Ассамблея ؘ– инсоният учун адолатли, хавфсиз ва барқарор келажакни яратиш йўлидаги платформа

5–9 апрель кунлари пойтахтимизда Парламентлараро Иттифоқ ассамблеясининг 150-юбилей учрашувининг ўтказилиши Ўзбекистон учун ҳам, бутун минтақа учун ҳам ниҳоятда муҳим воқеаликка айланди. Мазкур анжуман нафақат тарихий санани нишонлаш билан аҳамиятли бўлди, балки парламентлараро ҳамкорликнинг янги даврини бошлаб берди.

Ушбу тарихий ассамблеяда 130 дан зиёд давлатлардан 1 минг 400 га яқин делегатлар, шу жумладан 740 нафар парламент аъзоси, 50 дан ортиқ халқаро ва кузатувчи ташкилотлар вакиллари қатнашди. Тадбирда 100 дан ортиқ парламент спикерлари ва спикер ўринбосарлари иштирок этгани геосиёсий қарама-қаршиликлар кучайган бир пайтда парламент дипломатияси анъанавий халқаро муносабатларда муҳим ўрин тутишини кўрсатди. Парламентларнинг аёл аъзолари ассамблея иштирокчиларининг 37 фоизидан ортиғини ташкил этди. Бу 2022 йилдан бери Парламентлараро Иттифоқ ассамблеясида аёллар иштирокининг энг юқори кўрсаткичидир. Ассамблея доирасида 70 га яқин турли тадбирлар ўтказилиб, уларда гендер тенглик, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, фуқаролар саломатлигини сақлаш, экология ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ассамблеянинг махсус ялпи мажлисидаги нутқида илгари сурган муҳим ташаббуслар Иттифоқ аъзолари томонидан юқори баҳоланди.

Парламентлараро Иттифоқ Президенти Тулия Эксон ва Бош котиби Мартин Чунгонг ассамблея дунё парламентларини бир юз эллигинчи марта бир жойда тўплаган тарихий воқеа сифатида ўзининг аҳамиятини намоён қилгани, Ўзбекистон томонидан барча зарур шарт-шароит яратилганини ва ташкилий ишлар юқори даражада амалга оширилганини алоҳида эътироф этишди. 

Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси якунида Глобал парламент ҳамжамияти ижтимоий тараққиёт ва адолат йўлида парламент ҳаракатларига бағишланган муҳим ҳужжат — Тошкент декларацияси қабул қилинди. Унда ижтимоий тараққиёт борасидаги саъй-ҳаракатларни янгилаб боришга қаратилган ишлар, мавжуд ва юзага келаётган масалаларга биргаликда ечим топиш зарурияти таъкидланган. Декларация глобал ижтимоий тараққиёт вa адолат учун "Йўл харитаси" бўлиб хизмат қилади.

Ассамблея минтақавий ва халқаро миқёсда тинчлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари масалаларини ҳал этишда умумий ёндашувлар ишлаб чиқиш ва тажриба алмашиш учун ноёб платформани тақдим этди. Анжуман Марказий Осиё мамлакатларини халқаро парламентлараро жамоада фаол иштирокчи ва глобал мақсадларни илгари суришда муҳим ҳамкор сифатида тан олиш вазифасини ўтади. Ассамблеяда айниқса, дунёдаги можаролар оқибатларини бартараф этиш контекстида, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентларнинг ролини кучайтиришга қаратилган амалий қадамлар ташланди. Шунингдек, иштирокчи мамлакатларнинг парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ва экология, рақамлаштириш ва ижтимоий сиёсат каби асосий йўналишлар бўйича парламентлараро ҳамкорлик формати янада кенгайиши борасида келишувларга эришилди.

Давлатимиз раҳбари Парламентлараро Иттифоқ ассамблеясида нутқ сўзлаб, парламентаризм глобал сиёсатда қудратли восита сифатида муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Ҳақиқатан, айнан парламентлар халқларни боғловчи, ўзаро тотувлик ва чинакам ҳамжиҳатликни ривожлантирувчи кўприк бўлишга қодир. Президентимиз маърузасида жаҳон ҳамжамиятини янада ривожлантириш ва сайёрамизда барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган масалалар кўрсатиб берилди. Бу барча давлатлар сиёсий манфаатларини акс эттириши билан бир қаторда, инсоният олдида турган муҳим муаммоларни ҳал қилишга қаратилгани билан аҳамиятли. 
Таъкидлаш жоизки, сўнгги ўн йилликларда дунё бир қатор глобал муаммоларга дуч келди. 

Жумладан, қуролли тўқнашувлар, терроризм таҳдидлари, экологик офатлар ва иқтисодий инқирозлар каби беқарорлик юз берди. Бундай шароитда барча мамлакатлар парламентлари тинчлик ва хавфсизликни сақлашда фаол иштирок этиши жуда муҳим. Хусусан, дипломатия ва музокаралар халқаро келишмовчиликларни ҳал этишнинг асосий воситасига айланиши керак. Ўзбекистон ҳар қандай зиддият ва қарама-қаршиликларни фақат дипломатия ва тинч музокаралар йўли билан ҳал этишнинг қатъий тарафдори. Президентимиз таъбири билан айтганда, энг оғриқли муаммоларга халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низоми ва резолюциялари асосида ечим топиш муҳим, деб ҳисоблаймиз. Масалан, Яқин Шарқда узоқ кутилган тинчликка "Икки халқ учун – икки давлат" тамойилини амалга ошириш орқали эришиш мумкин. Бу тамойил бутун халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланадиган адолат ва низони ҳал қилишни англатади. 

Бизга қўшни бўлган Афғонистон ҳақида тўхталиб ўтмаслик мумкин эмас. Ушбу мамлакатнинг халқаро майдонда яккаланиб қолишига йўл қўймаслик, амалдаги ҳукумат билан конструктив мулоқот ўрнатиш, Афғонистонга Марказий Осиё минтақасининг ажралмас қисми ва янги имкониятлар макони сифатида қараш Ўзбекистон манфаатларига жавоб беради. Шу боис давлатимиз раҳбари парламентарийлар эътиборини ана шу масалага қаратди. Бу муаммоларга ечим топишда БМТнинг алоҳида ўрни бор. Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотини универсал ва муқобили йўқ ягона глобал тузилма сифатида эътироф этади. Ўзбекистон бу борада Бош котиб Антониу Гутерришнинг мазкур халқаро ташкилотни чуқур ислоҳ қилиш, унинг салоҳиятини ошириш бўйича олиб бораётган тизимли саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Евросиё гуруҳининг Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган баёнотини тўла олқишлайди.

Юртбошимиз тўхталиб ўтган яна бир муҳим масала – бу иқлим ўзгариши бўлди. Дарҳақиқат, сайёрамизни келажак авлодлар учун асраб-авайлаш билан бирга, мазкур ўтиш жараёнини тезлаштирадиган ва барқарор ривожланишни таъминлайдиган механизмларни яратиш парламент аъзолари олдидаги энг муҳим вазифадир. Чунки, унинг аянчли оқибатлари, энг аввало, ривожланаётган мамлакатларга кучли таъсир кўрсатмоқда. Париж битими доирасида ва углерод нейтраллигига эришиш борасида ўз зиммамизга олган мажбуриятларни тўлиқ бажариш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Бу масалалар Самарқандда бўлиб ўтган халқаро иқлим форумида ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Давлатларнинг иқлим сиёсати бўйича илғор ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, қайта тикланадиган энергия манбалари ва "яшил" технологияларга ўтишни рағбатлантириш парламентларнинг муҳим вазифасига айланса, албатта, салмоқли ютуқларга эришилади. Демакки, Иқлим ўзгариши мавзуси Ассамблеянинг кун тартибидаги бош масалалардан бири сифатида доимий ўрин олиши керак.

Давлатимиз раҳбари хотин-қизлар ҳуқуқларини қатъий қарор топтириш ижтимоий тараққиётнинг асосий шарти эканлиги ва шу боис Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилаётган Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеясининг "Осиё хотин-қизларининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-гуманитар фаоллигини ошириш тўғрисида"ги резолюциясини қўллаб-қувватлашга чақирди. 

Ёшларнинг парламент фаолияти билан бир қаторда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида тўлақонли иштирок этиши учун уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ўта долзарблиги, шу боис ҳам парламентлар учун янги авлодни тарбиялаш, бу борада самарали халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги, бу борада Парламентлараро Иттифоқ тизими доирасида Ёшлар парламентлари глобал платформасини ташкил этиш ва унинг таъсис форумини Ўзбекистонда ўтказиш таклифи билдирилгани ҳам бежизга эмас. Зеро, ёшлар эртанги кун эгалари. 

Ҳар бир инсоннинг ижтимоий ҳимояга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, халқаро стандарт ва меъёрлар асосида сифатли хизматлар кўрсатиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб эканлиги ва шу йил сентябрь ойида юртимизда бўлиб ўтадиган камбағалликни қисқартиришга бағишланган халқаро конференция ишида барча давлат парламентлари вакиллари таклиф қилинди. Глобал беқарорлик ва иқтисодий қийинчиликлар шароитида аҳолининг барча қатламларини ижтимоий кафолатлар ва қўллаб-қувватлаш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Шу маънода, Ўзбекистон ижтимоий давлат, деб эълон қилинди, аҳолининг ҳар томонлама ҳимоясини таъминлаш сиёсатимизнинг устувор йўналиши этиб белгиланди. "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастури амалга оширилмоқда. Натижада охирги саккиз йилда 7 миллиондан зиёд аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, унинг даражаси 35 фоиздан 8,9 фоизга туширилди. Жорий йилда бу кўрсаткични 6 фоизга пасайтириш мақсад қилинган.

Муҳими, шу каби долзарб масалалар тилга олиниши билан бир қаторда, уларнинг самарали ечимлари – ҳамкорлик, ўзаро мулоқот, тажриба алмашиш, дипломатияни кучайтириш каби демократик ечимлар кўрсатиб берилди. Ўзбекистон форум ташкилотчиси сифатида ушбу муаммоларни ҳал этишда етакчиликни ўз зиммасига олишга ва барқарор ривожланиш ва барча халқлар учун адолатни таъминлаш мақсадларига эришиш йўлида халқаро ҳамжамият билан фаол ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлиги билдирилди. Зеро, бу саъй-ҳаракатлар инсоният учун янада адолатли, хавфсиз ва барқарор келажакни яратишнинг ягона йўлидир.

Давлатимиз раҳбарининг нутқи ва билдирган ташаббуслари Ассамблеяда иштирок этган жаҳон парламентарийлари томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Ўзбекистон Президентининг ташаббуслари Парламентлараро Иттифоқнинг доимий эътиборида бўлади ҳамда мазкур ташаббусларнинг амалга оширилиши, шубҳасиз, парламентлар ҳамжамияти ва депутатлар фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

"Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати" мавзусида ўтказиладиган Ассамблеянинг туркум йиғилишларида қатор долзарб масалалар, хусусан, меҳнат бозорида тенг имкониятлар яратиш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш ва камбағалликнинг асл сабаблари билан курашиш чоралари муҳокама марказида бўлгани, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва камбағалликни қисқартириш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилингани билан аҳамиятли бўлди. Мазкур мавзу парламентларга энди фақат қонун қабул қилувчи эмас, балки ижтимоий ўзгаришларни амалга оширувчи, камбағалликни қисқартириш, тенг имкониятлар яратиш, инсон қадрини улуғлашда ташаббускор сиёсий субъект сифатида қаралиши кераклигини таъкидлайди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг мазкур тадбирга мезбонлик қилиши минтақавий етакчиликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Шу орқали Тошкент Марказий Осиёнинг дипломатик марказларидан бири сифатидаги номини мустаҳкамлаб олди. Ассамблея нафақат сиёсий, балки маданий ва инсон ҳуқуқлари масалаларида ҳам муҳим платформадир. Бу Ўзбекистоннинг ушбу масалалардаги позициясини баён этиш ва халқаро ташаббусларга актив иштирок этиш имконини берди.

Абдурафиқ Ҳошимов,

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия

университети ҳузуридаги

Дипломатия академияси

кафедра мудири

ЎзА 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech