Қонун лойиҳасига шарҳ
Юртимизда оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Аммо шунга қарамай, оилавий (маиший) зўравонлик ҳолатлари ортиб, аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ кўрсатилаётгани ачинарлидир. Маълумотларга кўра, 2023 йилда оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар сони 809 тани ташкил қилган.
Бу борадаги вазият оилавий (маиший) зўравонликлардан ҳимоялаш чораларини кучайтиришни тақозо этади. Шу мақсадда ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси яқинда парламент қуйи палатасининг мажлисида иккинчи ўқишда қабул қилинди. Мазкур қонун лойиҳасининг аҳамияти ва унда белгиланаётган нормалар хусусида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавжуда Ҳасанова билан суҳбатлашдик.
– Аввало, оила мустаҳкамлигини таъминлаш, зўравонлик ҳолатларини бартараф этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
– Ўзбек халқи учун оила муқаддас даргоҳ саналади. Унинг мустаҳкамлигини сақлаш жамиятимиз ва давлатимизнинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Мамлакатимизда оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ҳамда бандлигини ошириш, тадбиркорликка жалб қилиш, гендер тенгликни таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, оиладаги турли зўравонликларнинг олдини олиш мақсадида ҳимоя ордери жорий этилди. 2023 йилда оилавий-маиший зўравонликка учраган хотин-қизларга 40 мингдан ортиқ ҳимоя ордери расмийлаштирилган. Жорий йилнинг 6 ойида эса бу кўрсаткич 21 минг 818 тани ташкил қилган.
Ҳимоя ордери талабларини бузганлик учун эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларига оилавий (маиший) зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни назарда тутувчи тегишли нормалар киритилди.
Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлар орқали гувоҳи бўлаётганимиздек, оилавий (маиший) зўравонликка нафақат вояга етган шахслар, балки болалар ҳам дучор бўлмоқда. Аммо амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларининг тегишли моддалари диспозициясида оилавий (маиший) зўравонликнинг қурбони эр-хотин, собиқ эр-хотин, бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахс ёки умумий фарзандга эга бўлган шахслар бўлиши мумкинлиги назарда тутилган бўлиб, болалар киритилмаган. Натижада оилавий (маиший) зўравонликка учраган болаларга нисбатан жиноят ишларини малакалашда тергов идораларида турли муаммолар юзага келмоқда.
– Демак, ушбу қонун лойиҳаси билан бу каби муаммо ва ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш назарда тутиляптими, қандай янгиликлар акс этмоқда?
– Албатта, соҳадаги мавжуд муаммо ва ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳасида болаларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланмоқда. Яъни, болага, васийлик ёхуд ҳомийлик остида бўлган вояга етмаган шахсга нисбатан оилавий зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Иккинчидан, Жиноят-процессуал кодексининг 583-моддасига ўзгартириш киритилиб, яраштирув институти билан боғлиқ норма акс эттирилмоқда. Яраштирув институти амалиётимизда мавжуд. Яъни, турли ҳолатларда судгача томонлар ўзаро яраштирилади. Аммо бу қонун билан оилавий (маиший) зўравонлик бўлса, судгача ҳеч қандай яраштирув мумкин эмаслиги белгиланмоқда. Чунки тергов босқичида эр-хотинларнинг ўзаро ярашганлиги оқибатида айбланувчи томон жазо муқаррарлигини ҳис этмай, бир йил давомида яна қайта зўравонлик содир этиши ҳолатлари кузатилмоқда.
Шунинг учун ҳам лойиҳада ярашув тўғрисидаги ариза фақат суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киришидан олдин, яъни оилавий (маиший) зўравонлик содир этган шахс фақат судда ярашув тўғрисида ариза бериш ҳуқуқига эга бўлиши белгиланмоқда.
– Мазкур ҳужжатда акс этаётган тартиблар қандай натижа беради?– Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши келгусида оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ жиноят ишларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона кўриб чиқилишига ёрдам беради. Тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахснинг ижобий томонга ўзгаришига, болалар ва хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликка учрашини олдини олишга ҳамда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларига оид халқаро индексларда мамлакатимизнинг ўрнини яхшилашга хизмат қилади.
ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова суҳбатлашди.
- Қўшилди: 22.07.2024
- Кўришлар: 1313
- Чоп этиш