1999 йилда Венгрия пойтахти Будапештда бўлиб ўтган халқаро илмий конференция иштирокчилари Бутунжаҳон илм-фан куни байрамини жорий қилиш ҳақидаги таклифни ЮНЕСКОга йўллаган эди. ЮНЕСКО 2001 йилда ушбу таклифни маъқуллади ва 10 ноябрь санасини Бутунжаҳон илм-фан куни деб расман тасдиқлади. Ушбу сана 2002 йилдан буён халқаро байрам сифатида нишонланиб келинмоқда. ЮНЕСКОнинг расман 31C/20 рақамли резолюциясига кўра бу байрамнинг тўлиқ номи «Тинчлик ва тараққиёт учун бутунжаҳон илм-фан куни» деб қайд этилган.
Ушбу кун халқаро ҳамжамиятга инсон ҳаёти фаровонлиги учун тинчлик ва тараққиёт сари илм-фан ютуқларидан фойдаланиш зарурлиги ҳақида эслатиш учун ҳамда илм-фан аҳамиятини жамиятга хизмат қилувчи омил сифатида оммалаштиришга хизмат қилади.
10 ноябрни «Тинчлик ва тараққиёт учун бутунжаҳон илм-фан куни» деб эълон қилар экан, ЮНЕСКО бу байрамни жорий этишдан асосий мақсад сифатида қуйидаги тўрт устувор йўналишни белгилаб берган:
- жамият тараққиёти ва тинчлиги йўлида илм-фаннинг нечоғлик аҳамиятли эканлигини кенг жамоатчиликка етказиш;
- илм-фан ютуқларидан умумий фойдаланиш борасида турли мамлакатлар орасидаги халқаро ва миллий бирдамлик ва ҳамфикрликни қўллаб-қувватлаш;
- илм-фан ютуқларини жамият манфаатлари учун йўналтириш борасида миллий ва халқаро қатъиятга янги куч бағишлаш;
- илм-фан йўлига тўғаноқ бўлаётган муаммоларга жамият эътиборини жалб этиш ва илмий фаолиятни қўллаб-қувватлаш.
Илм-фан бутун дунё ҳаётида энг катта ва муҳим аҳамият касб этадиган соҳадир. Инсон ҳаётини яхшилашга хизмат қилувчи янги технологик ютуқлардан тортиб башарият қаршисида турган глобал муаммоларни ҳал қилишгача бўлган масалаларнинг ҳаммаси фақат илм орқали ечилади. Бутунжаҳон илм-фан куни – илм-фаннинг жамият ҳаётида нечоғлик юксак аҳамиятли соҳа эканини одамларга тушунтириш ҳамда кишилар онгида илмга нисбатан рағбат уйғотиш мақсадларини кўзлагани билан аҳамиятлидир. Байрам баҳонасида оддий одамларнинг ҳам илмий масалаларга бўлган қизиқишини ошириш, долзарб илмий масалалар муҳокамасида, айниқса уларнинг одамзот турмушига кўрсатадиган маънавий таъсирини баҳолашда жамиятни фаол иштирок этишга чақириш ҳам мақсад қилинган.
Ўзбекистон изчил ривожланаётган, демократик, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва тамойилларига содиқ, тинчлик, инсонпарварлик, маърифатпарварлик, бағрикенглик ҳамда давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ҳамкорлик ғояларини фаол тарғиб қилувчи давлат сифатида дунёда кенг эътироф этилмоқда.
Илм-фанда йўналишлар жуда кўп. Илмий ютуқлар эвазига дунё тобора ривожланмоқда. Тинчлик ва тараққиёт сари Бутунжаҳон илм-фан куни биз учун илм-фаннинг ҳаётимизда тутган ўрни ҳақида яна бир бор фикр юритишимиз учун имкониятдир. 2016 йилда илм-фанни оммалаштиришда илмий марказлар ва музейларнинг муҳим аҳамиятини таъкидлаш лозим.
Жамият ҳаётида барчанинг иштироки демократиянинг асосий тамойили ва мамлакат фуқароларининг салоҳиятини оширишда зарур бўлган омилдир. Илм-фанни оммалаштириш фуқароларни жамият ҳаётига жалб этишда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, илмий марказлар ва музейлар нафақат илмий ютуқлар ҳақида маълумот берувчи манбалардир. Улар орқали одамларда атрофимиздаги ҳаёт ҳақида янада чуқурроқ тасаввурга эга бўлиш имконияти пайдо бўлади. Музей ёки илмий марказлар бизни билимлар билан бойитади, ижодий фикрлаш қобилиятини ривожлантиради. Илмий марказ ва музейлардаги экскурсиялар ўқув дастурларга ажойиб қўшимча бўла олади, ёшларда илм-фанга бўлган қизиқишни кучайтиради, илмий прогресс ҳақидаги ёлғон тушунчалардан ҳалос бўлишга ёрдам беради.
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали
Бош мутахассиси Холиқулов Лазизбек
Фото: Google Photos
- Қўшилди: 27.10.2020
- Кўришлар:
- Чоп этиш