Барқарор ривожланиш мақсадлари ижросини таъминлашнинг парламент мезонлари

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш глобал миқёсда ўт очишни тўхтатиш бўйича эълон қилган даъватини Ўзбекистон қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон Республикаси Президентига самимий миннадорчилик изҳор этиб ёзган мактубида Ўзбекистон ҳукумати билан резидент-координатор раҳбарлигидаги БМТнинг Мамлакат гуруҳи ўртасидаги ҳамкорлик юқори даражада эканини алоҳида таъкидлаган.

Бу масалада нафақат ҳукумат, балки Ўзбекистон парламенти ҳам ушбу йўналишда ўзининг самарали ҳиссасини қўшаётганлигини алоҳида қайд этиш лозим. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов "Народное слово" газетасининг 2020 йил 15 май сонида эълон қилинган "Саъй-ҳаракат учун ялпи чорлов" ("Всеобщий призыв к действию") сарлавҳали мақоласида шу ҳақда сўз юритади.

Муаллифнинг қайд этишича, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари иқтисодиёт, ижтимоий ва экологик йўналишлардаги устувор вазифаларни уйғунлаштириб, аъзо-мамлакатларни ўз миллий режаларини глобал мажбуриятлари билан мутаносиб равишда қабул қилишга ундайди. Бу борада Олий Мажлис Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш учун зарур бўлган қонунларни қабул қилади.

Парламент халқаро шартномаларни ҳам ратификация қилади. Шунингдек, Давлат бюджетини қабул қилади ва ижросини назорат қилади. Энг муҳими, 2030 йилга қадар бу йўналишда қонун хужжатларини босқичма-босқич такомиллаштириб бориш талаб этилади.

Бир сўз билан айтганда, эндиликда Барқарор ривожланишнинг миллий мақсадлари ва вазифалари ҳукумат томонидан қай даражада бажарилаётганлигига парламент томонидан баҳо берилади, натижалар парламент мезонлари билан ўлчанади. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech