11 февраль – Илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар халқаро куни

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йил 22 декабрда қабул қилинган 70/212-резолюциясига мувофиқ, 11 февраль – Илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар халқаро куни деб эълон қилинган. Шу маънода, ушбу халқаро сана жорий йилда жаҳон жамоатчилиги томонидан олтинчи марта нишонланмоқда.

 

Бугунги кунда дунё миқёсида техника факультетлари битирувчиларининг атиги 28 фоизини ҳамда компьютер ва информатика фанлари бўйича факультетлар битирувчиларининг 40 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Яъни, аёллар илм-фанда ва технологиялар соҳасида ҳам ҳалигача етарли даражадаги мавқега эга эмас.

ЮНЕСКОнинг илм-фан тўғрисидаги янги маърузасида шу ҳақда сўз боради. Ушбу маърузанинг асосий мавзуларидан бири  илм-фан соҳасидаги гендер тенглик масаласига бағишланган бўлиб, хусусан, унда "рақамли инқилоб" самараларидан аёллар ва эркаклар тенг фойдаланиши зарурлиги таъкидланган.

ЮНЕСКО Бош директори Одрэ Азуленинг қайд этишича, "Ҳатто ҳозирги кунда ҳам, ХХI асрда яшаётганимизга қарамай, илм-фан билан боғлиқ соҳаларда хотин-қизларнинг четда қолаётгани кузатилмоқда". Бинобарин, хотин-қизлар илм-фан, техника, муҳандислик ва математика соҳаларида ўзлари учун муносиб ўрин борлигини, улар илмий тараққиёт жараёнларида иштирок этиш ҳуқуқига эгалигини англаб етишлари керак.

Аммо, ҳозирча бутун жаҳонда, айниқса, саноати ривожланган мамлакатлардаги илм-фан соҳасида эркакларнинг сон жиҳатдан устунлиги одатий ҳол ҳисобланади. Хусусан, Австралияда техника университетлари битирувчиларининг 23,2 фозигина хотин-қизлардан иборат. Бу кўрсаткич Канадада – 19,7 фоиз, Францияда – 26,1 фоиз, Японияда – 14 фоиз, Корея  Республикасида – 20,1 фоиз, Швейцарияда – 16,1 фоиз ва АҚШда – 20,4 фоизни ташкил этади, холос. 

ЮНЕСКО маърузасида араб давлатларида аниқ фанлар бўйича хотин-қизларнинг таълим олиши соҳасидаги ҳолат анча яхши эканига эътибор қаратилган. Масалан, Жазоирда техника олий ўқув юртлари ва факультетлари битирувчиларининг 48,5 фоизи хотин-қизлардир. Бу борадаги кўрсаткич Марокашда – 42,2 фоиз, Ўмонда – 43,2 фоиз, Сурияда – 43,9 фоиз ва Тунисда – 44,2 фоиздан иборат экани ҳам диққатга лойиқ.

Лотин Америкаси минтақасида эса муҳандислик билан боғлиқ ихтисосликларни танлаган талаба қизлар кўпчиликни ташкил этади. Лекин йирик технология компанияларидаги раҳбарлар таркибида ҳали ҳам эркаклар миқдори кўп.

Хотин-қизлар технологияга тааллуқли соҳаларда ишласа-да, мансаб пиллапояларидан кўтарилиб боришда жиддий тўсиқларга дуч келмоқда. Масалан, кимдир ҳомиладор бўлгани учун таътилга чиқиб кетса, яна кимдир раҳбариятнинг нохолис муомала-муносабатидан азият чекади.

Кейинги йилларда корпоратив дунёда хотин-қизларга нисбатан муносабат бир қадар ўзгараётгани кузатилмоқда. Бинобарин, ишчи кучини диверсификация қилиш – даромадни оширишнинг қулай йўли эканини аксарият компаниялар етакчилари тушуниб етмоқда.

Бироқ хотин-қизларнинг илм-фан соҳасида жадал суръатларда илгарилаши йўлида ҳали-бери тўсиқлар бисёр. Шундай ғовлардан бири – зарур даражада таълим олиш имкониятининг чекланганлигидир.

ЮНЕСКО экспертларининг фикрича, хотин-қизлар рақамли иқтисодиётнинг узвий бир қисмига айланишлари даркор. Токи, Тўртинчи индустриал инқилобда гендер тенгсизлик каби номақбул анъанага ўрин қолмасин.

Илм-фан соҳасида жинсий мансублик билан боғлиқ камситишларга қарши курашнинг муҳим чораларидан бири – бу олималарга бўлган талабни ҳисобга олган ҳолда, тегишли маълумотлар базасини яратишдир. Ҳозирда ушбу маълумотлар устида ишлаётган ташкилот ўз таркибида 500 нафар олимани жамлаган. Улар, бир томондан, хотин-қизларга таълим олиш ва ишга жойлашишда кўмаклашаётган бўлса, иккинчи томондан, муайян натижага эришганларни рағбатлантириш билан изчил шуғулланмоқда.

ЮНЕСКО илм-фан соҳасида хотин-қизларнинг ўрнига доир салбий қарашларга қарши фаол курашмоқда. Жумладан, олималарга нуфузли мукофотлар тақдим этмоқда.

Шундай мукофотлардан бири – "Илм-фан соҳасидаги хотин-қизларга" деб номланади. Мазкур мукофот Л'Ореал-ЮНЕСКО Дастури томонидан таъсис этилган.

 

Шу тариқа ЮНЕСКО 23 йилдан буён олималарга турли мукофотлар топшириш ва тадқиқотчи қизлар учун стипендиялар тақдим этиш билан мунтазам шуғулланиб келмоқда.

Бу галги муҳим сана, яъни 11 февраль – Илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар халқаро куни муносабати билан ҳар бир қитъадан биттадан вакил, жами беш нафар янги совриндорга Л'Ореал-ЮНЕСКО Дастурининг "Илм-фан соҳасидаги хотин-қизларга" мукофоти топширилади.

Ғулом Мирзо

("БМТ янгиликлари" сайти ахбороти асосида тайёрланди)

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech