Инсон ҳуқуқларининг стратегик асоси

Жорий йилнинг 22 июнь санасида имзоланган Президент Фармони билан мамлакатимиз тарихида илк бор Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинди. Бу Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва кафолатлаш бўйича ташланган навбатдаги дадил қадам, Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган инсонпарвар сиёсатнинг яна бир ёрқин намунасидир.

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни қабул қилиш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек 2020 йил 2 мартда Президент Фармони билан тасдиқланган Давлат дастурида Миллий стратегия лойиҳасини ишлаб чиқаришни жадаллаштириш вазифаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, вазирлик ва идоралар зиммасига юкланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ишлаб чиқилган ушбу Миллий стратегия лойиҳасини тайёрлашда  50 дан ортиқ давлат органлари, идоралар ва нодавлат нотижорат ташкилотларидан 300 дан ортиқ таклифлар олинди, улардан 200 га яқини лойиҳани такомиллаштириш учун қабул қилинди.

Шунингдек, Миллий стратегия лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун regulation.gov.uz сайтида жойлаштирилди, муҳокамаларда аҳоли томонидан мингдан ортиқ фикрлар қолдирилиб, 10 дан ортиқ таклифлар билдирилди.

40 дан ортиқ миллий10 дан ортиқ хорижий сайтларда Миллий стратегия лойиҳаси юзасидан таҳлилий мақолалар эълон қилинди.

Ана шундай қизғин муҳокамалар натижасида Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияси қабул қилиниб, мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича ўз миллий стратегиясига эга Буюк Британия, Швеция, Норвегия, Австралия, Индонезия каби дунёнинг қирқдан ортиқ давлатлари сафига қўшилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияда юртимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва кафолатлаш бўйича олиб борилаётган инсонпарвар сиёсатнинг асосий йўналишлари, яқин келажакда бажарилиши кўзда тутилган вазифалар ва уларни амалга ошириш механизмлари аниқ белгиланган.

Стратегияда 5 асосий йўналиш кўрсатилган:

  • шахсий ва сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш;
  • иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, барқарор ривожланиш;
  • инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро стандартларни қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилиш ҳамда мониторинг механизмларини такомиллаштириш;
  • инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводҳонликни ошириш, жумладан бу борада самарали ахборот ва маърифат тарқатиш, таълим бериш фаолиятини ташкил этиш;
  • инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва минтақавий тузилмалар, хорижий мамлакатлар миллий институтлари билан ҳамкорликни янги босқичга кўтариш.

Ушбу беш йўналишнинг ҳар бири бўйича аниқ вазифалар белгиланган бўлиб, уларни тизимли равишда ва босқичма-босқич амалга ошириш кўзда тутилган. Жумладан, Президент Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг “Йўл харитаси”да 2020 – 2025 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар кўрсатилган.

“Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларни шартли тарзда икки гуруҳга ажратиш мумкин:

Биринчидан, миллий қонунчиликни, шунингдек бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва кафолатлаш талаблари асосида такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар.

Жумладан, “Йўл харитаси”да Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия, Фуқаролик, Ер, Уй-жой, Меҳнат, Соғлиқни сақлаш, Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида-ги  кодексларининг янги таҳририни, Экология, Инвестиция кодекслари лойиҳасини, шунингдек “Хусусийлаштириш тўғрисида”ги , “Ижтимоий тадбиркорлик асослари ва уни рағбатлантириш чоралари тўғрисида” ги  ва бошқа бир қатор қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш белгиланган.

Иккинчидан, амалий чора-тадбирлар.

Масалан, 2018 йилда Самарқанд шаҳрида инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ўтказилиб, БМТ Бош Ассамблеясининг 73-сессияси ҳужжати сифатида тасдиқланган Самарқанд декларацияси қабул қилинган эди. Эндиликда Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми ҳар икки йилда юқори савияда ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий давлатлар мутахассислари ва фахрий меҳмонлар иштирокида ўтказилиши белгиланди.

Шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини оширишда кўрсатган хизматлари учун ҳар йили 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида топшириладиган “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони таъсис этилди.

Хулоса қилиб айтганда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг қабул қилиниши мамлакатимизда инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати ва ҳақ-ҳуқуқлари олий қадрият эканидан далолат беради. Жамиятни янада демократлаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари дахлсизлигининг стратегик асоси бўлиб хизмат қилади.

 

Азизбек Рамазонов,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали катта муҳаррири

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech