БРИКСга аъзо давлатлар раҳбарлари сунъий интеллект (CИ) глобал бошқаруви тўғрисидаги декларацияни қабул қилди. Шу орқали иштирокчилар инклюзивлик, барқарорлик ва инсон ҳуқуқини ҳурмат қилишга қаратилган сунъий интеллект технологиясини ишлаб чиқиш ва қўллаш бўйича халқаро тамойил яратишга кўмаклашиш ниятини билдиришди.
– СИни глобал бошқариш жиддий хавфни юмшатиши, барча мамлакатлар, айниқса Глобал жануб вакиллари эҳтиёжини қондириши керак, – дейилган Бразилия ҳукумати эълон қилган ҳужжат матнида. –Бошқарув механизми миллий меъёрий-ҳуқуқий база ва БМТ Низомига мувофиқ келиши, суверенитетни ҳурмат қилиши ҳамда вакиллик, тараққиётга йўналтирилган, қулай, инклюзив, динамик, шаффоф ва хавфсиз бўлиши лозим.
Ҳужжат муаллифлари халқаро миқёсда сунъий интеллект бўйича саъй-ҳаракатнинг парчаланиши ва такрорланишига қарши чиққан. Уларнинг фикрича, бу мавжуд носимметрикликни кучайтириши, рақамли муаммоларни глобал бошқариш қонуниятини бузиши мумкин.
СИни глобал бошқариш воситаси сифатида БМТнинг муҳим ўрни таъкидланган. БРИКС етакчилари барча мамлакатлар рақамли иқтисодиёт ва ривожланаётган технология, жумладан сунъий интеллектнинг афзаллигидан фойдаланиш ҳамда технология ва инновация учун меъёрий-ҳуқуқий асос ишлаб чиқиш ҳуқуқини яна бир бор тасдиқладилар.
Декларацияда бозорни адолатли тартибга солиш, маълумотни инклюзив бошқариш ва сунъий интеллект технологиясидан эркин фойдаланиш муҳимлиги, шунингдек технологик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда билим ва СИ компонентига киришни кенгайтириш учун халқаро ҳамкорлик зарурлиги таъкидланган. БРИКС очиқ модел, илмий ва технологик ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек кичик мамлакатлар ва ривожланаётган иқтисодиётлар учун кириш тўсиғи сифатида стандартлаштириш жараёнидан қочиш, сунъий интеллектнинг ишончлилиги, ўзаро ишлаши ва хавфсизлигига қаратилган халқаро стандарт ишлаб чиқишни ёқлайди.
БРИКС етакчилари СИ ахлоқий, шаффоф ва ишончли бўлиши, бу соҳада инсон манфаатига устуворлик берилиши лозимлигига алоҳида урғу берилган. Декларациянинг якуний қисмида келиб тушаётган маълумотни ўрганиб, келажакда моҳиятни англаб етадиган, мустақил равишда хулоса чиқара оладиган “кучли сунъий интеллект” (Artificial General Intelligence, AGI)га эҳтиёткорона ёндашиш зарурлиги қайд этилган.
БРИКС мамлакатлари умумий ёндашув ишлаб чиқиш ва БМТ шафелигида сунъий интеллектни бошқариш бўйича глобал мулоқотда иштирок этиш саъй-ҳаракатини фаоллаштириш ниятида.
С.Раҳимов, ЎзА
- Қўшилди: 08.07.2025
- Кўришлар: 203
- Чоп этиш