ДАВЛАТ ДАСТУРИ ВА ҲУҚУҚИЙ ИСЛОҲОТЛАР ЗАРУРАТИ

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институтида “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури” лойиҳасининг муҳокамаси бўлиб ўтди.

"Янги Ўзбекистон" газетасининг 2021 йил 26 январь сонида қайд этилганидек, ушбу йиғилишда янги ташкил этилган Давлат ва ҳуқуқ институтининг илмий ходимлари, етакчи экспертлар, республикамизда кўзга кўринган амалиётчилар иштирок этди ва фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Давлатчилик ва қонунчиликни такомиллаштириш соҳасида фундаментал илмий тадқиқотларни олиб боришга ихтисослашган мазкур институт биринчи навбатда, миллий қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, миллий ҳуқуқий тизимни босқичма-босқич ривожлантириб бориш, амалдаги қонунларнинг халқаро-ҳуқуқий нормаларга мувофиқлигини таъминлаш, ҳуқуқшунослик йўналишидаги илмий изланишларнинг нуфузи ва салоҳиятини ошириш каби вазифаларни ҳал этиш билан шуғулланади.

Муҳокамада мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашга, ҳозирги ўзгаришлар даврида фуқаролар тегишли ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, Давлат дастури лойиҳасида келтирилган ва бошқарувда бир-бирини такрорлайдиган идоралар, функциялар ҳамда бюрократик тўсиқларни иложи борича қисқартириш, вазирлик, идоралар фаолиятида қарор қабул қилиш жараёнларини соддалаштиришга қаратилган таклиф ва тавсияларни кўриб чиқди.

Таъкидланганидек, лойиҳада кучли фуқаролик жамиятининг зарурий қисми бўлган ўзини-­ўзи бошқариш органларининг жамиятда тутган ўрнини кучайтириш, маҳалла институти фаолиятини такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтлари мавқеини ошириш мақсадида давлат органлари харажатлари бўйича жамоатчилик назоратини кучайтириш, нодав­лат нотижорат ташкилотларининг роли ва аҳамиятини, ижтимоий фаоллиги, фаолиятининг самарадорлигини оширишга яқиндан кўмаклашиш бўйича тегишли ишланмалар ҳамда механизмларнинг ишлаб чиқилиши билан боғлиқ таклифлар ўз аксини топган.

 

А.Тўлаганов, юридик фанлар доктори:

– “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури” лойиҳасида назарда тутилган бўлимлар, биринчи навбатда, пандемия билан боғлиқ бўлган ҳозирги вазиятни ҳисобга олиб, аҳоли, тадбиркор ва ишбилармонларнинг давлат томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланишига қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ушбу Давлат дастури лойиҳасида амалга ошириладиган тадбирлар ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя самарадорлигини ошириш, бу тизимга янги тартиб-таомилларни олиб кириш, жамиятда ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ ҳамда самарали ҳимоя қилиш, илм-фан, илмий изланишлар нуфузини янада оширишга хизмат қилади. Аҳолининг барча қатламлари вакиллари саломатлигини мустаҳкамлаш, камбағалликни қисқартириш, шунингдек, барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, пенсия ва нафақалар билан таъминлаш тизимини аҳоли манфаатларидан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқиш, тадбиркор ва ишбилармонларга қулай шарт-шароитларни яратиш, жамият ва давлат қурилиши тизимини тубдан такомиллаштириш, умуман олганда, Учинчи Ренессанс учун тегишли шароитларни вужудга келтиришга қаратилган.

Давлат дастури бўйича қуйидаги таклифларни илгари суриш мумкин:

биринчидан, жамият ва давлат қурилиши, суд-ҳуқуқ ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларни тартибга солишга қаратилган академик ҳуқуқий тадқиқотлар биринчи навбатда давлат дастури лойиҳасида келтирилган устувор вазифаларни ўрганиш ва тадқиқ этиш асосида эътиборга лойиқ илмий хулосалар ишлаб чиқарилишига қаратилиши лозим;

иккинчидан, лойиҳага янги авлод дарсликлари, ўқув ва илмий-методик адабиётларни яратиш, дарсларни самарали ва замон талабларига мос келадиган даражада ўтказишни таъминлаб бера оладиган модуллар ҳамда платформаларни киритиш  ўринли  бўлади;

учинчидан, Давлат дастури ло­йиҳасига давлат бошқарувининг самарадорлигини ошириш ва унинг янги шаклларини (ижро ва суд ҳокимияти функциялари ва вазифаларини оптималлаштириш, давлат органлари фаолиятида бир-бирини такрорлайдиган функцияларни бартараф этиш ва бошқалар) жорий этиш билан боғлиқ илмий ишланмаларнинг натижаларини киритиш керак;

тўртинчидан, Давлат дастури лойиҳасига маҳаллий давлат органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган аниқ таклифлар, хусусан жойларда бошқарувни тубдан яхшилаш, бунда жамоатчилик назоратини янада кучайтириш бў­йича “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунга аҳолининг ушбу йўналишдаги ваколатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш­ларни киритиш зарур.

 

М.Турғунов, юридик фанлар номзоди:

– Давлат дастури лойиҳаси 276 та банддан иборат. Лойиҳани Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг 2020 йилнинг 29 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида акс этган асосий ғоя ва таклифлари ҳамда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган асосий вазифалар асосида ишлаб чиқилганлиги эътиборга лойиқ.

Унда ўз аксини топган бандлар аҳолининг турмуш даражасини ошириш, пандемия шароитида уларнинг ижтимоий ҳимоясини тўлиқ таъминлаш, ислоҳотларни ҳуқуқий томондан таъминлаб бера оладиган қонунларни яратишга қаратилган.

Эътиборга лойиқ томони, Давлат дастури лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоят, туман, шаҳар ва маҳалла бош­қарувида самарадорликни ошириш учун ходимлар сони ва маошини ҳудуднинг ўзига хослиги ҳамда иш ҳажмидан келиб чиқиб белгилаш, қуйи тизим раҳбарлари ва ходимларини янгича талаблар, замонавий ахборот технологиялари асосида самарали ишлашга ўргатиш,  малакасини мунтазам ошириб боришнинг аниқ тизимини жорий этиш бўйича таклифларни ўз ичига олган қарор лойиҳаси ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, ­Ўз­бекистон Республикаси ­Президенти ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини на­зорат қилишнинг янги тизимини йўлга қўйиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш борасидаги тегишли вазифалар келтирилгани ҳам диққатга сазовордир. Давлат раҳбарининг топшириқларини ўз вақтида бажармаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик  масаласини янада  кучайтириш лозим.

 

 

М.Усмонов, фалсафа фанлари доктори:

— Хорижий тажриба шундан далолат бермоқдаки, халқаро жамият тараққиёти борасидаги илмий излaнишлар жаҳон миқёсида фуқaрoлик жaмияти ривож­ланишини таҳлил этиш, миллий давлат ва ҳуқуқ соҳаларининг ҳуқуқий aсoслaрини тaкoмиллaштириш, жамият, давлат ва фуқаролик институтлари мутаносиблиги масалаларини яқиндан ўрганишга қаратилган.

Бунда дaвлaтлaрнинг сиёсий, ижтимoий, гумaнитaр, ҳуқуқий вa иқтисoдий ривoжлaниш қoнуниятлaри, xaлқларнинг тaриxий, ­миллий вa мaънaвий қaдриятлaри, дунёқaрaши, урф-oдaтлaри, мeнтaлитeти, шунингдeк, дaвлaт вa фуқaрoлик жaмияти институтлари ўртaсидaги мунoсaбaтлaрнинг ўзигa xoс xусусиятлaри каби жиҳатлар ,  албатта ҳисобга олиниши лозим.

Жамоатчилик муҳокамасига қуйилган Давлат дастури лойиҳаси ҳозирги ўзгаришлар даврида жуда долзарб бўлган иқтисодий тараққиёт, рақамли жамият, рақамли иқтисодиёт, рақамли технологиялар каби йўналиш­ларда мавжуд бўлган масалаларнинг ечимини топишга хизмат қилади.

Лойиҳага ўрта ва қуйи бўғин бошқарув органларининг фаолиятини такомиллаштиришга, тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишга қаратилган аниқ ва самарали механизмларни киритиш лозим.

 

Ж.Тошқулов, юридик фанлар доктори:

– Давлат дастури лойиҳасининг мантиқий кетма-кетликда жойлаштирилган ҳамда давлат қурилиши, бошқарув ва ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларни жадаллаштириш борасидаги бандлар билан тўлдирилганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Ҳужжат ёшларнинг ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари борасидаги тегишли билимларни билиши зарурлигидан келиб чиқиб, инсон ҳуқуқларини боғча, мактаб, ўрта ва олий ўқув юртларида ўқитиш тизимининг илмий асослантирилган ва узоққа мўлжалланган концепция­си билан тўлдиришни тақозо этади.

Шунингдек, амалга оширилиши кўзда тутилаётган чора-тадбирлар “хуфиёна иқтисодиёт” улушини қисқартириш, иқтисодий соҳалардаги таҳликали йўналиш­ларни кўра билиш ва уларга қарши чоралар қўллаш, ижтимоий муҳофаза тизимини такомиллаштириш каби бандлар билан тўлдирилиши ҳам мақсадга мувофиқ.

Бундан ташқари, ҳар бир ўқувчи ёши ва билим даражасини ҳисобга олиб, дарслик, ўқув қўлланма ва кўргазмали материаллар яратиш орқали уларнинг салоҳиятини ошириш, яхши натижаларга эришган ёшларни олий ўқув юртларига имтиёзли тарзда қабул қилиш механизмаларини ўз ичига олган бандлар ўз аксини топиши лозим.

Умуман олганда, пандемия шароитида тадбиркорлик фаолияти ҳамда иқтисодий соҳадаги ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлашга замин бўла оладиган таклифларнинг Давлат дастурилойиҳасида ўз аксини топгани амалга оширилаётган туб ислоҳотлар самарадорлигида катта аҳамиятга эга.

 

Ф.Ҳамдамова, юридик фанлар номзоди:

— Давлат дастури ло­йиҳаси асосий тадбирлар билан бирга халқаро даражада амалга ошириладиган бир қанча эътиборга лойиқ ишланмаларни ўз ичига ­олади.

Уларнинг ичида универсал ва минтақавий даражадаги халқаро ташкилотлар билан алоқаларнинг самарадорлигини ошириш, умуман, ташқи сиёсатни амалга ошириш борасидаги ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, айниқса, Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатларни ривожлантириш борасида бир қанча чора-тадбирлар белгиланган.

Лойиҳадаги Ўзбекистон Қуролли Кучларининг фаолиятига бағишланган бандларни ушбу тадбирларни амалга ошириш механизмлари ва кутилаётган натижалар каби бандлар билан тўлдириш лозим.

Бундан ташқари, тегишли бандларга “Ўзбекистон Рес­публикаси томонидан БМТ Бош ассамблеяси 75-сессиясида илгари сурилган ташаббуслар­ни амалга ошириш” номли кичик бандни киритиш зарур.

Шунингдек, “Мамлакатларнинг пандемия шароитида ихтиёрий тарзда ўз зиммаларига олган мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодекс” ло­йиҳасини муҳокама қилиш, цивилизациялараро ало­қаларни ривожлантириш бўйича қатор давра суҳбатларини ўтказиш тўғрисидаги таклифларни киритиш мақсадга мувофиқдир.

Давлат дастури лойиҳасида шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича так­лифларни тизимлаштириш, мантиқий кетма-кетликда уларни жойлаштириш катта аҳамиятга эга. Бу дастур ло­йиҳасининг самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатади.

 

Л.Исҳоқова,

юридик фанлар номзоди:

— Давлат дастури лойиҳасида эътиборни тортадиган асосий йўналишлардан бири, бу — мамлакатимизда давлат бошқарувини такомиллаштириш масаласи. Дарҳақиқат,  мазкур йўналишдаги маъмурий ислоҳотлар катта аҳамиятга эга.

Лойиҳада ўз аксини топган бандлар мазкур соҳадаги бошқарувни ислоҳ этиш масалаларида катта тажриба ва кўникмага эга мутахассислар жалб этилган ҳолда ҳал этилиши ўринли бўлади.

Лойиҳадаги айрим термин ва тушунчаларнинг тўлиқроқ берилиши ҳам (масалан, 5-банд) дастурнинг самарали ҳамда сифатли амалга оширилишини жадаллаштиради.

Бундан ташқари, Конституция ва амалдаги қонунларда белгилаб қўйилган ҳамда Олий Мажлис палаталарининг давлат бошқаруви жойлардаги давлат ҳокимияти органлари билан самарали ва ўзаро манфаатли алоқаларини ташкил этишга қаратилган моддаларнинг мавжудлиги ҳар бир ижрочи учун тегишли имкониятларни келтириб чиқаради ҳамда  лойиҳа да белгиланган бандларнинг муваффақиятли амалга оширилишига замин яратади.

 

П.Маҳкамбоев, юридик фанлар номзоди:

 — Давлат дас­тури лойиҳасида Қуролли Кучлардан фойдаланиш борасидаги таклиф ва мулоҳазалар мамлакатимизда чегаралар дахлсизлиги ҳамда уларнинг муҳофазасини таъминлаш ишларида катта аҳамиятга эга.

Бундан ташқари республикамиз чегаралари билан боғлиқ масалаларнинг ушбу ҳужжатда ўз аксини топгани, бу борада давлат органлари вазифалари ҳамда функцияларининг пухта ишлаб чиқилгани эътиборга лойиқ.

Мамлакатимиз чегаралари муҳофазасини таъминлаш концепциясининг мазкур дастурга киритилиши давлатимизнинг ички ва ташқи функцияларини муваффақиятли равишда амалга оширилишида катта роль ўйнайди. Ушбу концепциянинг Давлат дастури лойиҳасининг асосий  мақсад ва вазифалари киритилган қисмидан жой олиши мақсадга мувофиқдир.

Давлат чегараларини қўриқлаш билан боғлиқ қонунчиликни ривожлантириш,  чегара борасидаги сиёсатни такомиллаштириш, энг асосийси, бу йўналишда мавжуд масалаларни ҳал этиш, албатта, дастурнинг тегишли бандларидан жой олиши зарур.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech