Мутахассисларнинг фикрича, ядровий арсеналларга эга тўққизта давлат 2024 йилда бу қуролларни ишлаб чиқаришни сезиларли даражада кучайтирган.
Яқинда “Euronews” нашри Стокгольм халқаро тинчлик муаммоларини тадқиқ қилиш институти экспертлари таҳлилларини эълон қилди. Ҳисоботда ёзилишича, глобал кескинликлар ва минтақавий можаролар фонида сўнгги 12 ой ичида ядровий қуроллар сони ортган.
Бугунги кунда дунё бўйича ядро қуроллари захираси 9 минг 614 та жанговар каллакни ташкил этади, бу рақам ўтган йилга нисбатан 0,3% га кўпдир. Таъкидланишича, Хитойнинг ядровий дастури “муҳим модернизация ва кенгайтириш ҳаракатлари” туфайли бошқа мамлакатларга қараганда тезроқ ўсиб бормоқда. Пекин ҳозирда ўлка шимолидаги учта йирик конда, шунингдек, шарқдаги тоғли ҳудудларда қитъалараро баллистик ракеталар учун янги жойлар қурмоқда.
2023 йилдан бери Хитой арсенали йилига 100 та ядровий бомба билан тўлдирилиб, жорий йилда уларнинг сони 600 тага етди ва дунёдаги учинчи ядровий давлат мақомини олди. ХХР ўн йилликнинг охирига келиб Россия ёки АҚШ каби кўплаб қитъалараро баллистик ракеталарга эга бўлиши мумкин, деб тахмин қилинмоқда.
Хитой ва Қўшма Штатлар ўртасидаги ядровий қурол билан боғлиқ масалалар бўйича кескинлик мавжуд. Бунга АҚШнинг Тайванни қўллаб-қувватлаши, шунингдек, Хитойга қарши иқтисодий санкциялар сабаб қилиб кўрсатилмоқда.
Эътиборли жиҳати, АҚШ ва Россия 2026 йилгача ядровий қуролларни камайтиришга ваъда беришган.
Маълумотларга қараганда Россия ва Қўшма Штатлар ҳали ҳам дунёдаги ядро қуролларининг қарийб 90 фоизига эга.
– Иккала давлат ҳам арсеналлар ҳажми ва хилма-хиллигини ошириш учун кенг қамровли модернизация дастурларини амалга оширмоқда, - дейишмоқда соҳа экспертлари. – Агар уларнинг захираларини чеклаш бўйича янги келишувга эришилмаса, стратегик ракеталарга жойлаштириладиган жанговар каллаклар сони ортиши мумкин.
Айни пайтда Франция ва Буюк Британия ҳам ядровий сув ости кемалари паркини кўпайтириш ниятида.
Европа давлатлари орасида Франция энг катта ядровий арсеналга эга бўлиб, уларнинг деярли барчаси жанговар ҳолатдалиги айтилади.
Ўтган йилдан бери Париж учинчи авлод сув ости кемаларида учириладиган ядровий ракеталарни, шунингдек, ҳаводан учириладиган янги қанотли ракеталарни яратиш дастурини давом эттирмоқда. Қолаверса, Британия ҳам тўртта янги ядровий баллистик ракета сув ости кемасини қуриш орқали денгиз ядро флотини кенгайтириш мажбуриятини олган.
Бир неча ҳафта олдин ҳукумат “AUKUS” дастури доирасида 12 та янги атом сув ости кемаларини қуришга сармоялар киритилишини эълон қилди. Британияликлар буни “ўсиб бораётган таҳдидларга жавоб” деб тушунтирди. Сармоянинг кўлами 17,5 миллиард еврони ташкил этади.
К.Бекжонов, ЎзА
- Қўшилди: 25.06.2025
- Кўришлар: 568
- Чоп этиш