ЮРИДИК ФАНЛАР: ҲОЗИРГИ ВАЗИЯТ, МУАММОЛАР ВА ИСТИҚБОЛЛАР

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга тақдим этган навбатдаги Мурожаатномасида таъкидлаганидек, “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар янги йилда ҳам изчил давом эттирилади”.

2021 йил 19 январь куни мустақил юртимиз тарихида илк бор Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилиши ўтказилгани ушбу фикрларнинг яна бир амалий тасдиғи бўлди. Мазкур йиғилиш Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан “Zoom” онлайн платформасида ташкил этилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимида Давлат ва ҳуқуқ институтининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан Ўзбекистон Фанлар академияси Президиуми Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилганди.

Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг биринчи йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида қайд этилган ҳамда Ўзбекистонда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб аталган 2021 йилда ҳуқуқий ислоҳотларни самарали амалга оширишда фаол иштирок этиш, давлат, ҳуқуқ ва сиёсий-ҳуқуқий таълимот соҳасида фанлараро фундаментал илмий тадқиқотларни режалаштириш, Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамда Мувофиқлаштирувчи кенгаш олдида турган устувор масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилишда Мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси – академик А.Саидов, Давлат ва ҳуқуқ институти директори А.Туляганов, профессорлар Ж.Тошқулов, Р.Ҳакимов, О.Оқйўлов, Ф.Отахонов, М.Рустамбоев, М.Тиллабоев, шунингдек юридик соҳада фаолият юритувчи 70 дан ортиқ таниқли олим ва етук амалиётчи мутахассислар иштирок этди. Қуйида улардан айримларининг фикрлари билан танишасиз.

 

 

А.Саидов – Мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси, академик:

– Ўзбекистон Республикаси Президенти юридик таълим ва фанни ривожлантириш мамлакатимизда амалга оширилаётган шиддатли ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар самарасини таъминлаш, кейинги истиқболларини белгилашнинг ҳал қилувчи омилларидан эканини доим таъкидлаб келмоқда. Зеро, давлатчиликнинг бош мезони қонун устуворлигидир. Ҳолбуки шундай экан, давлат қонунлар асосида қурилмас ва жамият ҳаётида адолат тамойиллари таъминланмас экан, унинг келажаги ҳам бўлмайди.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга ва халққа навбатдаги Мурожаатномасида ҳам адолат давлатчиликнинг мустаҳкам пойдевори экани, ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш, қонун устуворлигини таъминлаш борасида дадил қадамлар қўйилгани ҳамда юридик соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар изчил давом эттирилиши ҳақида алоҳида тўхталди. Нега деганда, ҳар бир давлат ўз тараққиёт йўлини белгилар экан, халқ эрки ва фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган қонунларнинг мукаммал бўлишини энг аввалги ўринга қўяди.

Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг вазифалари, яъни биз юристларнинг мазкур соҳага қўшадиган ҳиссаси нимадан иборат бўлмоғи керак, деган савол туғилиши табиий.

Бу ўринда, аввало, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ишчи органи ҳисобланишини айтишим лозим.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш қандай орган? У доимий равишда фаолият юритадиган, муҳокама қилувчи, маслаҳат берувчи ва мувофиқлаштирувчи орган бўлиб, илмий тадқиқотларни ўтказиш, илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлашни такомиллаштириш, илмий тадқиқотларнинг асосий йўналишларини шакллантириш ва амалга оширишнинг долзарб муаммолари бўйича тавсиялар берувчи ва тадқиқот мавзуларини ишлаб чиқишга мўлжалланган органдир.

Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг вазифаларига, жумладан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимидаги Давлат ва ҳуқуқ институти илмий тадқиқотларининг асосий йўналишларини шакллантириш ва амалга оширишнинг долзарб муаммолари бўйича тадқиқот мавзуларини ишлаб чиқиш ва ташкил этишда ҳар томонлама ёрдам бериш;

қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, илмий-тадқиқот ишлари режаларининг экспертизасини ўтказиш;

жамият учун долзарб илмий-ҳуқуқий муаммоларни муҳокама қилиш ва тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган республика ва халқаро миқёсидаги илмий тадбирлар, хусусан, конференциялар, симпозиумлар, семинарлар ўтказиш лойиҳасига таклиф бериш;

юридик ва бошқа туташ соҳаларда илмий-тадқиқот фаолиятини олиб борувчи олимлар, изланувчилар, аспирантлар ва докторантларни илмий-тадқиқот ишларига жалб қилиш каби ишлар киради.

Ҳозирги кунда диққат марказида турган бирламчи вазифаларимиз нималардан иборат?

Биринчидан: Давлат ва ҳуқуқ институт бўлимлари, секторлари ва бошқа илмий тузилмаларининг илмий фаолияти билан боғлиқ инновацион йўналишларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш;

иккинчидан: илмий ишланмаларни давлат органлари, нодавлат ташкилотлари амалиётига, шунингдек юридик олий таълим муассасаларининг ўқув жараёнида татбиқ этишга кўмаклашиш;

учинчидан: ривожланган хорижий давлатларнинг етакчи таълим ва илмий муассасалари билан ҳамкорликни, қўшма ҳуқуқий тадқиқотларни, профессор-ўқитувчилар ва талабалар ўзаро алмашинувини фаоллаштириш;

тўртинчидан: давлат ва ҳуқуқ соҳасида илмий ва инновацион тадқиқотлар йўналиши ва рўйхатини шакллантириш;

бешинчидан: олий таълим ва илмий муассасаларга кадрлар тайёрлашга юридик соҳада чоп этилаётган адабиётлар ва дарсликлар билан кўмаклашиш тақозо этилади.

Жумладан, Кенгашнинг навбатдаги йиғилишида янги нашр сифатида чоп этилган "Конститутциявий ҳуқуқ" фанидан дарслик муҳокама қилиниши ҳам режалаштирилган.

Юридик фанларни ривожлантириш бўйича турли йўналишдаги муаммоларни бартараф этиш ва ушбу соҳани илмий тадқиқ қилиш натижалари институт томонидан таъсис этилаётган “Давлат ва ҳуқуқ” журналининг босма ва электрон шаклларида (веб-сайтда) эълон қилиб борилади.

А.Туляганов – Мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси ўринбосари, юридик фанлар доктори, доцент:

– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган институтимиз самарали ҳуқуқий тадқиқотлар олиб бориш ишларини такомиллаштириш, мамлакатимизнинг ҳуқуқий соҳадаги истиқболларини белгилаш, юридик соҳадаги илмий ишланмаларнинг самарали равишда амалиётга жорий этишда етакчи бўлиши лозим.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз тараққиётининг Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлик қилаётган янги босқичида ўзaрo бoғлиқ ва бир-бирини тақозо этадиган сиёсий, иқтисoдий-ижтимoий, ҳуқуқий ислoҳoтлaр, дaвлaт вa кoнституциявий тизимда изчил ўзгaришлaр амалга оширилмоқда. Давлат ва ҳуқуқ институтининг ташкил этилгани ҳам мазкур тизимли ишларнинг мантиқий давомидир.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Давлат ва ҳуқуқ институти давлатчилик асосларини такомиллаштириш, ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва сиёсий-ҳуқуқий таълимотларни тарғиб қилиш соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни амалга оширадиган илмий муассаса эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бинобарин, институтимиз Ўзбекистонда юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади.

Фанлар академияси тизимида Давлат ва ҳуқуқ институтининг ташкил этилиши замирида ўзига хос чуқур маъно бор. Яъни, Конституция ва қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқларининг тўлиқ ҳурмат қилиниши демократик ҳуқуқий давлатни шакллантириш ва кучли фуқаролик жамиятининг мавжуд бўлишида энг асосий шартдир.

Институтимизнинг муваффақиятли фаолияти мамлакатимизда юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштиришда катта аҳмиятга эгалигини ҳам эсдан чиқармайлик. Давлат ва ҳуқуқ институти жамоаси Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзоларидан биргаликдаги ҳаракатлар, самарали мулоқотлар, эътиборга лойиқ таклиф ва тавсияларни кутиб қолади.

 

Ж.Тошқулов – юридик фанлар доктори, профессор:

– Юридик таълимда ўқув жараёнларини янада такомиллаштириш, унинг сифатини ошириш ва моддий-техник базани мустаҳкамлаш, давлат ва ҳуқуқ назарияси, давлат ва ҳуқуқ тарихи ҳамда сиёсий-ҳуқуқий таълимотлар тарихини ўрганиш, ўқитиш, тадқиқ қилиш борасида қатор муаммолар мавжуд экани сир эмас.

Демакки, мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш баробарида, миллий давлатчилик тарихимизни теран ўрганиш ҳам биз, юристлар олдида турган долзарб масала ҳисобланади.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш миллий қонунчиликнинг халқаро-ҳуқуқий нормалар ва стандартларга мувофиқлигини таҳлил этиш, уларни мамлакатимиз қонунчилигига самарали равишда имплементация қилиниши жараёнларини тадқиқ қилиш ва тавсиялар таёрлашда ҳам самарали фаолият кўрсатишида барчамиз фаол бўлишимиз лозим.

 

М.Ахмедшаева – юридик фанлар доктори, профессор.

– 1992-2020 йилларда “Конституциявий ҳуқуқ. Маъмурий ҳуқуқ. Молия ва божхона ҳуқуқи” (юридик фанлар) ихтисослиги бўйича ҳимоя қилинган диссертацияларининг сони 75 тани ташкил этади.

Мазкур йилларда давлат-ҳуқуқий фанларга оид тадқиқотлар асосан давлат ҳокимиятининг олий органлари фаолиятини тадқиқ қилишга ёки давлат-ҳуқуқий фанларга тегишли умумий масалаларга қаратилган.

Сўнгги 4 йилда, яъни 2017-2020 йиллар давомида мамлакатимизда айни шу ихтисослик бўйича ҳимоя қилинган фалсафа доктори (PhD) диссертацияларининг сони 26 тани, фан доктори (DSc) диссертацияларининг сони 11 тани ташкил этди.

Бу даврдаги тадқиқот ишларида асосан давлат ҳокимияти тизимида ҳокимият тармоқлари ўзаро муносабатларини такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқий мақоми, Қорақалпоғистон Республикаси олий қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимияти органлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштириш, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, сиёсий партиялар ва сайлов тизимининг ҳуқуқий асослари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш каби мавзулар ўрганилган.

Ҳозирда ҳуқуқий фанлар бўйича қуйидаги соҳаларда тадқиқот ишларига алоҳида эътибор қаратиш лозим деб ҳисоблайман, яъни:

конституциявий ҳуқуқ соҳасида Конституция назарияси, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, конституциявий жавобгарлик каби мавзуларда тадқиқотлар сонини ошириш;

маъмурий ҳуқуқ, молия ҳуқуқи, солиқ ҳуқуқи, божхона ҳуқуқи соҳасида монографик тадқиқотлар ривожланмаётгани сабабли маъмурий ва молия ҳуқуқи фанларида давлат бошқарувининг методлари, маъмурий-ҳуқуқий шакллари, бошқарув, ижро фаолиятининг моҳияти ва мазмуни, маъмурий-ҳуқуқий нормалар ва уларни амалга ошириш ҳамда давлат харажатларини ҳуқуқий тартибга солиш, банк ҳуқуқи, қимматбаҳо қоғозлар қонунчилиги асослари каби соҳалардаги мавзуларни диссертациялар даражасида ўрганиш;

Ўзбекистон тарихида янги ташкил этилган маъмурий судлар фаолиятига оид тадқиқотлар деярли йўқ. Жумладан, маъмурий суд ишларининг тааллуқлилиги, тегишлилиги, исботлаш мажбурияти, даллиллар доираси таҳлил қилишга эҳтиёж катта.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдондаги ижобий обрўсини шакллантириш, халқаро рейтинглардаги ўрнини холис ва ҳаққоний баҳолашни таъминлаш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган юридик тадқиқотларни ривожлантириш ҳам Мувофиқлаштирувчи кенгаш вазифаларидан бири бўлиши керак, деб ўйлайман.

 

О.Оқйўлов – юридик фанлар доктори, профессор:

– Фуқаролик ҳуқуқи доирасида виртуал майдон пайдо бўлган ҳозирги шароитда фуқаролик, тадбиркорлик, шахсий, хусусий ҳуқуқлар масалаларини ривожлантириш ва такомиллаштириш, тадқиқ қилиш масалаларида Давлат ва ҳуқуқ институти билан яқин ҳамкорликда иш олиб боришга тайёрмиз.

Бу борада тегишли мавзулар рўйхатини шакллантириш бўйича аниқ таклифларимизни яқин кунларда киритамиз.

 

М.Рустамбоев – юридик фанлар доктори, профессор:

– Ҳозирда миллий юридик таълимнинг самарадорлиги нисбатан пастлигича қолаётганини очиқ тан олишимиз керак. Буни юқори малакали мутахассис-ҳуқуқшуносларни тайёрлашда тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлиги билан изоҳлаш мумкин.

Давлат ва ҳуқуқ институтининг ташкил этилгани тимсолида олимлар жамоасининг катта орзуларидан бири ушалди. Бу, ўз навбатида, замонавий талаблар, илғор халқаро юридик тажриба ва меҳнат бозори эҳтиёжлари асосида юқори малакали, ижодий фикрлайдиган, ҳалол кадрлар тайёрлашни таъминлаш имконини беради.

Институт ўқитишнинг кредит-модуль тизимини ва талабалар билимини баҳолаш усулларини такомиллаштириш, ўқув жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш ҳамда ўқув базасини модернизациялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиши лозим. Ушбу йўналишда IT-компаниялар билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириши ҳам талаб этилади.

Хорижий тажриба асосида юридик соҳадаги диссертацияларга бўлган талабларни ишлаб чиқиш ва тадқиқот мавзуларини янгитдан шакллантириш зарур. Мазкур масалаларни Кенгаш доирасида қайта кўриб чиқишимиз керак бўлади.

Бундан буён қабул қилинаётган қонунлар, уларга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан янги Институтнинг ҳам илмий асосланган хулосасини олиш амалиётини жорий қилиш айни муддаодир. Қонун лойиҳаларини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳлар фаолиятида ушбу илмий маърифат муассасаси олимлартнинг иштирокини таъминлаш муҳим, деган фикрдаман.

 

Ж.Холмўминов – Термиз давлат университетининг юридик факультети декани, юридик фанлар доктори, профессор:

– Юридик кадрларни тайёрлаш соҳасида рақобатнинг мавжуд эмаслиги ҳудудлардаги иқтидорли ёшлар учун тенг таълим олиш имкониятларини чекламоқда. Шу маънода, Давлат ва ҳуқуқ институтига миллий юридик таълим рақобатбардошлигини ошириш, давлат томонидан ҳуқуқшунослик йўналишида фаолият юритадиган илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига бериладиган имтиёзлардан фойдаланиш механизмларини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишда иштирок этиш имкони берилганлиги диққатга сазовор.

 Биз Давлат ва ҳуқуқ институт билан самарали ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаш, грантларга ҳудудларда фаолият юритаётган олимларни ҳам жалб этиш, давлат учун муҳим бошқа мавзуларни ҳам тадқиқ этиш борасида илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўймоқчимиз.

Ишончим комилки, Мувофиқлаштирувчи кенгаш замонавий талабларни инобатга олган ҳолда, таълим стандартларини модернизациялаш ва ўқув дастурларини қайта кўриб чиқишга, юридик таълим сифати ва илмий салоҳиятнинг юксалатиришга ўзининг амалий ҳиссасини қўша билади.

 

Л.Саидова – юридик фанлар доктори, профессор:

– Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ўқув-педагогик жараёнга инновацион илғор ва халқаро таълим стандартларини жорий этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва профессор-ўқитувчилар меҳнатини рағбатлантириш, шунингдек таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашни назарда тутадиган юридик таълим тизимини такомиллаштириш бўйича бир қатор аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди.

Мазкур соҳада давлат раҳбарининг ўндан зиёд фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.  

Аммо, ушбу соҳада ўз ечимини кутаётган қатор муаммолар ҳам бор. Масалан, Мувофиқлаштирувчи кенгаш ва унинг ишчи органи ҳисобланувчи Давлат ва ҳуқуқ институти бир давлат органининг функцияси бошқа бир давлат органига, ҳокимларга эса чексиз ҳуқуқлар берилаётгани ҳолатлари қанчалик юридик нуқтаи назардан илмий асосланган эканини чуқур илмий таҳлил қилиб бериши керак, деган фикрдаман.

Умуман, ушбу илмий-маърифий муассасалар бу борада яна қандай муаммолар борлиги, Ўзбекистон келажаги, унинг ҳуқуқий тамойиллари яқин 30 ёки 50 йилдан кейин қандай бўлиши каби муҳим истиқболли омилларни холис илмий асослаб бериши ва қабул қилинаётган қонунларга илмий муносабат билдириб бориши лозим.

Зеро, Институт жамият ва давлат қурилиши, суд-ҳуқуқ ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларга маслаҳат ва эксперт ёрдамини ташкил қилиш органи ҳисобланади.

 

Б.Талапов – Наманган давлат университетининг юридик факультети декани, тарих фанлари номзоди, доцент:

– Давлат ва ҳуқуқ институтнинг ташкил этилгани нафақат ҳуқуқ соҳасидаги олимларни, балки барча ҳуқуқшуносларни бирлаштиришга хизмат қилади. Шу маънода, у соҳа бўйича ишлаётган педагогларга тегишли йўналиш бериши, юридик фанлар ўқитиладиган олий таълим муссасаларида ҳам долзарб ҳуқуқий тадқиқотларни амалга оширишга кўмакдош бўлиши лозим.

Биз Давлат ва ҳуқуқ институт билан Меморандум имзолаш, Наманган вилояти Ахискент ҳудудида илмий тадқиқот юритаётган олимларимиз билан ҳамкорлик қилиш, биргаликда анжуманлар ташкил қилиш, жамоавий ва индивидуал монографияларни яратишни ҳам келишиб олдик.

Шундай қилиб, Мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилишида Давлат ва ҳуқуқ институти ва давлат, нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Кун тартибидаги масалалар бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Ғулом Мирзо тайёрлади

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech