Ўзбекистон тараққиётининг янги устувор йўналишлари

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Кенг жамоатчилик муҳокамаси натижасида “Инсон қадри учун” тамойилига асосан ишлаб чиқилган еттита устувор йўналишдан иборат Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.

Фармон билан устувор йўналишлардан бири сифатида мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш белгилаб қўйилгани бежиз эмас. Чунки, ушбу йўналиш бўйича:

мулкий ҳуқуқларнинг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувини чеклаш;

қонун устуворлиги ва конституциявий қонунийликни таъминлаш ҳамда инсон қадрини ушбу жараённинг бош мезони сифатида белгилаш;

давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш;

жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишнинг самарали тизимини яратиш;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг янги қиёфасини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини халқ манфаатлари, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя этишга хизмат қилишга йўналтириш;

суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижросини таъминлаш;

адвокатура институтининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг малакали ҳуқуқий хизматларга бўлган талабини тўлиқ қондириш;

фаол фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳамда фуқаролар ўртасида қонунга ҳурмат ва итоат қилиш ҳиссини шакллантириш каби бажарилиши зарур бўлган устувор вазифалар белгилаб берилди.

Ҳар бир вазифа ҳалқимизни бугунги кунда қийнаб келаётган масалалар, қонунларнинг амалиётда қўлланиши, Конституция ва қонунларнинг устунлиги принципи, коррупцияга қарши кураш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, барча давлат органлари каби ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг асосий фаолиятлари халқ манфаатини ҳимоя қилишга қаратиш, бажарилиши мажбурий бўлган суд ҳужжатлари ижросини тўлиқ таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлашда суд ва адвокатура институтининг ролини янада кучайтириш, қонун устуворлигига эришиш учун хизмат қилади.

Бунда, шунингдек, мамлакатимизни адолатли, демократик давлатга айлантиришда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг қонунларни ҳурмат қилишлари ва қонунларга оғишмай амал қилишларини таъминлаш ҳамда ҳар бир қабул қилинаётган ва кундалик ҳаётда қўлланилиши мумкин бўлган қонун ҳужжатларини оддий тилда етказиш бўйича ишлар етарли даражада эмаслигидан келиб чиқилаётгани ҳам жуда муҳим.

Айтайлик, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, адвокатура институтининг ҳуқуқни қўлловчи бошқа органлар билан тенглигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш ва бошқа бир қатор масалаларда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам вазифалар қўйилган эди.

Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида ушбу масалалар яна жой олгани уларнинг ҳали ҳам ўз долзарблигини йўқотмаганлигини  кўрсатади. Энг асосийси, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар кўлами кенг эканини англатади. 

Фармонга кўра, «Давлат — инсон учун» тамойили асосида давлат бошқаруви органларининг ҳудудий масалаларни ҳал қилишдаги масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш ҳамда уларнинг стратегик йўналишларни режалаштиришга қаратилган янги тизимини яратиш лозим. Бу борада, хусусан:

  • маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчилари ҳамда ёшлар етакчилари томонидан доимий равишда маҳаллани ўрганиш ва таҳлил қилиш натижасига кўра уларни ривожлантириш бўйича «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш;
  • барча бўғиндаги давлат бошқаруви органларининг бир йиллик иш дастурини, шу жумладан жамоатчилик иштирокида ишлаб чиқиш, уларнинг ижро ҳолатини доимий эълон қилиб бориш амалиётини жорий этиш;
  • давлат органларида мурожаатларни таҳлил қилиш, ижтимоий сўровлар ва жамоатчилик муҳокамаларини ўтказиш натижаларидан келиб чиқиб, ҳудудлар – туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла кесимида ўз тузилмаларининг фаолияти бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда эълон қилиб бориш;
  • давлат бошқаруви органлари томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг ижро этилиши жараёнини жамоатчилик томонидан кузатиб бориш, шу жумладан бу қарорларни оммавий ахборот воситаларида мунтазам эълон қилиб бориш тизимини яратиш;
  • ҳар бир тармоқ ва ҳудуд бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси юзасидан раҳбарларнинг ҳисобот бериш тизимини йўлга қўйиш ва Вазирлар Маҳкамасига айни тизимнинг самарали фаолиятини таъминлаш юзасидан қарор ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилган.

Хулоса ўрнида Янги Ўзбекистонинг Тараққиёт стратегиясида республикамизда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга жиноят ишлари билан бир қаторда, фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ҳам давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш тартиби жорий этилиши белгиланганини таъкидлаш лозим.

Бу каби имтиёзлар амалдаги қонунчилигимизда мавжуд эмас эди. Мазкур имтиёз ҳам мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий адолат сиёсатининг бир кўринишидир.

 

 

Отабек Норбоев,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech