҳолашнинг ягона мезонлари, ёшлар сиёсатини баҳолашнинг миллий индекси жорий этилмоқда.

Шу йилнинг бошидан буён COVID-19 пандемияси билан боғлиқ вазият глобал ҳаёт кун тартибидаги марказий масала бўлиб келмоқда. Янги коронавируснинг тарқалиши бутун дунёда жиддий иқтисодий ва ижтимоий оқибатларга олиб келди. Аҳоли, биринчи галда ёшлар ана шу таҳдидларга жавобан давлатлар ҳамда халқаро ҳамжамият томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилишини талаб этадиган кўплаб муаммоларга тўқнаш келди.

Самарқанд форумида “ёшларнинг овозига қулоқ тутиш жуда муҳимлиги, уларнинг долзарб эҳтиёжларини таъминлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган миллий, минтақавий ва глобал стратегия ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда бевосита иштирок этишлари учун ёшларга имконият яратиб бериш зарурлиги” алохида таъкидланди.

Шу муносабат билан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг қабул қилиниши муҳим аҳамиятга эгадир. Мазкур Конвенция – том маънодаги янги ҳужжат бўлиб, унда ёшларнинг ҳозирги замонда дунё миқёсида эътироф этилиши зарур бўлган ҳуқуқлари ўз аксини топган, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратишдек эзгу мақсадларга хизмат қилади.

Навқирон авлоднинг ҳозирги замонда дунё миқёсида эътироф этилиши зарур бўлган ҳуқуқлари ўз аксини топган мазкур том маънодаги янги ҳужжатнинг муҳокамаси Самарқанд форумининг энг муҳим воқеаларидан бири ҳисобланади. Шу маънода, ёшлар салоҳиятини муносиб баҳолаш имконини берадиган ушбу Конвенция келгусида ёш авлод ҳаётига доир кўплаб йўналишларнинг янада шиддатли ривожланиши учун хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Гуллола Усмонова,
Андижон вилояти,
Избоскан тумани,
1-ўрта мактаб ўқитувчиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech