324 та тизимли ўрганишда истеъмолчилардан жами 143,1 млрд сўм миқдорида ортиқча ҳақ олинганлиги аниқланган

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Ахборот хизмати раҳбари Отабек Усмонов маълум қилди.

   Рақобат қўмитасига 2024 йил ҳамда 2025 йилнинг бугунги кунгача ўтган вақти давомида  истеъмолчилардан жами 45 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган.

Мурожаатларнинг 24 мингга яқини уй-жой коммунал, транспорт хизматлари, 13 мингга яқини  савдо ва умумий овқатланиш, 9 мингдан ортиғи алоқа, молия ва ижтимоий хизматлар масалаларига тўғри келади.

Мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида истеъмолчиларга 38 млрд. сўмга яқин миқдорда етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилинган. Шу билан бирга, савдо соҳасида истеъмолчиларга 500 дан ортиқ ҳолатда 3,5 млрд.  сўмдан ортиқ миқдордаги маҳсулотлар алмаштириб ёки қайтариб берилган.

Қўмита томонидан истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқларини ҳимоя қилиш  мақсадида 10 га яқин йўналишда 324 та тизимли ўрганишлар ўтказилганда истеъмолчилардан жами 143,1 млрд сўм миқдорида ортиқча ҳақ олинганлиги аниқланган. Ўтказилган тизимли ўрганишлар натижасида истеъмолчилар фойдасига 129,5 млрд. сўм миқдоридаги маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.

Қўмитанинг “Fair tech” ягона ахборот тизими орқали келиб тушган хабарлар бўйича текшириш ўтказилганда 1400 га яқин дорихоналарда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзага келгани маълум бўлди. Ўрганишлар натижасида 264 259 та ҳолатда 13 млрд. сўмга яқин миқдорида асоссиз даромад олинганлиги аниқланиб, ортиқча олинган пул маблағларини қайтариш чоралари кўрилди.

Шунингдек, электрон тижорат йўналишида 200 га яқин ҳолатда операторларининг истеъмолчиларга тақдим этилаётган оммавий оферталарида амалдаги қонунчилик талабларига номувофиқликлар мавжудлиги аниқланди.  Бу борада профилактик ишлар амалга оширилиши натижасида операторлар томонидан сайтлар ва оммавий оферталари давлат тилида ишлаб чиқилди ҳамда амалдаги талабларига мувофиқлаштирилди.

Қўмита томонидан қонунчилик бузилиши юзасидан рақобат, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун иш қўзғатиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида Низомга асосан қонунчилик бузилиши юзасидан жами 900 га яқин иш қўзғатилган.

Ўтган вақт давомида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш мақсадида 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилган 44 та ҳужжат лойиҳалари бўйича хулосалар берилган.

2024-2025 йилнинг ўтган даврида товарлар (ишлар, хизматлар) хавфсизлиги ва уларнинг сифатини назорат қилиш мақсадида жами 765 номдаги маҳсулотларнинг назорат хариди амалга оширилганда 140 номдаги маҳсулотлар норматив-техник ҳужжатлар талабларига жавоб бермаслиги аниқланган.

Шунингдек, 15 март - Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари куни муносабати билан Қўмита German Sparkassenstiftung for International Cooperation ташкилоти билан ҳамкорликда “Истеъмолчи ишончи” сифат белгиси ва “Истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича энг яхши корхона” номинацияларида  5та йўналишда ўтказилган танловда чакана савдо, ишлаб чиқариш, молиявий ва қурилиш соҳаси  хизматларида 45 та тадбиркорлик субъектлари ғолиб деб топилди ва диплом, статуэтка ҳамда эсдалик совғаларига эга бўлишди.

Бундан ташқари, олий таълим муассасаларининг 600 нафардан ортиқ талабаларидан 16 нафари  “Молиявий саводхон ёш истеъмолчи” IV-онлайн олимпиадасининг ғолиби  бўлиб, Қўмитанинг фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Расмий хабарлар

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech