ОДИЛ ВА МУСТАҚИЛ СУД – ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ПОЙДЕВОРИ

“Cудьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик бўлиши керак”. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат суд тизими вакиллари, ўзбек судьялари олдига ана шундай ҳаққоний талабни қўйди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 июнда судьялар билан бўлиб ўтган биринчи тарихий учрашувда сўзлаган нутқида суд тизимини фуқароларимизнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган адолат қўрғонига айлантиришдек устувор мақсад ўз мужассамини топган.

Юртбошимиз 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганидек, «Судларнинг асосий вазифаси адолатни қарор топтиришдан иборат. Бунинг учун суд ҳар бир иш юзасидан қонуний, асосли ва адолатли қарор чиқариши лозим».

Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш учун асос бўлиб, Асосий Қонунимизга муҳим ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, 2017 йил 6 апрелда Конституциянинг 7 та моддасига киритилган тузатишларда қуйидаги 3 та устувор вазифа:

биринчидан, фуқароларнинг  ҳуқуқ  ва эркинликларини  ишончли  ҳимоя  қилиш  ҳуқуқий кафолатларини  кенгайтириш;

иккинчидан, одил судловга эришиш даражасини, суд иш юритувининг сифатини ошириш;

учинчидан, номзодларни  танлаш  ва  судьялар  лавозимларига  тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш – суд-ҳуқуқ  ислоҳотларининг муҳим йўналишлари сифатида мустаҳкамлаб қўйилди.

 

Янги Ўзбекистон: суд тизими ва халқаро ҳуқуқ

 

Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, энг аввало, жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишнинг ишончли кафолатларини таъминлашга, шунингдек, инсон шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймасликка қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда билиб-билмасдан жиноят йўлига кириб қолган йигит-қизларимиз ёки бўлмаса аёлларимиз ишлари Ёшлар иттифоқи, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш ташкилотлари кафиллиги асосида кўриб чиқилиши ижобий натижаларни бермоқда.

Яна бир аҳамиятли жиҳат: жиноят ишини қўшимча тергов юритиш учун қайтариш институти бекор қилинди ва далилларга баҳо бериш институти такомиллаштирилди. Бу, ўз навбатида, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама текширилиб, далилларга холисона баҳо берилган ҳолда оқлов ҳукмлари кўпайишига асос яратди.

Буни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян ҳам алоҳида эътироф этди.

Одил судловни амалга оширишга қаратилган халқаро ҳуқуқ нормаларини бажариш борасида:

биринчидан, суд ҳокимиятини демократлаштириш, барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолат тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, “Хабеас корпус” институтини кенгайтириш, суд тизимини мустаҳкамлаш, шунингдек, тергов жараёнида суд назоратини кучайтириш бўйича самарали чора-тадбирлар кўрилди;

иккинчидан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, низоларни судгача ҳал этиш, тарафларни яраштиришда адвокатларнинг ваколатлари кенгайди. Суд ишларининг адолатлилиги, очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш учун “электрон адолат” тизими жорий этилди;

учинчидан, жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тизими яратилди. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотларини тузишга йўл очилди. Бугунги кунда тинтув, воқеа жойида олинган кўрсатмаларни текшириш, тергов эксперименти каби процессуал ҳаракатларни видеотасвирга олиш орқали мажбурий қайд этиш талаблари қонун билан мустаҳкамланди;

тўртинчидан, маъмурий, жиноий, жиноий-процессуал, жиноий-ижроия, фуқаролик ва иқтисодий қонунчилик такомиллаштирилмоқда. Жамоат бирлашмалари кафолати остида шахсларни афв этиш ва жазодан озод қилишнинг мутлақо янги тизими жорий этилди. “Жаслиқ” ихтисослаштирилган колониясининг ёпилиши муҳим воқеа бўлди;

бешинчидан, фуқароларимиз ҳуқуқлари ва манфаатларини, қаерда бўлишларидан қатъи назар, ҳимоя қилиш ва уларнинг Ўзбекистонга қайтишлари учун барча зарур шароитлар яратилган. Мисол сифатида Яқин Шарқ ва Афғонистондаги қуролли можаролар ҳудудларидан 541 нафар фуқаро, асосан, аёллар ва болаларнинг Ватанимизга қайтариб келтирилганини айтиш мумкин.

