Диққат: "Бутунжаҳон болалар куни" онлайн кўрик-танлови

Бутунжаҳон болалар куни биринчи марта 1954 йилда Умумжаҳон болалар куни сифатида ташкил этилган ва ҳар йили 20 ноябрда халқаро ҳамжиҳатликни тарғиб қилиш, дунё бўйлаб болалар ўртасида хабардорликни кенгайтириш ва болалар фаровонлигини ошириш мақсадида нишонланади.

20 ноябрь - муҳим сана. Чунки 1959 йилнинг ушбу санасида БМТ Бош Ассамблеяси Бола ҳуқуқлари декларациясини қабул қилган. 1989 йилда 20 ноябрда эса БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинган.

Бола ҳуқуқлари - болага нисбатан инсон ҳуқуқлари тоифаси, ирқи, жинси, тили, дини, туғилган жойи, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулки, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар бир бола эга бўлиши керак бўлган ҳуқуқ ва эркинликлардир. Халқаро ҳуқуқда вояга етмаганларнинг барчаси бола деб тан олинган.

Бола ҳуқуқлари бўйича халқаро ва миллий даражада кўплаб махсус ҳужжатлар мавжуд. Бола ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбурий даражадаги асосий ҳужжат Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ҳисобланади. Конвенция 54 та моддадан иборат бўлиб, Нью-Йоркда 1989 йил 20 ноябрда қабул қилинган.

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция БМТнинг болаликни муҳофаза қилиш бўйича энг универсал ҳужжати ҳисобланади. Унда мустаҳкамлаб қўйилган бола ҳуқуқ ва манфаатларининг барча қирралари 2008 йил 7 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунида ўз ифодасини топган.

Азиз болажонлар, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти Сизларни Бутун жаҳон болалар куни билан мубарокбод этган ҳолда, онлайн кўрик-танловга таклиф этади.

Танловда Ўзбекистоннинг 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган барча  ўқувчи-ёшлари иштирок этишлари мумкин.

Танлов шартлари қуйидагича:

  1. Энг яхши ижро этилган қўшиқ: бунда, жорий йилда БМТ тузилганлигининг 75 йиллигига бағишланган "UN75" онлайн-тадбирида Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков ижодий раҳбарлигида Ўзбекистон Қаҳрамони, шоир Эркин Воҳидовнинг “Инсон” қасидаси асосида ўзбек, қозоқ, турк, араб, инглиз, рус, итальян ва тожик тилларида куйланган қўшиқни ижро этиб, видео кўринишда юборинг.
  2. Бола ҳуқуқларига оид энг таъсирли тайёрланган видеоролик: бунда Сиз ижодий ёндашган ҳолда болалар ҳуқуқларига оид роликлар тайёрлаб юборишингиз мумкин. 
  3. Бола ҳуқуқларига оид энг маъноли чизилган расм: Сиз ушбу йўналишдаги ўз ижодий намуналарингизни юборишингиз лозим.
  4. Бола ҳуқуқларига оид энг яхши тайёрланган ҳуқуқий маълумотлар: ушбу маълумотлар Сизнинг ижронгиздаги видеоролик кўринишида бўлиши лозим.

Баҳолаш мезонлари қуйидагича:

Ижодий ишнинг мавзуга мослигига – 50 баллгача;

Ижодий ишнинг таъсирчанлигига – 50 баллгача;

Танловда 4 йўналиш бўйича 3 нафардан мутлақ ғолиб ва мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 1 нафардан энг фаол иштирокчилар танлаб олинади.

Ғолибларга ҳамкор ташкилотлар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилади.

Танловни ташкил қилишдан асосий мақсад ва вазифалар қуйидагилардан иборат:

Ўқувчи-ёшлар ўртасида ҳуқуқий билимдонликни кучайтириш, уларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, ижодий салоҳиятларини, ватанпарварлик туйғулари, улар қалбида ёт ғоя таъсирларига қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантириш, юртимизда ўсиб келаётган ёш авлодни ҳуқуқий жамиятга бўлган ҳурмат руҳида тарбиялаш ва фахр туйғусини шакллантириш, мустақил ва эркин фикрловчи, қатъий эътиқодга эга бўлган юксак билимли, интеллектуал салоҳиятли, мустақиллик тамойилларига содиқ, жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол авлодни тарбиялаш ва юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини ёш авлод онгига чуқур сингдиришдан иборат.

Мазкур танлов жорий йилнинг 7 ноябрь куни бошланди. Танлов материаллари @Respublikatanlov профилида қабул қилинмоқда.

Танлов ғолиблари 20 ноябрь куни @YoshlarParlamenti_Senat телеграм каналида эълон қилинади.

Азиз болажонлар, барчангизга омад тилаймиз.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech