Мамлакатимизда ва хорижда ўз нуфузига эга “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг навбатдаги сони нашрдан чиқди.
COVID-19 пандемиясининг инсон ҳуқуқлари, жамият ҳаёти ва давлат сиёсатига таъсири таҳлилига бағишланган журналнинг ушбу сонидан кўплаб қизиқарли мақолалар ўрин олган. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишел Бачелет, Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова, Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Гай Райдер, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева, Турон фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси Абдулҳаким Шаръий Жузжоний ва бошқаларнинг долзарб мавзудаги мақолалари Сиз – азиз журналхонни беэътибор қолдирмаслигига аминмиз.
Жумладан, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ўз мақоласида COVID-19 пандемиясига қарши курашда барча давлатларни яқин ҳамкорликка чорлаб, глобал даражада кўриладиган чора-тадбирлар асосан уч йўналишда амалга оширилиши муҳимлигини қайд этган. Бу уч йўналиш, биринчидан, соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазият билан шуғулланиш, иккинчидан, ижтимоий оқибатларга ҳамда иқтисодиётни тиклашга эътибор қаратиш, учинчидан, “тезкор тикланиш” учун жавобгарлик бўлиши кераклигини таҳлиллар асосида исботлаган. “Бугун ушбу инқирозни биргаликда енгишимизда ҳамжиҳатлик, умид ва сиёсий ирода ҳар қачонгидан ҳам муҳим”, дея таъкидлаган БМТ Бош котиби.
Юридик фанлар доктори, профессор Абдулҳаким Шаръий Жузжонийнинг “Пандемияга қарши кураш: Ўзбекистон тажрибаси айрим ўлкалар учун ўрнак бўлиши мумкин” номли мақоласида эса коронавирус пандемияси, шунингдек, инсоният тарихида рўй берган бошқа эпидемиялар атрофлича таҳлил қилинган. Ўзбекистон Республикасининг пандемия даврида амалга оширган ички ва ташқи сиёсати, мамлакатда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар қиёсий ўрганилган ва юқори баҳоланган. Мақола сўнгида, “Ўзбекистон давлати томонидан мамлакат аҳолисини пандемиядан ҳимоя қилиш ва касаллик тарқалишининг олдини олиш учун амалга оширилаётган ҳимоя системаси айрим Европа давлатларидаги системалардан устун туради”, дея хулоса чиқарган муаллиф.
Зукко ва изланувчан журналхонларга “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг ушбу сонини, албатта, ўқиб чиқишни тавсия этамиз. Мароқли мутолаа завқи тафаккурингизни бойитишига, қимматли вақтингизни мазмунли ўтказишига аминмиз. Мутолаага марҳамат!
Азизбек Рамазонов,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали катта муҳаррири
- Қўшилди: 22.06.2020
- Кўришлар:
- Чоп этиш