Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида халқаро талаблар доирасида хотин-қизлар аҳволини тубдан яхшилашга доир қонун ижодкорлиги фаолиятида фаоллик ва ташаббускорликни ошириш зарурлигини таъкидлаганди.
Давлат раҳбарининг бу борадаги топшириқлари ҳамда 2019 йил 7 мартда қабул қилинган “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланди.
Қонун лойиҳаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилди. У хотин-қизларни турмушда, иш жойида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.
Жумладан, лойиҳада тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, бундай қилмишларни содир этганлик учун жавобгарлик, тазйиқ ҳамда зўравонликни бошидан ўтказган шахсларни ҳимоя қилишни, шунингдек жамиятда аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг ҳар қандай намоён бўлишига муросасиз муносабат муҳитини қарор топтиришни назарда тутувчи процессуал кафолатлар кўзда тутилган.
Лойиҳада хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари аниқланган. Бу соҳадаги ваколатли органлар белгиланган.
Таянч тушунчалар алоҳида баён этилган. Хусусан “тазйиқ”, “зўравонлик”, “руҳий зўравонлик”, “жисмоний зўравонлик”, “жинсий зўравонлик”, “иқтисодий зўравонлик”, “тазйиқ ва зўравонлик жабрланувчилари”, “ҳимоя ордери” каби тушунчаларнинг мазмуни очиб берилган.
Келгусида Қонун лойиҳаси доирасида зўравонлик содир этишга мойил бўлган ёки содир этган шахсларнинг хулқ-атворини тузатиш дастури ишлаб чиқилади. Бунда лойиҳанинг зўравонлик содир этишга мойил бўлган ёки содир этган шахсларнинг хулқ-атворини тузатишга қаратилган қоидалари муҳим роль ўйнайди.
Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишда бевосита иштирок этадиган ваколатли органларнинг ваколатлари таърифланган. Шунингдек, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйишга доир якка тартибдаги чора-тадбирларнинг турлари қайд этилган.
Лойиҳада тазйиқ ва зўравонликда жабр кўрган шахслар учун тезкор алоқанинг ишлаш тартиби белгиланмоқда. Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрганларни махсус реабилитация марказларига жойлаштириш ва уларни у ерда сақлаб туриш механизми баён этилган. Ушбу тадбирларни ва лойиҳада баён қилинган бошқа тадбирларни молиялаштириш манбалари кўрсатилган.
Бу соҳадаги хорижий тажриба асосида лойиҳада ички ишлар органлари томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрганларга ҳимоя ордерини бериш механизми жорий этилмоқда. Ички ишлар органлари томонидан жабрланувчиларга ҳимоя ордери бериш тартиб-таомили ва оқибатлари белгилаб берилади. Ҳимоя ордери талаблари бузилганда шахс маъмурий жавобгарликка тортилиши назарда тутилмоқда.
Хорижий тажриба таҳлили ҳозирги вақтда зўравонликка, хусусан, маиший зўравонликка, хотин-қизларга нисбатан қўлланиладиган тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш муаммосига катта эътибор берилаётганини кўрсатмоқда. Бу масалани тартибга соладиган махсус қонунлар 120 дан ортиқ мамлакатда қабул қилинган. Айни чоғда, Ўзбекистон, Беларусь, Туркманистон ва Россия бундан мустасно.
Қонунни тайёрлаш доирасида халқаро декларациялар ўрганилди. Шунингдек, Австрия, Бразилия, Малайзия, Қозоғистон, Украина, Грузия, Арманистон, Озарбайжон, Молдова, Литва каби мамлакатларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари таҳлил қилинди.
Халқаро амалиётни, шунингдек тайёрланаётган қонуннинг таъсир доирасини ҳисобга олиб, лойиҳада қонун нормаси татбиқ этиладиган жой кўлами кенгайтирилган. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда хотин-қизларни зўравонлик ва тазйиқдан ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар қамровини тубдан оширишга кўмаклашади.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, авваламбор, жамиятда, турмушда, иш жойида, таълим муассасалари ва бошқа жойларда хотин-қизларга нисбатан ҳурматни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Зеро, лойиҳада хотин-қизларга нисбатан ҳар қандай тазйиқ ва зўравонлик ҳолларининг олдини олиш механизми қонунчилик даражасида мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Бундан ташқари, лойиҳада бу борада ваколатли давлат органлари жавобгарлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасида тегишли тузилмаларда ижтимоий шериклик механизми белгилаб олиниши кўзда тутилган.
Бунинг натижасида жамиятнинг зўравонлик ва тазйиқ ўтказишга муносабати ўзгаради. Аҳолининг турли қатламлари бундай салбий ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўради.
Қонун лойиҳасини тайёрлашда БМТТД, USAID каби халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари экспертларининг хулосалари олинди. Лойиҳа мамлакатимиз манфаатдор вазирликлари ва идоралари билан келишилган.
Лойиҳа жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирилди. Муҳокама жараёнида Қонун лойиҳаси 1 минг 477 нафар шахс томонидан кўриб чиқилди ва 45 та таклиф билдирилди. Қонун лойиҳаси ана шу таклифлар асосида такомиллаштирилди.
Ўз навбатида, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ўрнатилган тартибда Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига тақдим этилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
Матбуот хизмати
- Қўшилди: 05.08.2019
- Кўришлар: 9772
- Чоп этиш