Мамлакатимиз кенг жамоатчилиги томонидан Президентимизнинг “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони лойиҳаси қизғин муҳокама қилиниб, уни янада такомиллаштириш ва тарғиб қилиш бўйича таклифлар билдирилмоқда.
Мазкур ҳужжат асосида, биринчидан, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси, иккинчидан, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”, учинчидан, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини амалга ошириш бўйича миллий комиссия таркибини тасдиқлаш кўзда тутилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида ушбу муҳим ҳужжат лойиҳалари муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.
Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари
Акмал САИДОВ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори:
– Авваламбор, лойиҳаси муҳокама қилинаётган асосий тарихий ҳужжатнинг номи – “Янги Ўзбекистон таррақиёт стратегияси” дейилади. Президентимиз инаугурация нутқида қайд этганидек, ўтган сайлов давомида давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон стратегияси” номли янги китоби биринчи навбатда Тадбиркорлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси электорати ўртасида ўзига хос умумхалқ муҳокамасидан ўтказилди.
Янги Ўзбекистон стратегиясида 2017 йил февралида Президентимизнинг Фармони билан тасдиқланиб, 5 йил давомида ҳаётга изчил татбиқ этилган Ҳаракатлар стратегияси доирасида эришилган ютуқлар, хусусан, асосий натижаларга оид далил ва рақамлар ҳам келтирилган.
Битта рақамга эътибор қаратайлик: Ҳаракатлар стратегиясини ижро этиш учун 300 дан ортиқ қонун ва кодекс, Президентимизнинг 4 мингдан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинган. Шу тариқа Ҳаракатлар стратегияси якунига келиб, Янги Ўзбекистон пойдеворининг ҳуқуқий асослари яратилди.
Янги ҳужжат – Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси энди Янги Ўзбекистоннинг пойдеворини тиклаш ва биносини қуришга қаратилган. Бу буюк бунёдкорлик жараёни 2026 йилгача бўлган даврни қамраб олади ва йилма-йил амалга ошириб борилади.
Конституциявий ислоҳотлар – давлат ва жамият тараққиёти талаби
Мирзатилла ТИЛЛАБОЕВ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари:
– Маълумки, Ҳаракатлар стратегияси доирасида Асосий қонунимизга сўнги 5 йилда 9 маротаба, 21 моддага 32 та ўзгартириш киритилган. Конституциямизнинг 128 та моддасининг учдан бир қисми, яъни 37 та моддаси 79 та ўзгартириш ҳисобига имкон қадар янгиланган. Энг кўп ўзгартиришлар Олий Мажлис, Президент ва Ҳукумат ваколатларига оид моддаларга тааллуқлидир.
Ҳуқуқий давлатда Конституция билан жамоатчилик ривожланишида узилиш бўлмаслиги керак. Бу умумэътироф этилган қоидадир. Дунё мамлакатлари ривожланиши тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, албатта, давлат тараққиёти билан узвий равишда конституциявий қонунчилик ҳам муттасил такомиллашиб боради.
Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги янги босқичида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш кўп жиҳатдан конституциявий асосларни мустаҳкамлаш, давлат бошқаруви соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш билан узвий боғлиқдир.
Сўнги йилларда Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш масаласи энг устувор йўналишга айланди. Буни қабул қилинаётган қонунлар, суд мустақиллигини таъминлаш бўйича ислоҳотлар самараларида ҳам яққол кўриш мумкин.
Энг асосийси, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат бартараф этилди. Халқаро ва миллий ҳамкорлар билан пахта йиғим-терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторинг тизими яратилди. Буни жаҳон ҳамжамияти тан олмоқда.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш конституциявий ислоҳотларнинг ажралмас қисми бўлиб, бир қатор давлатлар Конституциялари Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий шартномалар нормалари талабларини ўзига сингдирган.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали тизимини мустаҳкамлаш мақсадида Конституциямизда болалар меҳнатига барҳам бериш, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларини мустаҳкамлаб қўйиш, шунингдек инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, хусусан, Инсон ҳуқуқлари миллий марказ, парламент Омбудсмани, Болалар омбудсмани, Бизнес-омбудсман мақоми ва ваколатлари тўғрисидаги қоидалар ўз аксини топиши керак.
Тараққиёт стратегияси лойиҳасининг 19-мақсади – адвокатура институтининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг малакали ҳуқуқий хизматларга бўлган талабини тўлиқ қондиришдан иборат. Бунда:
адвокатура институтини тўлақонли ўз-ўзини бошқариш тизимига ўтказиш, Адвокатлар палатаси бошқарув органларининг адвокатлар ҳамжамияти олдидаги ҳисобдорлигини кучайтириш, тизимга ёш малакали кадрларни жалб қилиш;
адвокатлар малакасини ошириш тизимининг замонавий ва самарали механизмлари ва институционал асосларини шакллантириш;
адвокатлик фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш орқали ортиқча бюрократия ва қоғозбозликка чек қўйиш, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари билан электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш;
бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш, нотариат ва фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органларининг хизматларидан оворагарчиликсиз, шу жумладан масофадан туриб ва “ягона дарча” тамойили асосида фойдаланишни таъминлаш кўзда тутилмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат: Лойиҳанинг 90-мақсадида БМТ органлари ва институтлари, глобал ва минтақавий иқтисодий, молиявий ва гуманитар ташкилотлардаги фаолиятни кучайтириш ҳақида сўз боради.
Яъни, Ўзбекистонни БМТ тузилмалари орқали дунё ҳамжамиятига кенг танитиш; Ўзбекистон раҳбариятининг БМТ доирасидаги ташаббусларини амалга оширишни таъминлаш; БМТ ва унинг муассасалари билан иқтисодий-молиявий ва консультатив ҳамкорликни ривожлантириш бунда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари билан маданий-гуманитар ҳамкорликни жадаллаштириш; БМТнинг “Инсон ҳуқуқлари йўлида ҳаракатга даъват” ташаббусини илгари суриш учун барча шериклар билан яқин ҳамкорликни давом эттириш истиқболлари кўрсатиб берилмоқда.
Истиқболдаги стратегик қадамлар
Дилноза МУРАТОВА, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг ўринбосари:
– Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси лойиҳасида кучли демократик давлат ва очиқ фуқаролик жамияти барпо этиш бўйича мамлакатимиз олдида турган истиқболдаги стратегик қадамлар белгилаб берилган.
Ўтган беш йилда амалга оширилган Ҳаракатлар стратегияси натижаларининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон кўплаб соҳаларда, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳам ўз тараққиётининг "янги даври"га кириб бормоқда.
Айниқса, Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланиши, Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббуслар асосида БМТ Бош Ассамблеяси ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши тегишли резолюцияларининг қабул қилиниши – буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият олдида турган муаммоларни ҳал этишга бўлган ёндашуви халқаро ҳамжамият ва кўплаб давлатлар томонидан қўллаб-қувватланаётганидан далолат беради.
Ўз навбатида, келгуси беш йилга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тарраққиёт стратегиясини амалга оширишда синовдан ўтган йўлдан, яъни изчилликка амал қилиш йўлидан борилаётгани алоҳида эътиборга лойиқ. Мен бу ўринда Президент Фармони лойиҳасида Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаш ҳам кўзда тутилгани муҳимлигини айтмоқчиман.
Жорий йилда амалга ошириш белгиланган мазкур “Йўл харитаси” ўзида 407 та банддан иборат кенг қамровли чора-тадбирларни мужассам этган. Хусусан, 46-бандда қийноқларнинг олдини олиш бўйича превентив механизмларни такомиллаштириш ҳақида сўз боради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ушбу вазифанинг асосий ижрочиларидан биридир. Шунинг учун айни масаланинг мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиш мақсадга мувофиқ.
Бунда, биринчидан, қийноқларнинг олдини олиш бўйича тегишли халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш масаласини кўриб чиқиш тақозо этилади. Иккинчидан, қийноқларнинг олдини олиш бўйича превентив миллий механизмнинг қонуний асосларини ривожлантириш керак бўлади.
