27 январь куни Москва шаҳрида ўз ишини бошлаган Россия халқаро ҳуқуқ ассоциациясининг «Буюк Ғалабанинг 75 йиллиги ва замонавий халқаро ҳуқуқнинг ривожланиши» мавзусидаги йиллик йиғилиши давом этмоқда.
Мазкур форумда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этмоқда. Анжуманда академик А.Саидов «Ёшларни халқаро-ҳуқуқий ҳимоя қилиш: янги тенденциялар» мавзусида маъруза қилди.
Ҳозирги вақтда дунё аҳолисининг 1,8 миллиард нафарини ёш йигит-қизлар ташкил этади. Бу рақам бутун инсоният тарихида қайд этилган ёшларнинг миқдорига доир энг юқори кўрсаткичдир.
Бундай демографик вазият ижтимоий-иқтисодий тараққиёт учун беқиёс имкониятлар эшигини очмоқда. Шу билан бирга, ёшларнинг асосий ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар кўплаб навқирон авлод вакилларининг салоҳиятига салбий таъсир кўрсатаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.
Шу маънода, XXI асрнинг дастлабки йигирма йилида ёшлар муаммоси давлатлараро ва ҳукуматлараро ҳамкорлик алоқаларининг кун тартибига киритилиши ёрқин тенденцияга айлангани бежиз эмас. Натижада ёшлар сиёсати билан боғлиқ масалалар халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг фаолиятида тобора яққол акс этмоқда.
БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларининг 2030 йилгача белгилаб олинган Кун тартибида ёшлар – ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида эътироф этилган. Ҳақиқатан ҳам, агар ёшлар ўзларининг фаровонлиги учун зарур билим ва имкониятлар билан таъминланса, улар барқарор тараққиётни амалга оширадиган ижобий куч сифатида ўзини баралла намоён этиш салоҳиятига эга бўлади.
Ҳозирги кунгача дунёда ёшлар ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилган ягона ва яхлит халқаро ҳужжат мавжуд эмас. Бутун жаҳон ёшлари, худди уларнинг алоҳида ҳуқуқларга эҳтиёжи йўқдек, умуминсоний ҳуқуқлар билан кифояланиб келмоқда.
Айни чоғда, аксарият ёшлар вакиллари дуч келаётган кўплаб муаммоларга замонавий ёндашув аҳолининг ушбу қатламига алоҳида эътибор қаратишни талаб қилмоқда. Бундай муаммолар қаторида экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолиш, турли белгилари бўйича камситишларга дучор бўлиш, ишсизлик, мамлакат сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишнинг чеклаб қўйилиши каби омилларни алоҳида санаш мумкин.
БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди. Бўлажак халқаро-ҳуқуқий ҳужжат сайёрамизда истиқомат қиладиган барча йигит-қизларнинг манфаатларига қаратилган ёшлар сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш учун хизмат қилиши тайин.
Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 40 фоизини ёшлар ташкил этади. Мамлакатда «Ёшларга доир давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун қабул қилинган, Ёшлар ишлари бўйича республика идоралараро кенгаши тузилган. Кейинги даврда 7 миллион 690 минг нафар аъзога эга Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкил этилди.
Юртимизда ҳар йили 30 июнь – Ёшлар куни сифатида кенг нишонланади. Жойлардаги ижро ҳокимияти ва ички ишлар органларида раҳбарларнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари лавозимлари жорий этилган.
Ёшлар масаласи, чиндан ҳам, янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омили ҳисобланади. 2019 йилда бўлиб ўтган сайловларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 30 ёшгача бўлган 9 нафар депутат сайлангани ҳам бунинг ёрқин тасдиғидир.
Шундай қилиб, бугун миллий парламент қуйи палатаси таркибининг 6 фоизини, маҳаллий Кенгашлар таркибининг эса 10 фоизини ёшлар ташкил этмоқда. Жаҳон миқёсида бу кўрсаткич атиги 2 фоизга етади, холос.
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йил 24 январда Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатасига тақдим этган навбатдаги Мурожаатномасида, шунингдек, ёшлар билан ишлаш самарадорлигини баҳолаш бўйича ягона кўрсаткичлар ишлаб чиқиш, ёшлар сиёсатини баҳолашнинг миллий индексини жорий этиш кераклигини қайд этди. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, жорий йилда ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар янги поғонага кўтарилганини яна бир бор тасдиқлайди.
Давлат раҳбарининг бу борадаги ташаббуслари доирасида Ўзбекистон томони БМТ, ЕХҲТ, ИҲТ, МДҲ каби халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорликда кўплаб нуфузли халқаро тадбирларни ўтказди ва янги муҳим анжуманларга ҳозирлик кўрмоқда.
Мамлакатимизда “БМТ-75” ташаббуси доирасида шу йил май ойида ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини ўтказиш режалаштирилган. Бу халқаро анжуманда БМТнинг «Ёшлар-2030» стратегиясида кўзда тутилган бир қатор масалалар, хусусан, барқарор ривожланишга эришиш, низоларнинг олдини олиш, гендер тенгликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини амалга ошириш, тинчлик маданиятини шакллантириш каби долзарб жараёнларда ёшларнинг таъсирчан ва ижобий роли атрофлича муҳокама қилинади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 28.01.2020
- Кўришлар: 4484
- Чоп этиш