 

Суд тизимидаги муҳим ўзгаришлар

 

Суд тизимидаги шиддатли ўзгаришларни учта мезон – тизимдаги аввалги ҳолат, ҳозирги ҳолат ва эришилган натижалар асосида таҳлил этиш лозим.

Биринчи муҳим ўзгариш: туб ислоҳотлар бошланишига қадар мамлакатимизда бир-биридан мустақил бўлган – Олий суд ва Олий хўжалик суди фаолият юритиб келган. 2017 йил 1 июнда Олий суд ва Олий хўжалик суди ягона суд ҳокимияти – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди. Натижада ягона суд амалиёти таъминланди, бир-бирини такрорловчи функциялар мувофиқлаштирилди.

Иккинчи муҳим ўзгариш: илгари оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар фуқаролик ва иқтисодий судлар томонидан ҳал қилинган. Эндиликда давлат органлари ва мнсубдор шахсларнинг қарорлари устидан келтирилган шикоятларни кўрадиган махсус – маъмурий судлар ташкил этилди.

Бунинг натижасида:

  • жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқларининг суд орқали ҳимоя қилиниши янада кенгайтирилди;
  • ягона маъмурий суд амалиёти шакллантирилди;
  • Олий суд Пленуми қарорлари тўлиқ хатловдан ўтказилиб, мувофиқлаштирилди.

Учинчи муҳим ўзгариш: яқин вақтларгача инвестициявий низолар фуқаролик ва иқтисодий судлар томонидан барча суд босқичларида ҳал қилинган. 2021 йил 1 январда Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид махсус судлов таркиби ташкил этилди. Ушбу судлов таркиби инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бевосита шуғулланмоқда.

Шундай қилиб, қуйидаги учта муҳим натижага эришилди: инвесторлар йиллаб сарсон бўлишининг олди олинди; низолар бита судда ҳал қилиниши таъминланди; мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлиги ортди.

Бундан ташқари, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришга устувор эътибор қаратилиши натижасида судлар мустақиллиги ва одил судловга бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасида халқаро стандартларни имплементация қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар қабул қилинди.

 

Бир суд – бир инстанция

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони суд инстанцияларининг камайиши ва назоратнинг тўлиқ бекор қилинишида ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Фармон доирасида бир қатор муҳим натижаларга эришилди.

Биринчидан, суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқлар олиб ташланиб, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичлари 3 тагача камайтирилди.

Иккинчидан, суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тўлиқ тугатилди.

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи бекор қилинди.

“Бир суд – бир инстанция” тамойилининг жорий этилиши натижасида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражаси ошмоқда.

Маълумки, илгари судларда қуйидаги 7 та босқичда: Биринчи инстанция (туман, шаҳар); Апелляция ёки кассация инстанцияси (вилоят); Вилоят суди Раёсати; Олий суд судлов ҳайъати; Олий суд назорат инстанцияси; Олий суд Раёсати ва Олий суд Пленуми босқичларида ишлар кўрилган.

Одил судловга оид халқаро стандартларга мос равишда уч босқичли суд тизими яратилди. Яъни:

  • биринчи инстанция – туман ва шаҳар судлари;
  • апелляция инстанцияси – вилоят даражасидаги судлар;
  • кассация инстанцияси – Олий суддан иборат бўлган “Бир суд – бир инстанция” тамойили жорий қилинди.

Ислоҳотлар туфайли қуйидаги амалий натижаларга эришилди:

биринчи натижа: фуқаролар ортиқча оворагарчилигининг олди олинди;

иккинчи натижа: одил судловни амалга ошириш самарадорлиги ортди;

учинчи натижа: бир-бирини такрорловчи инстанциялар қисқартирилди;

тўртинчи натижа: Олий судда 84,8 фоиз якуний қарорлар қабул қилинишига эришилди;

бешинчи натижа: халқаро экспертлар эътирозига сабаб бўлаётган назорат инстанцияси тўлиқ бекор қилинди.

 

Одил судлов жараёни: далиллар мақбуллиги ва тарафлар тенглиги

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 ноябрда қабул қилинган “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони далиллар мақбуллиги масаласини аниқлаштиришда муҳим қадам бўлди. Шунингдек, Жиноят-процессуал кодекснинг 95-моддасига 2018 йил 4 апрелда далилларнинг мақбул эмаслигига оид янги нормалар киритилди.

Эндиликда агар далиллар қонунга хилоф усуллар орқали ёки жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқларини чеклаш йўли билан ёхуд  Жиноят-процессуал кодекснинг талаблари бузилган ҳолда олинган бўлса, шу жумладан:

  • қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаган ҳолда;
  • уларни сохталаштириш ё қалбакилаштириш йўли билан;
  • ҳимояга бўлган ҳуқуқларни, шунингдек, таржимон хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи бузилган ҳолда;
  • жиноят иши бўйича процессуал ҳаракатнинг мазкур жиноят ишини юритишни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан бажарлиши натижасида;
  • номаълум манбадан ёхуд жиноят ишини юритиш жараёнида аниқлаш мумкин бўлмаган манбадан;
  • жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг суриштирувдаги, дастлабки терговдаги судда далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топмаган кўрсатувларидан олинган бўлса, улар далил сифатида мақбул эмас деб топилади.

Далиллар мақбуллиги тамойилининг натижадорлиги қандай? Сўнгги беш йилда жами 36 минг 723 нафар шахсга нисбатан асоссиз қўйилган айблов чиқарилган бўлиб, шундан 3 минг 702 нафар шахс оқланган. Бу кўрсаткичлар 2021 йилда, айниқса яхшиланган. Яъни, асоссиз қўйилган айблов чиқарилган шахс сони 10 минг 115 нафар экани аниқланиб, шундан 932 нафари оқланишига эришилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида адолатли ва қонуний қарорларни қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш бўйича муҳим вазифалар белгиланди.

Натижада суд процессида тортишувлик принципини ҳамда тарафларнинг тенглигини таъминлаш мақсадида судланувчи, жабрланувчи ва уларнинг вакиллари томонидан кассация тартибида берилган шикоятнинг мақоми прокурорнинг протести билан тенглаштирилди. Шу билан бирга, барча кодексларга тегишли ўзгартиришлар киритилди.

 

Суд қарорлари устидан шикоятларнинг янгича мақоми

 

Суд қарорлари юзасидан шикоят қилиш босқичлари чуқур ислоҳ қилинди. Авваллари туман судининг ҳукми – 7 та, вилоят судининг ҳукми – 6 та, Олий суднинг ҳукми – 5 та босқичда кўриб чиқилган. Ҳозирги ҳолатда ушбу кўрсаткич барча суд инстанцияларида бир хил, яъни 3 тани ташкил этмоқда.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, жазони ўташ жойларидан шикоятлар келиши йўлидаги тўсиқлар олиб ташланди. Бу борада, айниқса, иккита муҳим натижага эришилди.

Биринчидан, илгари маҳкум ёки унинг адвокатининг кассация шикояти Олий суднинг судьяси томонидан якка тартибда ўрганилгандан кейин протест киритилган тақдирдагина судлов ҳайъатида кўрилган.

Эндиликда судланган томонидан кассация тартибида берилган шикоятнинг мақоми прокурорнинг протести билан тенглаштирилди. Бу, ўз навбатида, суд процессида тортишувлик принципини ҳамда тарафларнинг тенглигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Иккинчидан, илгари берилаётган шикоятга нисбатан бир қанча талаблар мавжуд эди. Жумладан, барча суд қарорлари ва жавоб хатларини, маҳкумга жазони ижро этиш муассасаси томонидан берилган тавсияномалар, соғлиғи ҳақидаги маълумотнома каби ҳужжатлар тақдим этилмаса, бундай ҳолат шикоятни кўрмасдан қайтаришга асос бўлган.

Ҳозирда қонунчилликка киритилган ўзгартиришларга асосан, шикоят қилувчи томонидан судга фақатгина шикоятнинг ўзи берилиши кифоядир.

        

Судларнинг шаффофлиги ва очиқлиги

 

Сўнгги йилларда судларнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш йўлида муҳим қадамлар қўйилди. Жамоатчилик ва матбуот учун эшиклар кенг очилди.

Илгари оммавий ахборот воситалари, интернет нашрлари ва кенг жамоатчилик вакиллари судга киритилмаган. Эндиликда уларнинг судларда эмин-эркин иштирок этиши таъминланмоқда.

Бу борада Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги фармонида белгиланган вазифалар ижроси доирасида:

  • судларнинг фаолияти юзасидан турли брифинг, матбуот анжумани ва учрашувлар ўтказиш;
  • жамоатчилик эътиборига тушган ишлар судларда кўрилишида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокини таъминлаш;
  • суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, суд фаолиятига дахлдор ахборотлар, воқеликлар, турли маълумотларни онлайн режимда жойлаштириш;
  • телеграм-бот каналлар очиб, унда аҳолига суд фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан тушунтиришлар бериш орқали аҳолининг судларга мурожаат қилиш имкониятлари кенгайтирилди.

Айни йўналишда Олий суд Пленумининг “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Шу асосда қабул қилинган суд ҳужжати ўқиб эшиттирилганидан сўнг унинг мазмун-моҳиятини суд процесси иштирокчиларига тушунтирилиши амалиёти жорий этилди. Судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш, суд ишларини апелляция ва кассация тартибида кўриб чиқиш амалиёти обзорларини эълон қилиш йўлга қўйилди.

2021 йилда Олий суд томонидан 15 та матбуот анжумани ташкил этилган бўлса, вилоят судлари томонидан 51 та брифинг ўтказилган. Оммавий ахборот воситаларида йил давомида 15 минг 128 та ҳуқуқий тушунтириш ва судлар фаолиятига оид материаллар бериб борилган.

 

Судлар фаолиятини рақамлаштириш ва “Электрон одил судлов”

 

Мамлакатимиз ҳаётининг бошқа соҳалари каби суд тизими фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва бу соҳани изчил ривожлантириш жуда зарур. Бу, жумладан, фуқароларнинг судга мурожаат қилиш имкониятлари кенгайишида жуда қўл келади.

Давлатимиз раҳбарининг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан фуқароларнинг судларга мурожаат қилиш ва суд мажлисида иштирок этиш соҳасида одил судловга эришиш даражаси янада қулайлаштирилди. Шу мақсадда:

биринчидан, фуқаро ва тадбиркорлар масофадан туриб судларга электрон шаклда мурожаат қилиш ва суд ҳужжатларини шу тартибда олиш;

иккинчидан, фуқарони овора қилмаган ҳолда судья томонидан ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш орқали иш учун зарур ҳужжатларни онлайн тарзда олиш;

учинчидан, дунёнинг исталган нуқтасидан туриб суд мажлисида мобил видеоконференцалоқа тизими орқали иштирок этиш;

тўртинчидан, суд қарорларини иштирокчиларга инсон омилисиз онлайн тақдим этиш;

бешинчидан, фуқаро судларда ишларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб боришига шароит яратиш;

олтинчидан, Олий суднинг Интерактив хизматлар портали орқали фуқаро суд биносига ташриф буюрмасдан туриб низосини масофадан ҳал қила олишига тааллуқли муҳим тартиблар жорий этилди.

Бу ўринда 2018 йилда “E-XSUD” ягона марказлаштирилган ахборот тизими жорий этилганини алоҳида қайд этиш зарур. Чунки бунинг натижасида: ишларни ўз вақтида кўрилиши устидан онлайн мониторинг қилиш; судларда иш юритишни тўлиқ электронлаштириш;  иш юритиш самарадорлиги ва тезкорлигини ошириш; маълумотларни тизимлаштириш ва онлайн ҳисобини юритиш йўлга қўйилди.

2018 йил декабридан суд қарорлари Интернет тармоғида эълон қилинмоқда. Ҳозирга қадар қарийб 2 млн суд қарори шу тармоқда эълон қилинган.

2019 йил январидан Олий суднинг Интерактив хизматлар портали ишга тушди. Бу ерда 48 турдаги электрон хизмат кўрсатилмоқда.

Биргина электрон мурожаат қилиш хизматини мисол келтирадиган бўлсак, 2021 йилда жами мурожаатларнинг қарийб ярмини – 49,5 фоизини электрон мурожаатлар ташкил этади.

2019 йил майидан “Электрон тўлов тизими” жорий этилди ва у суд харажатларини онлайн тўлаш имконини бермоқда. 2021 йил октябридан суд хабарномаларини электрон тақдим этишга ўтилгани муносабати билан суд мажлиси санаси ва вақти ҳақидаги суд чақирув қоғозларини онлайн тарзда олиш мумкин бўлмоқда. Ижро варақаларини электрон шаклда ижрога юбориш тартиби татбиқ этилди.

Ишларни судьялар ўртасида автоматик тарзда тақсимлаш модули ишга туширилди. Бу, ўз навбатида, ишларни холислик, адолат ва тенглик тамойиллари асосида инсон омилисиз тақсимлашга кенг йўл очди.

Судларда ишларни электрон кўринишда шакллантиришга ўтилди. Даъво аризаси ва ариза намуналарининг электрон шакллари ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида Олий суд порталига жойланди. Натижада адвокатлик хизматлари учун сарфланадиган маблағлар тежалмоқда.

2020 йил октябрида судлар фаолиятига мобил видеоконференцалоқа тизими жорий этилди. “Видеоконференцалоқа” орқали суд иштирокчилари дунёнинг исталган нуқтасидан туриб, судда иштирок этиши мумкин.

Видеоконференцалоқа тизимининг самарадорлиги ҳақида тўхталганда, ҳозиргача 401 та суд  видеоконференцалоқа билан таъминлангани 41 минг 620 та суд мажлисини видеоконференцалоқа ёрдамида ўтказиш имконини берганини таъкидлаш даркор.

Бугунги кунда судларнинг инфратузилмаси изчил ривожлантирилиб, барча судлар оптик толали алоқа тармоғи билан қамраб олинган. Давлат ташкилотлари билан идоралараро электрон ҳамкорликни таъминлаш борасида 28 та давлат ташкилотининг 38 та ахборот тизими билан тўлиқ равишда маълумотлар алмашинуви рақамли технологияга ўтказилди.

Ўтган йили мамлакат суд тизимида “Юздан ортиқ иш кўрган судьялар” тушунчаси ҳам шаклланиб улгурди. Хусусан, жиноят ишлари бўйича судларда – жами судьяларнинг 85 фоизи, фуқаролик ишлари бўйича судларда – жами судьяларнинг 90 фоизи, иқтисодий судларда –жами судьяларнинг 38 фоизи юзтадан ортиқ ишни кўрган.

Олий судда 2001-2017 йилларда жами 4 минг 73 нафар шахсга нисбатан ишлар кўрилган. Биргина 2021 йилнинг ўзида эса бу кўрсаткич 7 минг 884 нафарга етган.

2021 йилда юқори инстанция судлари самарадор фаолият олиб борганини қуйидаги омиллар ҳам тасдиқлайди:

биринчидан, вилоятда аппеляцияда кўрилган 11 минг 300 та ишнинг 12 фоизи Олий судда кўрилган;

иккинчидан, Олий суд раҳбарияти қабулида келиб тушган аризаларнинг 60 фоизи;

учинчидан, жазони ижро этиш муассасаларидаги маҳкумлардан келган аризаларнинг 28 фоизи;,

тўртинчидан, бевосита тарафлар шикояти ва прокурор протестларининг 6 фоизи ҳам юқори инстанция судларида кўрилган.

 

Янги Ўзбекистон судьяси: “30 фоиз назария – 70 фоиз амалиёт”

 

Мамлакатимизда судьялик лавозимига номзодларни “30 фоиз назария – 70 фоиз амалиёт” тамойили бўйича тайёрлаш йўлга қўйилган. Бу ўқув дастури 4 та босқични ўзида қамрайди.

Биринчиси – дастлабки назарий тайёрлов босқичи. Икки ойга мўлжалланган ушбу босқичда судьялик лавозимига номзодларнинг ихтисослик бўйича махсус дастур асосида назарий билимлари бойитилади. Улар суд психологияси махсус курси, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, судьянинг маънавий қиёфасини шакллантириш курсларидан сабоқ олади. Амалий тайёрлов ва стажировкага юборилади.

Иккинчиси – амалий стажировка босқичи бўлиб, 9 ой давом этади. Бунда ҳар қайси ихтисосликдаги судлар бўйича судьялик лавозимига номзодлар учун алоҳида стажировка дастурлари ишлаб чиқилган.

Шунингдек, биринчи инстанция судида амалиёт ўташ учун 140 кунлик муддат ажратилган. Бунда судьялик лавозимига номзодлар туман судлари фаолияти билан танишади. Қолаверса, “E-XSUD” ягона марказлаштирилган ахборот тизими ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларида ишлаш, суд мажлисларида иштирок этиш, суд ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш, ариза ва шикоятларни расмийлаштириш ишларини ўрганади.

Бундан ташқари, судьялик лавозимига номзодлар апелляция инстанциясида амалиёт ўташ учун 40 кун муддатга вилоят судига юборилади. Бу ерда улар суд ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш, суд мажлисларини ўтказиш, сайёр судларда иштирок этиш, шикоятни ўрганиш кўникмасига эга бўлиши талаб этилади.

Учинчиси – якунловчи назарий ўқитиш босқичи. Бу босқич учун бир ой ажратилган бўлиб, судьялик лавозимига номзодлар ўқиш жараёнида ҳар бир мавзуга индивидуал ёндашиш,  суд амалиётида учрайдиган муаммоли масалаларга ечим топиш, Олий суд Пленуми ва Раёсати қарорларини таҳлил қилиш, қонунчиликдаги янгиликларнинг моҳиятини етказиш ҳамда касбий кўникма ва қобилиятларини такомиллаштириш билан машғул бўлади.  

Тўртинчиси – судьялик лавозимига тайинланган кадрларнинг профессионал кўникмаларини шакллантириш босқичи. Ушбу босқич учун уч ой муддат белгиланган. Бу даврда суд тизимида коррупцияга қарши кураш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, ишларни таҳлил қилиш кўникмаларини шакллантиришга эътибор қаратилади. Шунингдек, психология, этика ва нутқ маданияти, дипломатия ва маъмуриятчилик соҳалари бўйича тайёргарликдан ўтилади.

Шунингдек, жойларда судьялик лавозимига номзодларнинг шахсий ва касбий фазилатларини ўрганиш учун жамоатчилик комиссиялари ташкил этилган.

 

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари: муаммо ва истиқболлар

 

Суд ва судьялар фаолиятида ечимини кутаётган бир қатор муаммолар мавжуд ва уларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Биринчи муаммо – судьяларнинг ўзини ўзи бошқаришига тааллуқли.

Биринчидан, “Судьялар ҳамжамияти тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш лозим. Қонун асосида аввало судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тартиби ва шакллари жорий қилиниши керак. Қонунда, жумладан, Судьялар съезди, конференцияси, кенгаши, умумий йиғилиши, малака ҳайъати ҳақидаги нормалар ўз аксини топгани маъқул.

Иккинчидан, Судьялар олий кенгаши таркибини шакллантиришнинг мутлақо янги тартибини жорий этиш керак. Натижада Судьялар олий кенгаши ҳақиқий судьялар ҳамжамияти органига айланади. Энг муҳими, Кенгаш аъзоларини Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Сенати ва Судьялар съезди томонидан тайинлаш ҳамда сайлаш тартиби жорий этилиши мақсадга мувофиқ.

Учинчидан, кўп таркибли туман (туманлараро, шаҳар) судининг раиси ва ўринбосарларини шу суд судьялари томонидан сайлаш тартибини амалиётга киритиш даркор. Бундай янгича тартиб, бир томондан, судьяларнинг мустақиллигини таъминлашга, иккинчи томондан эса, судьяларга турли хил тазйиқлар ўтказишнинг олдини олишга хизмат қилади.

Бунда бир ва икки таркибли судлар раисларини Судьялар олий кенгаши томонидан тайинлаш тартиби сақлаб қолингани мақбул, албатта. Бу янгиланишларнинг барчаси, ўз навбатида, халқаро рейтингларда мамлакатимиз ўрни янада кўтарилишига олиб келади.

Иккинчи муаммо – ҳозирга қадар юртимизда суд-ҳуқуқ йўналиши бўйича ихтисослашган оммавий ахборот воситалари вакиллари етишмайди. Шунинг учун Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида суд-ҳуқуқ йўналиши бўйича махсус “Юридик журналистика” кафедрасини ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга.

Бундай кафедранинг фаолияти йўл қўйилгач,  оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга доир маълумотларни аҳолига малакали тарзда етказиш имконияти туғилади. Шу билан бирга, журналистларнинг ушбу соҳадаги кўникмасини оширишга йўл очилади.

Учинчи муаммо – “E-XSUD” ягона марказлаштирилган ахборот тизимини такомиллаштириш заруратидир. Давр талабидан келиб чиққан ҳолда, ҳозирги кунда: фуқаро ва тадбиркорларга интерактив хизматлар кўрсатиш доирасини кенгайтириш; судларга электрон мурожаат ва суд ҳужжатларини электрон юбориш тартибини соддалаштириш; маълумотларни рақамлаштириш орқали инсон омилини 70 фоизгача чеклаш; суд ахборот тизимларини ягона платформага бирлаштириш; маълумотлар алмашинувини интеграциявий платформалар орқали амалга ошириш; суд ҳужжатларини автоматик тарзда шакллантириш; электрон архивни жорий этиш талаб этилмоқда.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси Ҳаракатлар стратегиясининг узвий давомидир. Унда бугунги глобал ўзгаришлар, аҳоли турмуш тарзи, ҳаёт талаби ва қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда еттита устувор йўналишдаги мақсад ва вазифалар белгиланган.

      Тараққиёт стратегияси 100 та устувор мақсадни ўзида мужассам этган бўлса, шундан суд ислоҳотлари билан боғлиқ бандлар бевосита иккинчи йўналиш доирасида белгиланган.

Хусусан, Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш” номли 15-мақсадга эришиш учун қуйидаги вазифаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда:

  • маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтириш;
  • “Хабеас корпус” институтини янада ривожлантириш орқали тергов устидан суд назоратини кучайтириш;
  • суд процессида томонларнинг ҳақиқий тенглик ва тортишув тамойилларини рўёбга чиқариш;
  • судлар тизимида “ягона дарча” тамойилини кенг жорий этиш мақсадида аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъий назар қабул қилиш ва ваколатли судга юбориш ҳамда муайян иш доирасида барча ҳуқуқий оқибатларни ҳал қилишни таъминлаш тизимини жорий этиш;
  • суд тизимини босқичма-босқич рақамлаштириш, бюрократик ғов ва тўсиқларни бартараф этиш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини тубдан ошириш;
  • низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларидан кенг фойдаланиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш, ярашув институтини қўллаш доирасини янада кенгайтириш;
  • суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашда судьялар ҳамжамияти органларининг ролини янада ошириш, судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини кенг жорий этиш ҳамда судьяларга ғайриқонуний тарзда таъсир ўтказишнинг олдини олиш бўйича таъсирчан механизмларни яратиш;
  • судьялар корпусини шакллантиришда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, суд тизимидаги раҳбарлик лавозимларига тайинлашда сайланиш ва ҳисобдорлик каби демократик тамойилларни жорий этиш;
  • Суд тизимини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш ишларини олиб бориш.

Ушбу вазифалар ҳаётимизга татбиқ этилиши натижасида мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қиладиган “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғояси амалга ошади ҳамда “Инсон қадри учун” деган устувор тамойил тўлақонли рўёбга чиқарилади. Жумладан, бунда суд тизимининг роли ва масъулияти янада кучаяди.

 

Акмал Саидов,

академик

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech