2021 йил 7 декабрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси биносида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган ушбу тадбир БМТ Махсус маърузачисининг мамлакатимизга 28 ноябрь – 7 декабрь кунлари амалга оширган ташрифи якунларига бағишланди.
Ташриф доирасидаги учрашув ва мулоқотлар
Маълумки, худди шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Махсус маърузачиси Ф.Ни Аолайнни қабул қилди. Мулоқот чоғида Ўзбекистоннинг БМТ органлари ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш институтлари билан шериклигини мустаҳкамлашга қаратилган қатор қўшма халқаро тадбирлар ўтказишга келишиб олинди.
Мўътабар меҳмон ташриф дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, Конституциявий суд ва Олий суд, Ташқи ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарлари билан учрашди.
Шунингдек, БМТ Махсус маърузачиси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) билан мулоқотда бўлди.
Ф.Ни Аолайн Сурия, Ироқ ва Афғонистондан қайтиб келган шахсларнинг реабилитация марказига ташриф буюрди. Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги мазкур масканда ўз вақтида “қайноқ нуқта”лардан олиб чиқилган аёллар ва болаларни реабилитация қилиш учун яратилган шароитлар билан танишди.
БМТ Махсус маърузачиси Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган ва Қашқадарё вилоятларига ҳам ташриф буюрди. Бу ҳудудларда жойлашган жазони ўташ колонияларидаги шарт-шароитлар билан танишди. Колониялар раҳбарияти ва хизматчилари, шифокорлар ҳамда маҳкумлар билан юз-юз суҳбатлашди.
Меҳмон Ўзбекистон жамиятининг турли қатламлари намояндалари билан учрашди. Хусусан, Наманган шаҳрида Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари поркуратура ҳамда ички ишлар органлари терговчилари, шунингдек, мазкур вилоятларнинг жиноят ишлари бўйича судьялари билан учрашувлар ўтказди. Ф.Ни Аолайн Ўзбекистон халқаро ислом академиясида мамлакатимиздаги диний конфессиялар вакиллари билан мулоқотда бўлди.
Ф.Ни Аолайн ташрифининг бошланиши ва охирида “Тараққиёт стратегияси” марказида терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалалар юзасидан давлат органлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари учун брифинглар ўтказилди.
“Меҳр” амалиётининг эътирофи
БМТ Махсус маърузачиси Ўзбекистон Президенти билан мулоқоти, шунингдек кенг жамоатчилик иштирокидаги матбуот анжумани ва брифингларда ҳам Ўзбекистоннинг “Меҳр” операцияси доирасида фуқароларни мамлакатга қайтариш, реабилитация ва реинтеграция қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади.
“Оила бирлиги ва жамиятни қўллаб-қувватлашига асосланган ўзбек модели репатриация қилиш, боланинг манфаатини кўзлаш ва сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий ҳаракатлар марказида ўчоқли ҳудудлардан қайтган аёлларни самарали реинтеграция қилиш бўйича энг яхши амалиётнинг намунасидир", деди БМТ Махсус маърузачиси.
Маълумки, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 47-сессияси доирасида 2021 йил 5 июль куни “Сурия ва Ироқдан олиб келинган аёллар ва болаларнинг реабилитацияси ҳамда реинтеграцияси” мавзуида ташкил этилган онлайн-тадбирда Ўзбекистон вакиллари иштирок этди. Мазкур семинарда Суриянинг шимоли-шарқий қисмида жойлашган “Ал-Ҳол” ва “Рож” лагерларида қарийб 70 минг инсон – 57 давлат фуқаролари ҳисобланувчи асосан аёллар ва болалар оғир аҳволда сақланаётгани ташвиш билан қайд этилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2019 йилдан буён Ўзбекистон Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги аёллар ва болаларни қайтариш бўйича бешта «Меҳр» операциясини ўтказди. Можароли ҳудудлардан мамлакатга жами 531 нафар киши олиб келинди.
Ўзбекистон томонидан “қайноқ нуқта”лардан олиб чиқилган аёллар ва болаларни реабилитация қилиш мақсадида ишчи гуруҳлар тузилди. Ишчи гуруҳлар зиммасига ушбу фуқароларни реабилитация қилиш, ҳужжатларини тиклаш, ишга жойлаштириш, бошпана билан таъминлаш, болаларни мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига жойлаш, етим болалар учун васий ҳамда ҳомийлар белгилаш ёки уларни давлатга қарашли ижтимоий муассасаларга жойлаштириш, бу инсонларнинг соғлиги ва руҳий ҳолати устидан доимий мониторинг олиб бориш вазифалари юкланди.
Жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистоннинг ўз фуқароларини можаро зоналаридан, шу жумладан Ироқ ва Суриядан ватанига қайтариш ва реинтеграцияси бўйича ҳаракатларини олқишлади. Бундай саъй-ҳаракатларда Ўзбекистон каби фаоллик кўрсатган мамлакатлар кам экани эътироф этилди.
Халқаро экспертларнинг фикрича, бу саъй-ҳаракатлар болаларни жабрланувчилар сифатида тан олишга ҳамда болалар ва аёллар учун гендер масалалари инобатга олинган ҳамжамиятлар даражасидаги реинтеграция дастурлари ёрдамида уларнинг шахсий манфаатларини ҳимоя қилиш зарурлигига асослангани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Янада муҳими, кучли техник ёрдам кўрсатиш ва инсон салоҳиятини кучайтириш орқали амалга оширилган ушбу саъй-ҳаракатлар инсон ҳуқуқларини амалга ошириш, демократияни ривожлантириш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ватанига қайтиб келган болалар, аёллар ва оилаларнинг жамиятга қайтадан интеграциялашуви, бир томондан, уларнинг ижтимоий жиҳатдан яккаланиб қолишига барҳам берса, иккинчи томондан, жамиятда камбағалликни камайтириш орқали тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлайди.
БМТ Махсус маърузачиси қайд этганидек, Сурия шимолий-шарқидаги лагерларда минглаб аёллар ва болалар ўзбошимчалик билан ҳибсга олинган. БМТ мутахассислари яшаш шароити ва муомала масаласида улар зўравонлик, инсон эксплуатацияси, таҳқир ва маҳрумликка дучор эканини айтишмоқда. Бундай ҳаракатлар халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра, ҳеч қандай ҳуқуқий ҳимоясиз қийноққа солиш ёки бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний, қадр-қимматни камситувчи муносабатга дучор қилиш ёхуд жазога тортишга тенглашади.
Ф.Ни Аолайн Ўзбекистоннинг стигматизацияни бартараф этиш, асосий ҳуқуқ, жумладан, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқни таъминлашга қаратилган амалий чораларини юқори баҳолади. Махсус маърузачи репатриация ва реинтеграциянинг ўзбек модели бошқа ҳукуматлар ўз фуқароларини оловли ҳудудлардан қайтариши учун “йўл харитаси” сифатида хизмат қилишини таъкидлар экан, мамлакатимизда мазкур тадбир самарали, инсоний ва инсон ҳуқуқларига мос тарзда амалга оширилганини эътироф этди. БМТ мутахассиси бошқа ҳукуматларни Ўзбекистондан ўрнак олишга чақирди.
Терроризм ва экстремизмга қарши кураш: янги ёндашувлар
БМТ Махсус маърузачиси терроризм ва экстремизмга қарши курашдаги янги ёндашувларни алоҳида қайд этди. Бинобарин, Ўзбекистон халқаро майдонда терроризмга қарши курашда фаол иштирок этмоқда. Халқаро аксилтеррор коалициялар фаолиятини изчил қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, мамлакатимиз БМТ Аксилтеррор қўмитаси ва МДҲ Аксилтеррор маркази фаолиятида қатнашиб келади.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ҳам бу борада тегишли ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси ташаббуси билан 2020 йилда ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ташкил этилган бўлиб, унинг қароргоҳи Тошкент шаҳрида жойлашган.
Мамлакатимиз БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини қўллаб-қувватлаган, терроризм ва диний экстремизмга қарши курашиш бўйича 14 та халқаро конвенция ҳамда протоколни ратификация қилган.
Бундан ташқари, бу борада мамлакатимизда “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”, “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.
БМТ Махсус маърузачиси Ўзбекистоннинг қонун ижодкорлиги ва халқаро ҳужжатлар қабул қилишда ташаббускорлик кўрсатиш соҳаларида етакчи эканини эътироф этган ҳолда, ана шу юксак салоҳиятдан “терроризм” тушунчасига таъриф беришда амалий фойдаланиш таклифини илгари сурди. Бинобарин, терроризмга қарши кураш тўғрисидаги асосий конвенциялар ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши, Бош Ассамблея ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг тегишли резолюцияларида ушбу атамага аниқ изоҳ берилмаган.
Фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувлар
Ф.Ни Аолайн ўзининг кўплаб учрашувлари асносида инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини атрофлича муҳокама қилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу мулоқотларда терроризмнинг олдини олиш, терроризмга қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқларига амал қилиш, терроризм жабрдийдалари ва терроризмда айбланган маҳкумлар ҳуқуқларини таъминлаш каби масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Терроризмга қарши кураш шароитида одил судловнинг кафолатланиши муҳим аҳамиятга эга. Одил судлов ҳуқуқи инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги таъминланишининг асосий кафолатларидан биридир. БМТ Махсус маърузачисининг Ўзбекистон суд тизими вакиллари билан учрашувларида шу ҳақда сўз борди.
Ф.Ни Аолайн хонимнинг мамлакатимизга 10 кунлик ташрифи дастурида фуқаролик жамияти фаоллари билан мулоқотлари алоҳида аҳамият касб этди. Жумладан, мамлакатимиздаги диний конфессиялар вакиллари билан дўстона ва ишчан муҳитда ўтган мулоқотда диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек фуқароларнинг виждон эркинлигини кафолатлаш, миллатлар ва динлараро ҳамжиҳатликни ривожлантириш борасида эришилган натижалар ҳақида сўз борди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорлик самаралари
БМТ Махсус маърузачиси Ўзбекистон ҳукуматининг ЮНИСЕФ ва БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бошқа ташкилотлари, шу жумладан Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ва Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар Бошқармаси билан ҳамкорлигининг аҳамиятини алоҳида эътироф этди.
Ҳақиқатан ҳам, кейинги беш йилда мамлакатимизнинг ушбу халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик муносабатлари бошқа давлатлар учун намуна бўлишга муносиб юксак босқичга кўтарилди. Бундай изчил ҳамкорлик ўзининг улкан натижаларини бермоқда.
Хусусан, Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланди ва 2021 йил 1 январдан амалга ошириб келмоқда. Ўзбекистоннинг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси ўринбосарлигига сайланди ҳамда 2022 йилдан ўз вазифасини бажаришга киришади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Ф.Ни Аолайн БМТнинг Ўзбекистонга ташриф буюрган биринчи аёл-Махсус маърузачисидир. Бугунги кунга қадар у Бельгия (2018 йил май), Франция (2018 йил май) ва Қозоғистон (2019 йил май) мамлакатларига ташриф буюрган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 08.12.2021
- Кўришлар: 3393
- Чоп этиш