Ҳамкор ташкилотлар билан ҳар икки масала бўйича ҳам ўзаро ҳамжиҳатликда иш олиб борамиз. Бунинг учун зарур имконият, салоҳият ва тажрибамиз етарли.
Мазкур “Йўл харитаси”, умуман, Тараққиёт стратегиясининг тасдиқланиши ва муваффақиятли амалга оширилиши Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ҳамда эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали инсон қадрини улуғлашга қаратилган улкан мақсад ва вазифаларимизга эришиш имконини беради.
Сўз эркинлиги ва таъсирчан жамоатчилик назорати
Ғулом МИРЗАЕВ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг матбуот котиби:
– Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси лойиҳасида жами 94 та мақсаднинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти аниқ баён этилган. Хусусан, 12-мақсад “Таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш” деб номланган.
Ушбу мақсад фаолиятим доирасига бевосита боғлиқ масалалар бўйича истиқболдаги вазифаларни ўзида қамраб олган. Шунинг учун бу ҳақда мухтасар фикр юритаман.
Оммавий ахборот воситаларининг роли ва журналистларнинг касбий фаолияти ҳимоясини янада кучайтириш, одамларни қийнаётган муаммолар ҳамда ислоҳотларнинг ижроси аҳволини ўрганишда ижод аҳли меҳнатидан самарали фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, юртимизда таъсирчан жамотчилик назоратини ўрнатишга хизмат қилади.
Бу ҳақда сўз юритишдан аввал, Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси» мамлакат ҳаётининг бошқа соҳалари қатори жамиятда сўз, фикр, ахборот эркинлигини янада таъминлаш йўналишини ривожлантиришнинг мутлақо янги босқичини бошлаб берганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ҳаракатлар стратегияси доирасида юртимизда оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасидаги ўрни ва аҳамияти қонунчилик негизида тубдан кучайтирилганди. Тараққиёт стратегиясида ана шу ташкилий-ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш кўзда тутилгани янги давр талабидир.
Шу нуқтаи назардан, Тараққиёт стратегияси лойиҳасининг 83-мақсади “Фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш” деб аталгани ҳамда унда бир қатор муҳим вазифалар кўзда тутилгани ҳам катта ҳамиятга эга.
Авваламбор, бу ўринда ахборот соҳасини тартибга солишга қаратилган мавжуд қонунлар Ўзбекистон Республикаси Ахборот кодекси шаклида унификация қилиниши ҳақида сўз бормоқда. Шунингдек, фуқароларнинг ахборот коммуникация воситаларидан фойдаланиш маданияти оширилади.
Турли ёш тоифаси учун мўлжалланган ўқув курслари ҳамда онлайн дастурлар оммалаштирилади. Халқ таълими ва профессионал таълим тизимининг тегишли дарсликларига медиа саводхонлик бўйича мавзулар жорий қилинади.
Шахсий ва сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни интернет тармоғида ошкор қилиш билан боғлиқ дахлсизлик ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш ҳам кўзда тутилган. Бунда Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг дахлсизлик ҳуқуқлари билан боғлиқ моддаларига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси тайёрланади.
Бинобарин, ахборот ва матбуот эркинлиги, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши, давлат идоралари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги Янги Ўзбекистоннинг сифат кўрсаткичларидан бирига айланиб бормоқда. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, оммавий ахборот воситаларидан ҳам ижтимоий масъулиятни англашни тақозо этади.
Ижтимоий масъулият – жуда муҳим мезон. Бу оммавий ахборот воситларининг, ҳар бир журналистнинг оммага тақдим этаётган ахборотга нисбатан жавобгарлиги, ахборотнинг холис, ҳаққоний ва ишончли бўлишига масъуллигидир.
Адолат ва қонун устуворлиги
Отабек НОРБОЕВ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи:
– Фармон лойиҳаси ва шу асосда тасдиқланадиган бошқа муҳим ҳужжатлар билан устувор йўналишлардан бири сифатида мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш белгилаб қўйилгани алоҳида эътиборни тортади.
Ушбу йўналиш бўйича мулкий ҳуқуқларнинг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувни чеклаш;
қонун устуворлиги ва конституциявий қонунийликни таъминлаш ҳамда инсон қадрини ушбу жараённинг бош мезони сифатида белгилаш;
давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш;
жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишнинг самарали тизимини яратиш;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг янги қиёфасини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини халқ манфаатлари, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилишга йўналтириш;
суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижросини таъминлаш;
адвокатура институтининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг малакали ҳуқуқий хизматларга бўлган талабини тўлиқ қондириш;
фаол фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳамда фуқаролар ўртасида қонунга ҳурмат ва итоат қилиш ҳиссини шакллантириш каби бажарилиши зарур бўлган устувор вазифалар белгилаб берилаяпти.
Гўзал НАЗАРОВА, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи:
– Энг асосийси, мазкур ҳужжатлар лойиҳаларида халқимизни бугунги кунда қийнаб келаётган масалалар:
қонунларнинг амалиётда қўлланиши, Конституция ва қонунларнинг устунлиги принципи;
коррупцияга қарши кураш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш;
барча давлат органлари каби ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг асосий фаолиятини халқ манфаатини ҳимоя қилишга қаратиш;
бажарилиши мажбурий бўлган суд ҳужжатлари ижросини тўлиқ таъминлаш;
инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлашда суд ва адвокатура институтининг ролини янада кучайтириш;
қонун устуворлигига эришиш учун ҳамда мамлакатимизни адолатли, демократик давлатга айлантиришда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг қонунларни ҳурмат қилишлари ва оғишмай амал қилишларини таъминлаш;
ҳар бир қабул қилинаётган ва кундалик ҳаётда қўлланилиши мумкин бўлган қонун ҳужжатини аҳолига оддий тилда етказиш бўйича ишлар етарли даражада эмаслигидан келиб чиққан ҳолда белгилаб берилаётгани бежиз эмас.
Биргина мисол: судларнинг чинакам мустақиллигини, адвокатура институтининг ҳуқуқни қўлловчи бошқа органлар билан тенглигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш ва бошқа бир қатор масалалар Ҳаракатлар стратегиясида ҳам кун тартибига қўйилган эди. Ушбу масалалар Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ҳам белгилангани улар ҳали ҳам ўз долзарблигини йўқотмаганини, демакки бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар кўлами кенглигини кўрсатади.
Янги Ўзбекистон қурилишида ҳал қилувчи давр
Комила ОЛИМОВА, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Ахборот-ресурс мультимедиа бўлими бошлиғи:
– Ҳақиқатан ҳам, Фармон лойиҳаси ва шу асосда тасдиқланадиган бошқа муҳим ҳужжатларга киритилган масалаларнинг аксарияти мамлакатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида ва сайловолди дастурида илгари сурилган.
Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатда Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини кучайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган.
Шу сабабли Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси лойиҳасида мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш бўйича бир қатор амалий чора-тадбирлар кўзда тутилгани эътиборга сазовор.
Ўткир ОЧИЛОВ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳалқаро шартномалар имплементацияси бўлими бошлиғи:
– Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси лойиҳаси негизида бир қанча янги дастурлар, янги концепциялар, янги қонун ҳужжатлари қабул қилиниши назарда тутилмоқда. Бу билан мамлакатимизнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ривожланишининг кейинги босқичида амалга ошириладиган ислоҳотлар кенг қамраб олинмоқда.
Тараққиёт стратегияси лойиҳасининг муҳим жиҳати шундан иборатки, унда белгиланган ислоҳотлар ўзининг мазмун-моҳияти билан инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш механизмини тараққиётнинг янги босқичи талабларидан келиб чиқиб такомиллаштиришга қаратилган.
Лойиҳада аёллар, болалар, ёшлар, ногиронлиги бўлган шахслар, мигрантлар, кам таъминланганлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари манфаатлари ҳимоясига салмоқли ўрин ажратилган.
Мазкур Стратегиянинг амалга оширилиши тараққий этган ва фаровон Янги Ўзбекистон қурилишида муҳим давр бўлади.
Тараққиёт дастури: таклиф ва мулоҳазалар
Азиз РАМАЗОНОВ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази даврий нашри – “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари:
– Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ушбу муҳим ҳужжатлар лойиҳалари бўйича Миллий марказ ва журналимиз таҳририяти ходимлари ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирмоқда. Мен ҳам шу ҳақда мухтасар фикр юритмоқчиман.
Биринчидан, Фармоннинг 2.б-бандида “ногиронлиги болаликдан бўлган болаларга 18 ёшгача қаралган даврни пенсия тайинлашда иш стажига қўшиб ҳисоблаш” белгиланган.
Таклиф: Ушбу бандда болаликдан туғма ногиронлиги бўлган болалар назарда тутилган. Аммо ногиронлик бахтсиз ҳодисалар туфайли ҳаётда орттирилган бўлиши ҳам мумкин. Шуни инобатга олган ҳолда, туғма ногиронлиги бўлмаган, аммо маълум сабабларга кўра ногирон бўлиб қолган болаларга улар 18 ёшга киргунига қадар қаралган даврни ҳам пенсия тайинлашда иш стажига қўшиб ҳисоблаш таклиф этилади.
Иккинчидан, Фармоннинг 4.б-бандида ўрта таълим тизимини замон талабларига мослаштириш мақсадида кўриладиган чора-тадбирлар санаб ўтилган. Ушбу бандга яна иккита қўшимча киритиш таклиф этилади.
Биринчи қўшимча: умумтаълим мактабларида бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш ҳам ўргатилиши лозим. Мактаб битирувчилари ҳамширалик малакасини мактабда ўрганиб чиқишлари маъқул. Бу уларга бутун ҳаёт давомида фойдали бўлади.
Иккинчи қўшимча: умумтаълим мактабларида автомашиналарни бошқаришни ўргатиш йўлга қўйилиши керак. Битирувчилар мактабнинг ўзидан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб чиқишлари тавсия этилади.
Шу билан бирга, “Йўл харитаси” лойиҳасидаги 50-мақсадга қўшимча киритишни таклиф этамиз. Зеро, бугунги кунда хорижий олий таълим муасасаларида таҳсил олган ўзбекистонликлар юртимизга қайтиб, ишлашлари учун дипломни нострификациядан ўтказишлари талаб этилади.
Афсуски, нострификация имтиҳонлари фақатгина тест асосида амалга оширилади. Тестларнинг даражаси эса мураккаб. Нострификация тестидан ўтолмаган юртдошларимизда мамлакатимизда ишлаш хоҳиши пасайиб кетади ва уларнинг кўпчилиги хорижий давлатлардан иш топишга ўтади.
Натижада жамиятимиз яхши бир мутахассисдан айрилади. Шу нуқтаи назардан, нострификация имтиҳонларини шаффофлаштириш, тест синовидан воз кечиб, имтиҳоннинг бошқа шаклига ўтиш тавсия этилади.
Ўз навбатида, “Йўл харитаси”даги 75-мақсадда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йил камида 200 миллион туп дарахт экиш вазифаси белгиланганига ҳам тўхталиб ўтмоқчимиз.
Ҳар йили 200 миллион туп дарахт экилар экан, унинг парваришига ҳам масъул ташкилот аниқ белгиланиши керак. Чунки аксарият экилган дарахтлар қаровсиз қолгани оқибатида қуриб қолаётгани бугунги кунда кузатилмоқда. Ушбу ўринда экилган дарахтларни парваришлашга мсъул ташкилот ҳам аниқ кўрсатилиши тавсия этилади.
Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси лойиҳаси муҳим концептуал ҳужжат бўлиб, мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган шиддатли, қамровдор ҳамда самарали ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади.
Энг асосийси, “Инсон қадри учун” тамойили негизида ҳаётимизнинг барча соҳаларига татбиқ этилаётган туб янгиланишлар мамлакатимиз фуқароларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари энг олий қадрият эканини амалда намоён этишда муҳим ўрин тутади.
Ғулом МИРЗО ёзиб олди.
- Қўшилди: 13.01.2022
- Кўришлар:
- Чоп этиш