Бугунги Қарши, кўҳна Насаф азал-азалдан дунё илм-фани ва маданияти равнақига салмоқли ҳисса қўшган шаҳарлардан бири ҳисобланади. Қадимий қўлёзма ва библиографик қомусий асарлар варақлаб кўрилса, бу баракотли кентдан кўплаб олиму уламолар етишиб чиқиб, Насафий нисбаси билан самарали ижод қилганининг яққол гувоҳи бўлиш мумкин.
Улуғ олим Абул Муин Насафий (1027-1114) ана шу нисбали машҳур шажаранинг ёрқин вакилидир. Аллома ўзининг маънавий устози, буюк мутакаллим имом Абу Мансур Мотуридий таълимотини янада ривожлантириб, унинг бутун Шарқ мамлакатларига тарқалишида беқиёс хизмат кўрсатган олим саналади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Қашқадарё вилоятига сафари доирасида 27 ноябрь куни Қарши туманидаги Абул Муин Насафий тарихий мажмуасини зиёрат қилди. Унга Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳамроҳлик қилди.
Президентимиз 2017 йил 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида ва кейинги бир неча ташрифлари пайтида ҳам калом илми бўйича таниқли олим Абул Муин Насафий тарихий мажмуасини қайта таъмирлаш, унинг негизида кутубхона ва музей ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берганди. Шу асосда Абул Муин Насафийнинг бой илмий маънавий меросини чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш борасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Сир эмаси, ақида масалалари ҳар қандай даврда ҳам, ҳар қандай жамиятда ҳам алоҳида аҳамият касб этган. Шунинг учун бу ҳаётий муҳим масала ҳар доим илм аҳлининг диққат эътиборида бўлиб келган.
Абул Муин Насафий ҳам шу йўналишда бир нечта асарлар яратган. Муаллифнинг, айниқса, “Тавсиратул адилла”, “Баҳрул калом” каби асарлари дунё олимлари томонидан юқори баҳоланган. Афсуски, Абул Муин Насафийнинг ҳаёти ва асарлари собиқ тузум даврида умуман ўрганилмаган.
Истиқлол шарофати билан кўплаб алломаларимиз қаторида Абул Муин Насафийнинг ҳаёти ва асарларини илмий асосда ўрганиш ишлари йўлга қўйилди. Аллома руҳи мангу қўним топган манзил обод гўшага айлантирилди.
Акмал Саидов 2,1 гектар майдонни эгаллаган тарихий обида ҳудудидаги 500 ўринли масжид, кутубхона, музей, маъмурий бино ва бошқа иншоотлар билан яқиндан танишди. Абул Муин Насафий зиёратгоҳи музейида сақланаётган ноёб тарихий манба - Хитой ипак қоғозига битилган Қуръони карим қўлёзмасини кўздан кечирди.
Бу муқаддас китобнинг бўйи 60, эни 41 сантиметрни ташкил этади. Мазкур Қуръон учун уста Зариф деган киши томонидан баландлиги 1 метру 60 сантиметрлик лавҳ ясалган. Лавҳда ҳижрий йил ҳисоби билан 1266 (милодий 1851) санаси ёзиб қолдирилган. Лавҳга 12 қатордан иборат форсий шеър ўйиб битилган.
- Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Қашқадарёдаги Абул Муин Насафий зиёратгоҳи том маънода обод гўшага айланди, - деди А.Саидов. - Ушбу табаррук масканнинг юртимиз ва хориждан келган зиёратчилар билан доимо гавжумлиги хайрлидир. Тез фурсатда Касби туманидаги қадимий ва машҳур Ҳазрати Султон Мир Ҳайдар ота зиёратгоҳи ҳам қайта таъмирланиб, зиёратчилар ва сайёҳлар қадами узилмайдиган обод гўшага айланади. Касби туманида зиёрат туризмини ривожлантиришда бундай хайрли амал муҳим аҳамиятга эга.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 30.11.2020
- Кўришлар: 3921
- Чоп этиш