Экологик маданият — экологик барқарорликка замин

Бугун сайёрамизда урчиб бораётган турли экологик таҳдид ва муаммолар бутун инсониятни ташвишга солмоқда. Дунёнинг қай бурчагида бўлмасин, иқлим ўзгариши, атмосферанинг бузилиши, сув танқислиги, тупроқ таркибининг ўзгариши, чўлланиш, яшиллик ва ўрмонларнинг камайиши, чиқинди муаммолари ўз бўй-бастини намоён қилмоқда. Бу каби ҳадсиз экологик инқирозлар, ўз навбатида, инсониятнинг экологик маданиятини юксалтиришни тақозо этади.

Маълумки, Ўзбекистон Экологик партиясининг фуқаролар экологик билимларини оширишга қаратилган ташаббуслари асосида “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. Аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришга қаратилган Концепцияда бир қатор устувор вазифалар ўз аксини топди. 

— “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасида юзага келаётган экологик муаммоларни самарали ҳал этиш ҳамда аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришда муҳим тарихий ҳужжат, десак муболаға бўлмайди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси Хайрулло Ғаффоров. — Мазкур қарор билан биринчи навбатда дастурий ҳужжатлар ва уларни амалга ошириш механизмлари сифатида 2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси, уни 2025-2026 йилларда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” ҳамда мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланган.

Концепциянинг асосий мақсади ўсиб келаётган ёш авлодда экологик билим, онг ва маданиятни шакллантириш ҳамда ривожлантириш, ушбу йўналишда таълим-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш, аҳолининг барча қатламларида экологик маданиятни, шу жумладан “яшил” истеъмол маданиятини янада юксалтиришдан иборат. 

Бу мақсадга эришиш учун 5 та муҳим йўналиш аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришнинг асосий вазифалари этиб белгиланган. Аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришнинг ҳуқуқий ва услубий базасини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш, экологик таълимни ривожлантириш, экологик маданиятни шакллантириш ва юксалтиришда оиланинг ҳамда таълим ташкилотларининг ролини ошириш, давлат органлари, маҳаллий вакиллик ва ижро органлари фаолиятини такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг ролини янада ошириш шулар жумласидандир.

Шунингдек, аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришда парламентнинг ролини ошириш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Концепция, “йўл харитаси” ва мақсадли кўрсаткичларга (индикаторларга) эришиш борасида чора-тадбирларнинг амалга оширилиши тўғрисида давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш, халқаро тажрибани ўрганган ҳолда экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган, — дейди халқ вакили.

Дарҳақиқат, ушбу муҳим ҳаётий қарор ўз вақтида қабул қилинган ҳужжат бўлди. Энг муҳими, унда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш орқали аҳолининг экологик маданиятини янада юксалтиришга, атроф-муҳит муҳофазасида ёш авлод ва кенг жамоатчиликнинг ролини оширишга эришиш мумкин. Экологик маданиятни юксалтириш эса экологик барқарорликка, экомуаммоларни юмшатишга хизмат қилади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech