СУВ – ҲАЁТ МАНБАИ

Олимлар сайёрамиздаги илк тирик мавжудотлар сувда пайдо бўлганини таъкидлашади. Миллион йиллардан буён сув тириклик эволюциясига ҳам, Ер сайёрасининг географик шаклию, иқлим ўзгаришларига ҳам беқиёс таъсир кўрсатиб келмоқда. Сувсиз ҳаёт йўқ. Уни инсоният кўз қорачиғидек асрашга мажбур.

Сайёрамиздаги тоза ичимлик суви захирасини асраш, ундан оқилона фойдаланиш, саноат ва ишлаб чиқариш жараёнини табиатга зарар етказмайдиган тарзда “экологик тоза” инновацион услублар билан йўлга қўйиш ва турли таълим усулларидан фойдаланиб, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш каби долзарб муаммоларга инсоният эътиборини қаратиш мақсадида ҳар йили 22-март – Бутунжаҳон сув захираси куни сифатида дунёнинг деярли барча давлатларида нишонланади.

“Бутунжаҳон сув захираси куни”ни нишонлаш таклифи дастлаб 1992 йилда БМТнинг “Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва ривожланиш” мавзуидаги халқаро конференциясида илгари сурилган. 1993 йил 22 февралда эса БМТ Бош Ассамблеясининг бу ҳақдаги махсус резолюцияси қабул қилинган.

Резолюцияда барча ижтимоий-иқтисодий фаолият сув ва унинг сифатига сезиларли даражада боғлиқ бўлгани ҳолда, ушбу масалага етарлича эътибор қаратилмаётгани, аҳоли сонининг ўсиши, шунингдек, кўплаб давлатларда иқтисодий фаолиятнинг кенгайиши натижасида исрофгарчиликка йўл қўйилаётгани, сув захираларини асрашга, ундан тежамкорлик билан фойдаланишга жамиятни маҳаллий, миллий, минтақавий ва халқаро даражада огоҳликка чақириш зарурати вужудга келгани қайд этилган.

Шундан сўнг ҳар йили 22-мартда сувнинг аҳамияти ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича дунё миқёсида турли тадбирлар ўтказиш йўлга қўйилди. Тадбирлар ҳар йили муайян долзарб мавзуга бағишланади. 2014 йилда “Сув ва энергия”, 2015 йилда “Сув ва барқарор ривожланиш”, 2016 йилда “Сув захираси ва аҳоли бандлиги”, 2017 йилда “Нима учун оқова сувлар?”, 2018 йилда “Табиат ва сув”, 2019 йилда “Ҳеч кимни орқада қолдирмаслик” мавзуларида кенг кўламли анжуманлар ўтказилган бўлса,  жорий 2020 йил учун БМТ томонидан “Сув ва иқлим ўзгаришлари” мавзуси танланди.

Албатта, учдан икки қисми сувдан иборат сайёрамизда глобал исиш, “иссиқхона эффекти”, чўлланиш каби иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда сувнинг аҳамиятини ва таъсирини четлаб ўтиб бўлмайди. Иқлим ўзгаришига доир муаммоларнинг келиб чиқиши сувнинг ифлосланиши ва шўрланиш даражаси билан чамбарчас боғлиқ. Бир сўз билан айтганда, сув сайёрамиздаги иқлим барқарорлигини белгилаб беради.

Таъкидлаш ўринлики, сайёрамиз экотизимида беқиёс аҳамиятга эга бўлган сув захираларига инсониятнинг салбий таъсирини чеклаш орқали нафақат иқлим ўзгариши билан боғлиқ, балки бошқа кўплаб глобал муаммоларни ҳам ҳал этиш мумкин. Аммо саноат ва ишлаб чиқаришнинг кенгайиши натижасида бу салбий таъсир йилдан йилга кучаймоқда. БМТ маълумотларига кўра ҳозирги кунда деярли 80 фоиз оқова сувлар тозаланмасдан дарё ва денгизларга, ҳатто чучук сув ҳавзаларига оқизилмоқда.

Бу эса шундоқ ҳам чекланган чучук сув захирасининг янада қисқаришига олиб келмоқда.

Бугунги кунда дунё аҳолисининг 29 фоизи тоза ичимлик суви етишмаслигидан азият чекаётганини, ҳар куни мингга яқин болалар тоза ичимлик суви истеъмол қилмаслик ва ёмон санитар-гигиеник шароитларда яшаш натижасида вафот этаётганини кўз олдимизга келтирсак, олдимизда турган муаммонинг кўламини янада теранроқ англаймиз.

Сув ҳавзаларига етказилган салбий таъсир натижасида бутун экологик тизим издан чиқишини Орол денгизи фожиаси мисолида ҳам кўришимиз мумкин. XX асрнинг биринчи ярмида майдони деярли 68 минг , сув ҳажми 1000 дан ортиқ бўлган улкан денгиз майдони қишлоқ хўжалиги учун янги ерларни ўзлаштириш ва тежамкорлик билан ишламайдиган гидротехника воситалари туфайли деярли 80 фоизга қисқариб, ўрнида қум-тузли Оролқум чўли пайдо бўлди. Натижада денгиз флора ва фаунаси ҳалокатга учради, унумсиз шўр тупроқ қуруқликда яшовчи ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг қирилиб кетишига, чанг-тузли бўронлар эса атмосферанинг ифлосланишига олиб келди. Оролбўйи минтақасининг саноат, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик каби иқтисодий тармоқлари катта талофат кўрди. Минтақа аҳолисининг саломатлигига жиддий хавф туғилди. Маълумотларга кўра ҳар йили 15 – 75 млн тонна туз, кимёвий ўғитлар ва заҳарли моддалардан иборат чанг атмосферага кўтарилади. Бунинг таъсирида минтақада атмосферанинг ифлосланиши 3 маротаба, ҳаводаги ўртача чанг миқдори 6-7 маротаба ортди. Аҳоли орасида сил билан касалланиш даражаси жуда юқори.

Ҳозирда мамлакатимизда Орол денгизи фожиаси оқибатларини бартараф этиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, чанг бўронлари муаммосини ҳал қилиш учун Орол денгизи ўрнидаги 1 млн гектар майдонга 2030 йилга қадар тузга чидамли дарахт кўчатларини экиш ишлари режа асосида олиб борилмоқда.

Мухтасар айтганда, бугун атрофимизда рўй бераётган сув билан боғлиқ экологик муаммолар барчамиз учун огоҳлик қўнғироғи ҳисобланади. Бундан ҳар биримиз тегишли хулоса чиқариб, сувни тежаш ва исроф қилмаслик тамойилини кундалик мезонимизга айлантиришимиз зарур. Зеро, глобал муаммолар, аслида, кичик эътиборсизликлардан келиб чиқишини унутмайлик. Бугун бизга ҳаёт ва завқ улашаётган тоза ичимлик сувидан келажак авлод ҳам биздек баҳра олишга ҳақли.

 

Азизбек Рамазонов,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали катта муҳаррири

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech