27 январь – Холокост қурбонлари хотираси халқаро куни

Ҳар йили 27 январь куни бутун дунёда Холокост қурбонлари хотирланади. Бу ҳақдаги резолюция (60/7) Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 2005 йил 1 ноябрда қабул қилинган. Исроил, Канада, Австралия, Россия, АҚШ ушбу ҳужжатни қабул қилиш ташаббускорлари бўлган, шунингдек 90 дан ортиқ давлат унга ҳаммуаллифлик қилган.

Холокост қурбонлари хотираси куни рамзий маънога эга. Ушбу сана совет қўшинлари томонидан “Освенцим-Биркенау” (немисча: “Konzentrationslager Auschwitz-Birkenau”) ўлим лагеридаги асирлар озод қилинганига бағишланган бўлиб, бу воқеа 1945 йил 27 январда юз берган.

1941-1945 йилларда “Освенцим”да 1,5 миллионга яқин одам ўлдирилган  ва шундан 1 миллионга яқини яҳудийлар бўлган. Турли маълумотларга қараганда, бу лагерда 1,5 миллиондан 4 миллионгача одам ўлдирилган.

Шундай бўлса-да, ҳеч ким аниқ рақамларни келтира олмайди. Чунки, нацистлар томонидан кўплаб ҳужжатлар уруш якунланишии арафасида йўқ қилинган. Бундан ташқари, нацистлар томонидан ўлдириб юборилган одамларнинг ҳисоби аниқ юритилмаган.

Совет қўшинлари ўлим лагерини озод қилганда, у ерда 7 мингга яқин одам бўлган. “Освенцим” нацистлар ўлим лагерларининг энг каттаси бўлгани ва энг узоқ вақт фаолият кўрсатгани учун у Холокостнинг асосий рамзларидан бирига айланди.

Холокост – қадимги юнонча holocaust сўзидан олинган бўлиб, “куйдирилган”, “олов билан йўқ қилинган”, “қурбонлик” деган маъноларни англатади.

Холокост атамаси тор маънода нацистлар Германияси ва иттифоқчиларининг 1933-1945 йилларда олти миллион яҳудийни тизимли равишда таъқиб қилиш ва оммавий қириб ташлаш сиёсатини англатади.

Кенг маънода эса, Холокост – нацистлар томонидан турли хил этник ёки ижтимоий гуруҳ вакиллари, совет ҳарбий асирлари, поляклар, яҳудийлар, масонлар, лўлилар, оғир касал ёки ногиронлар, гомосексуаллар ва бошқаларни таъқиб қилиш ва оммавий қириб ташлаш сиёсатини ифодалайди.

Холокостни юзага келтирган асосий сабаблардан бири –нацистларнинг ирқий сиёсатидир. ХIХ аср охири ва ХХ аср бошларида баъзи олимлар орийларни гўёки бошқа ирқлардан устун бўлган “афсонавий ирқ”га айлантирган. Ваҳоланки, орийларнинг қандайдир алоҳида ирқ сифатида ифодаланишининг ўзи нотўғри эди, шундай экан “олий орий ирқ” ҳам мавжуд эмас.

Германияда эса нацистлар бу нотўғри тушунчани тарғиб қилдилар. Бунда улар немисларни орийлар ирқи вакиллари сифатида улуғладилар ва яҳудийлар, қора танлилар, лўлиларни “орий бўлмаганлар” мақомига туширдилар.

Нацистларнинг ирқий сиёсати бир ирқ вакилларининг бошқаларидан устунлигига асосланади. Олий ирқ вакили бўлган немисларнинг вазифаси ўз соф ирқини сақлаб қолишдан иборат бўлган.

Нацислар томонидан ишлаб чиқилган “Нюренберг қонунлари” деб ном олган ва 1935 йил 15 сентябрда қабул қилинган “Рейх фуқаролиги ҳақида”ги ҳамда “Немис қони ва обрўсини қўриқлаш тўғрисида”ги қонунларга кўра, Германияда давлат миқёсида ирқчилик ва миллатчилик тартиби ўрнатилган. Ушбу қонунларда яҳудийларнинг умуман Учинчи рейх фуқароси бўлиши мумкин эмаслиги ва ҳеч қандай ҳуқуқлардан фойдалана олмаслиги белгиланган.

Германияда яҳудийларни таъқиб қилиш 1933 йилда, нацистлар ҳокимият тепасига келганидан сўнг дарҳол бошланган. Бироқ, улар Иккинчи жаҳон уруши даврида мунтазам равишда оммавий қирғин қилинган: дастлаб улар Марказий ва Шарқий Европада геттоларга, яъни озчиликнинг ихтиёрий ёки мажбурий яшаши учун ажратилган ёпиқ, изоляция қилинган аҳоли пунктларига жойлаштирилган. 1941-1945 йилларда эса яҳудийлар ўлим лагерларида қийноқларга солинган ва оммавий қатл қилинган.

Дастлаб нацистларнинг бу борадаги сиёсати яҳудийларни ўз назорати остидаги мамлакатларга оммавий равишда мажбуран кўчиришга қаратилган эди. Улар яҳудийларни Германия иқтисодиётидан бутунлай четлатишни, ҳеч қайси немис миллатига мансуб шахс яҳудий билан бир том остида яшамаслиги кераклигини мақсад қилган.

Шу мақсадда яҳудийлар учун алоҳида катта резервациялар (Мадагаскар ва Люблинда) яратиш ғояси илгари сурилган. Бироқ, уруш бошланиши билан миллионлаб яҳудийлар, масалан, биргина Польшанинг ўзида 2 млн яҳудий нацистлар назоратига ўтган.

Урушнинг тобора узоқроқ давом этиши яҳудийларни оммавий мажбурий кўчириш ғоясини имконсиз ишга айлантириб қўйган. Шунда нацистлар яҳудийларни оммавий йўқ қилишга қарор қилган.

Шундай қилиб, нацистлар яҳудийларни босиб олинган ҳудудларда оммавий чуқурлар қаздириб отиб ўлдира бошлаган. Бу вазифа билан махсус ташкил қилинган ўлим гуруҳлари, қуролли кучлар таркибидаги “айнзац гуруҳлар” (Einsatzgruppen der Sicherheitspolizei) шуғулланган.

“Айнзац гуруҳлар”нинг нишонида яҳудийлар, лўлилар ва бошқа “ирқий жиҳатдан паст” деб аталадиганлар, сиёсий зиёлилар, коммунистлар, қаршилик ҳаракати аъзолари турган. 1941 йил 29–30 сентябр кунлари, яъни икки кун ичида Киевнинг шимоли-ғарбидаги Бабий Яр жарлигида нацистлар томонидан 33 минг 771 киши отиб ташланган бўлиб, уларнинг 30 мингга яқини яҳудийлар эди.

Вақт ўтиши билан, оммавий қатллар “айнзац гуруҳлар” аъзолари руҳиятига салбий таъсир кўрсата бошлади ва уларнинг айримлари бундай қотилликларга қарши чиқди. Бундан хавотирга тушга нацистлар яҳудийларни ўлдиришнинг бошқа усулини қидирди. Хусусан, шу мақсадда “Газваген”ни қўллашга ўтилган.

“Газваген”да (нем.: Gaswagen – газ машинаси ёки газ камераси) бир вақтнинг ўзида 30 нафардан 100 нафаргача одамлар жойланган ҳамда углерод оксиди ва чиқинди гази юбориш орқали заҳарлаб ўлдирилган. Аммо нацистлар учун бу ҳам анча секин жараён эди.

Миллионлаб яҳудийлар, ҳарбий асирлар, лўлилар ва бошқа душманларни ўлдириш учун жуда узоқ вақт талаб қилинарди. Шу сабабли “Газваген” ўз ўрнини газ камераларига бўшатиб берди. Бугунги кунгача бирорта “Газваген” сақланиб қолмаган, уруш якуни арафасида нацистлар ўз жиноятларини яшириш мақсадида барча машиналарни йўқ қилган.

1941 йил 31 июлда Германн Гейринг Рейнхард Гейдрихни “яҳудийлар масаласининг якуний ечими” учун масъул этиб тайинлаш тўғрисидаги буйруқни имзолаган. Бу буйруқ моҳиятан яҳудийларни оммавий равишда жисмонан йўқ қилишни англатарди. 1941 йил октябрь ойининг ўрталарида Германиядан яҳудийларни Польша, Болтиқбўйи давлатлари ва Белоруссия геттоларига депортация қилиш бошланган.

1942 йил январь ойида Ванзе конференциясида “Яҳудийлар масаласининг якуний ечими” дастури тасдиқланган. Бу қарор очиқ эълон қилинмаган. Европа яҳудийлари шарққа – Польша, Белоруссиядаги лагерлар ва геттоларга юборилиб, уларга бундай кўчиришнинг вақтинчалик эканлиги айтилган. Польшада балки янги келганларни тезда йўқ қилиш учун мўлжалланган ўлим лагерлари яратилган.

Янги келган яҳудийлар ёки ҳарбий асирлар зудлик билан саралаш жараёнидан ўтишарди. Эркаклар аёллар ва болалардан ажратиларди. Одатда СС шифокори бўлган нацист ҳаммани тезда текшириб кўрар ва уларнинг соғломлиги ёки мажбурий меҳнатга етарлича кучи бор ёки йўқлигини баҳоларди. Кейин уларни чап ёки ўнг томонда туришга буюрган. Маҳбусларнинг ўзлари ҳам айни вақтларда уларнинг ҳаёт-мамот масаласи ҳал қилинганини тушунишмаган. Гўдаклар, болалар, ҳомиладор аёллар, қариялар, ногиронлар ва беморларнинг биринчи танловдан ўтиш имконияти жуда оз бўлган.

Ўлимга маҳкум қилинганлар газ камераларига олиб борилган. Ваҳима уйғонишининг олдини олиш мақсадида лагер қўриқчилари маҳбусларга битларга қарши душ олишлари лозимлигини тушунтиришган. Қўриқчилар барча қимматбаҳо буюмларини топширишни ва ечинишларини талаб қилган. Кейин уларни яланғоч ҳолда “душ”га олиб боришган. Қўриқчи темир эшикни ёпиб, қулфлаб қўйган.

Баъзи ўлим лагерларида углерод оксиди қувурлар орқали камерага юборилган. Бошқаларида эса лагер қўриқчилари каламуш ва ҳашаротларни ўлдиришда қўлланиладиган ўта заҳарли “Циклон Б” гранулаларини вентиляция шахтасига ташлаган.

Одатда, газ камераларига киргандан кейин бир неча дақиқа ичида барча маҳбуслар кислород етишмаслигидан вафот этган. Қўриқчилар назорати остида бошқа маҳбуслар жасадларни қўшни хонага судраб олиб борган ва у ерда жасадлардан сочлар, тилла тишлар ва пломбаларни олиб ташлаган.

Кейин жасадлар крематорий печларида ёқиб юборилган ёки умумий қабрларга кўмилган. Тирик қолганлар мажбурий меҳнатга дучор бўлган ёки улар устида тиббий экспериментлар ўтказилган.

Буларнинг барчаси нацистлар томонидан ваҳшийларча содир этилган геноцид жинояти эди. Улар уруш давомида 6 млн нафар яҳудийни, 19,7 млн.дан 23,9 млн нафаргача славянлар, хусусан, 1,9 млн. нафар поляк, 3 млн нафар украин, 1,5 млн нафар белорус, 1,6 млн нафар русларни (ҳарбий асирлардан ташқари), 220 мингга яқин лўли, 2 мингга яқин “Иегова шоҳидлари”, 80 мингдан 220 минг нафаргача франкмасонларни ўлдириб юборган.

Германиянинг ўзида ҳам озиқ-овқат танқислиги рўкач қилиниб, яратувчилик ва меҳнатга қобилятсиз бўлган барча кишилар, қариялар, руҳий беморлар, тутқаноқ касали билан оғриган беморлар, ногиронлиги бўлган шахслар “Т 4” дастури доирасида қириб юборилган. Германиянинг 275 минг нафар аҳолиси ўлдирилган.

Холокост қурбонлари хотирасига жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида мемориал ёдгорлик ва музейлар ташкил қилинган. Бунга Қуддусдаги Яд Вашем музейи, Вашингтондаги Холокост мемориал музейи, Москвадаги Яҳудийлар мероси ва Холокост музейлари, Амстердамдаги Анна Франк уй-музейи, Париждаги Ҳужжатлар ва мемориал маркази, Хиросимадаги 1,5 миллион яҳудий болалари хотира музейини мисол сифатида келтириш мумкин.

Нацистлар томонидан содир этилган Холокост дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатларига чуқур таъсир кўрсатди. Бугунга келиб жаҳон ҳамжамияти олдида фожиа оқибатларини бартараф этиш, қурбонлар хотирасини сақлаш, тарихий обидаларга ғамхўрлик қилиш, таълим ва тадқиқотларни рағбатлантиришдек умумий масъулият турибди.

Ушбу масъулият ёшларга бундай жиноятларнинг сабаб ва оқибатларини тушунтириш орқали ёшларда нафрат мафкурасига қарши иммунитетни шакллантиришга хизмат қилиши лозим. Дунёнинг бир қанча минтақаларида геноцид ва оммавий ваҳшийликлар давом этаётган бир пайтда бу эзгу ишлар ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.

Шу маънода, Холокост қурбонларини хотирлаш халқаро куни –антисемитизм ва геноциднинг ҳар қандай кўринишларига қарши глобал норозилик санаси ҳисобланади. Айни вақтда бу сана нафақат тирик қолганларга ва холокост қурбонлари хотирасига ҳурмат кўрсатиш, балки бу йўлда муайян саъй-ҳаракатларни амалга оширишга чорлов ҳамдир.

Бинобарин, йилдан-йилга ушбу даҳшатли воқеалар иштирокчилари тобора камайиб бормоқда. Аммо улар ҳақидаги изтиробли хотиралар кўпчиликнинг қалбида сақланиб қолган.

 

 

Рустам Атовуллоев,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бош юрисконсульти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech