Бугун кундалик турмушимизда фойдаланиладиган ҳар қандай нарсанинг аниқ ўлчами, уларни ўлчайдиган асбоб-ускуналар мавжуд. Ўлчашларни тўғри амалга ошириш эса аниқ ҳисоб-китобларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Ҳақиқий қийматни аниқлаш учун ўлчаш воситасининг ўзи аниқ ва тўғри қийматларни кўрсатиши лозим.
Ушбу жараёнларни мувофиқлаштирувчи, тўғри ва аниқ ўлчашни таъминловчи соҳа бу – метрология. Гоҳида “Техника асри”, гоҳида “Тараққиёт асри” деб номланаётган ушбу кунларда барча амалга оширилаётган илмий лойиҳалар муваффақиятида метрологиянинг ўрни беқиёс.
Республикамизда метрология хизматларини кўрсатиш йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. Соҳани ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон миллий метрология институтида ҳам қатор янги лойиҳалар устида изланишлар олиб борилмоқда.

—2025 йилда ушбу кун “Ўлчашлар – барча замонлар, барча халқлар учун!” шиори остида нишонланмоқда, — дейди Ўзбекистон миллий метрология институти матуот хизмати ходими Наргиза Мамазияева. —Бу йилги сана алоҳида аҳамиятга эга. Чунки айнан метрик конвенция имзоланганига 150 йил тўлмоқда. Бу тарихий ҳужжат 1875 йилда 17 мамлакат вакиллари томонидан имзоланиб, дунё миқёсида ягона ўлчаш тизимининг асосини яратган. Шу кунларда биз барча авлодлар метрологларининг фидокорона меҳнати ва ҳиссасини миннатдорлик билан ёдга оламиз.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон миллий метрология институти бугунги кунда нафақат мамлакатда, балки халқаро даражада ҳам ишончли метрология инфратузилмасини яратиш йўлида қатъият билан ҳаракат қилмоқда.

Жумладан, Миллий эталонлар базаси мустаҳкамланмоқда. 2024 йилда 3 та янги эталон – суюқликларнинг электр ўтказувчанлиги, ғадир-будурлик катталиклари ва ҳажм ўлчаш бирлиги харид қилинди ва жорий этилди. Бугунги кунда институтдаги эталонлар сони 32 тага етди. 2025 йилда қиймати 70,7 миллиард сўмлик 9 та янги эталон харид қилиниши режалаштирилган. Ҳозирда 4 та эталон бўйича савдо жараёнлари давом этмоқда.

Ундан ташқари лабораториялар модернизация қилинмоқда. 27 та янги ўлчаш воситалари ва ёрдамчи ускуналар харид қилинди. Улардан 21 таси ҳудудий филиаллар учун мўлжалланган бўлиб, жами қиймати 905 миллион сўмни ташкил этади.
Метрологик ҳужжатлар ва стандартлар ишлаб чиқилмоқда. 20 та миллий стандартни жорий этиш режалаштирилган, шундан 2 таси тасдиқланди, 7 таси рўйхатга олиш жараёнида. Шу билан бирга, 9 та миллий стандарт лойиҳаси ишлаб чиқилди, улардан 2 таси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Метрология тарихини тарғиб қилиш, унинг саноат ва иқтисодиётдаги аҳамиятини кўрсатиш мақсадида “Меъёрлар мероси” музейи ташкил этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Андижон, Навоий ва Қўқон шаҳарларидаги филиалларда қиёслаш лабораторияларининг аккредитация доираси кенгайтирилди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА
- Қўшилди: 20.05.2025
- Кўришлар: 130
- Чоп этиш