Жаҳоннинг аксарият мамлакатларида ёзнинг илк куни болажонлар учун катта байрам ҳисобланади. Бу йил мазкур сана бутун дунёда 70-марта нишонланмоқда.
Маълумки, 1949 йилда Парижда Хотин-қизлар халқаро демократик федерациясининг конгресси бўлиб ўтган. Ушбу конгрессда болаларнинг бардамлиги ва бахт-саодатининг кафолати бўлган мустаҳкам тинчликни таъминлаш учун доимий кураш ҳақидаги чақириқ янграган. Чунки Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда сайёрамизда яшовчи барча болаларнинг соғлиги ва тинч-хотиржам ҳаётини сақлаш долзарб муаммога айланиб қолган эди.
Шу тариқа 1950 йилдан эътиборан 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида нишонлана бошлади. Бундан кўзланган мақсад болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга эътибор қаратишдир.
Жорий йилда дунё миқёсида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам мазкур муҳим халқаро санага тааллқуқли барча тадбирлар коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб вазиятни ҳисобга олган ҳолда, асосан онлайн тарзда ўтказилмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, биз ҳам мазкур санага доир миллий ва халқаро ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳақида мухтасар сўз юритишни лозим топдик. Зеро, ҳар қандай ота-она боласининг ҳуқуқлари тўла таъминланиб, жондек азиз фарзанди соғлом, зеҳнли, касб-ҳунарли ва эл-юртига содиқ бўлиб вояга етишини истайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Биз учун жамиятда бегона бола йўқ ва бўлмаслиги керак. Ҳаммаси ўзимизнинг, Ўзбекистонимизнинг болалари. Вақтида меҳр кўрсатсак, ишга, илмга, касбу ҳунарга, эзгу фазилатларга ўргатсак, уларнинг йўлини очиб берсак, эртага фойдаси ўзимизга, жамиятимизга тегади».
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида бола ҳуқуқлари мустаҳкам кафолатланган. Асосий Қонунимизнинг 45-моддасида, жумладан, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида экани белгилаб қўйилган.
Конституциянинг 64-моддасига кўра: “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради”.
Бош Қомусимизнинг 65-моддасига биноан эса: “Фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади”.
Миллий ҳуқуқий тизимимизда бола ҳуқуқларига оид қонунлар алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистонда ушбу соҳада 100 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Бу борада, айниқса, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мазкур ҳужжатда, жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг оилавий муҳит ва жамиятга интеграциялашуви, уй-жойи, ижтимоий ҳимояси ҳамда таълим олиши билан боғлиқ ҳуқуқлари кафолатланган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг 1992 йил 9 декабрда ўзбек парламенти ратификация қилган биринчи мажбурий халқаро-ҳуқуқий шартнома – Бола ҳуқуқлари конвенциясидир. Ушбу Конвенцияни жаҳон болаларининг ўзига хос халқаро Конституцияси дейиш мумкин. Бундан ташқари, Ўзбекистон бола ҳуқуқларига оид ўнга яқин халқаро шартномаларга қўшилган.
Хусусан, Ўзбекистон БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва унинг иккита Факультатив протоколи иштирокчиси сифатида мазкур ҳужжатларнинг барча қоидасига тўлиқ амал қилиб келмоқда. Ушбу Конвенция қоидалари миллий қонунчилигимизга ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари фаолиятига изчиллик билан имплементация қилинди.
Мамлакатда оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш, болаларнинг маънавий ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларини бажариш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
2019 йил 7 декабрда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун матбуотда эълон қилинди.
Мазкур Қонун болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятни таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга қаратилган. Шу асосда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга ва Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди.
Бу борада Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 22 апрелда қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этганини алоҳида таъкидлаш лозим. Хусусан, ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди.
Давлат раҳбарининг куни кеча, яъни 2020 йил 29 майда қабул қилинган "Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш ва ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятларни бажаришнинг таъсирчан тизимини яратиш мақсадига қаратилгани билан ғоят аҳамиятлидир. Ушбу қарорда:
биринчидан, Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари аниқ белгилаб берилди;
иккинчидан, Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ўз функцияларини бажариши билан боғлиқ ҳуқуқ ва ваколатлари кафолатланди;
учинчидан, бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини мониторинг қилиш мақсадида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ҳузурида Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоатчилик кенгаши ташкил этилиб, янги Кенгашнинг асосий вазифалари белгиланди;
тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан биргаликда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш тавсия этилди;
бешинчидан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонунга мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиришларни киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда белгиланган тартибда киритилишини таъминлаш вазифаси юкланди;
олтинчидан, “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилни давлат божини тўлашдан озод қилинадиган жисмоний ва юридик шахсларнинг қатъий рўйхатига қўшиш бўйича ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқиладиган бўлди;
еттинчидан, Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳолатни танқидий ўрганиш асосида мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва соҳани такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш юзасидан аниқ муддати кўрсатилган топшириқ берилди.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш йўлида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганини яна бир бор тасдиқлайди. Бу, ўз навбатида, фарзандларимизни ҳар томонлама муносиб ворислар этиб тарбиялаш нуқтаи назаридан жуда ҳам муҳим.
Зеро, Нобель мукофоти соҳиби, атоқли инглиз адиби Бернард Шоу айтганидек, «Одам мамлакат ва инсоният учун қилиши мумкин бўлган энг катта хизмат – болаларини тарбиялашидир».
Ғулом Мирзо
- Қўшилди: 01.06.2020
- Кўришлар: 5012
- Чоп этиш