20 декабрь – Халқаро бирдамлик куни
Бирдамлик – инсоният цивилизациясига таҳдид солувчи турли муаммоларнинг бирдан-бир ечимидир. Табиий офатлар, терроризм, очлик, қашшоқлик, бошпанасизлик каби глобал муаммолар фақат бир давлат ёки муайян тоифа кишилари томонидан ҳал қилиниши имконсиз.
Бунда тили, дини, ирқи, ижтимоий даражасидан қатъи назар барча инсонлар бирлашиши ва якдил ҳаракат қилиши талаб этилади. Демак, бирдамлик, аҳиллик, ўзаро ҳурмат ва ишонч инсоният келажагини белгилайди, илм-фан тараққиётини жадаллаштиради ва инсоният тамаддунига таҳдидларни бартараф этади.
Бугунги кунда давлатлар, шунингдек ижтимоий гуруҳлар ўртасидаги муносабатларда муҳим аҳамиятга эга бўлган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти фаолиятининг бош тамойилларидан бири бирдамликдир. БМТ Бош Ассамблеясининг 2005 йил 19 декабрда “Қашшоқликни тугатиш ва ривожланишнинг бошқа масалалари: Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қашшоқликка қарши кураш бўйича биринчи Ўн йилликда амалга оширган ишлар (1997-2006)” мавзуcида бўлиб ўтган 60-сессиясида бирдамлик – XXI асрда халқаро муносабатларнинг асосини ташкил этадиган умумбашарий қадриятлардан бири экани эътироф этилиши ҳам юқоридаги фикрни исботлайди.
БМТ Бош Ассамблеясининг 60/209-сонли резолюциясига мувофиқ, бутун дунёда 2006 йилдан бери ҳар йили 20 декабрь – Халқаро бирдамлик куни сифатида кенг нишонланади.
БМТ барча инсонларни глобал муаммоларга, жумладан қашшоқликка қарши курашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган бирдамлик концепциясини қўллаб-қувватлашга чақиради. Қашшоқликка барҳам бериш учун БМТ Тараққиёт Дастури доирасида Бутунжаҳон Бирдамлик жамғармаси ташкил этилган.
Жамғарма фаолияти бутун дунёда қашшоқликни тугатиш, ривожланиш даражаси юқори бўлмаган мамлакатларда, уларда истиқомат қилаётган энг қашшоқ одамлар орасида ижтимоий ҳимояни кучайтириш каби эзгу мақсадларга қаратилган. Энг муҳими, у инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари таъминланишини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон 1992 йил 2 мартдан бошлаб БМТ аъзоси ҳисобланади. Мамлакатимиз мазкур нуфузли халқаро ташкилот доирасидаги лойиҳаларда фаол иштирок этиб келмоқда.
Жумладан, қашшоқликка қарши курашда бирдамлик тамойилига риоя қилиниб, мамлакатимизда аввало кучли ижтимоий ҳимоя тизими ўрнатилди. Қолаверса, қашшоқликдан азият чекаётган хорижий давлатларга мунтазам беғараз ёрдам кўрсатилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сўнгги йилларда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларга эътибор қаратсак, инсон, унинг қадр-қиммати, фаровон ва тўкин-сочин яшаши устувор аҳамиятга эга деган тамойил яққол кўзга ташланади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”.
Шу мақсадда тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизга кириб келаётган ташқи инвестициялар оқимини кучайтириш, иш ҳақи ва нафақалар миқдорини мунтазам ошириб бориш, муҳтож оилалар учун арзон уй-жойлар қуриш ва узоқ муддатли ипотека кредитлари ажратиш, ногиронлиги бор шахсларга моддий ва маънавий кўмак бериш каби кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Буларнинг барчаси, албатта, аҳолининг турмуш даражаси юксалиши, одамларда шукроналик ва эртанги кунга ишонч янада мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этади.
Мамлакатимиз қашшоқлик муаммоси мавжуд хориж мамлакатларига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиб келаётганини ҳам қайд этиш ўринлидир.
2018 йилда Ўзбекистон томонидан қўшни Афғонистоннинг қурғоқчиликдан азият чекаётган аҳолиси учун 3 минг тонна буғдой, турли озиқ-овқат маҳсулотлари, болалар учун кийим-кечак жўнатилди. Шунингдек, 25 автобус, 3 трактор ва тиркама техника воситалари беғараз ҳадя этилди. Мамлакатимиз кўмаги билан Афғонистонда кўприклар, юқори вольтли электр линиялари, оптик толали кабель линиялари, сув таъминоти тармоқлари барпо этилди ва бу борадаги ишлар изчил давом этмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, бирдамлик – нафақат юксак ахлоқий тамойил, балки тараққиёт асоси, келажак кафолати ҳамдир. Умумбашарий муаммоларни инсоният биргаликда интилсагина ҳал этиш мумкин.
Фарҳод Низомов,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали ходими
- Қўшилди: 18.12.2019
- Кўришлар: 5342
- Чоп этиш