Эзгу ишлар сарҳисоби ва устувор вазифалар

2020 йил Ўзбекистон тарихига алоҳида саҳифа бўлиб киради. Чунки ушбу йил, аввало Президентимиз 24 январда Мурожаатнома билан чиқди.

Давлатимиз раҳбари январь ойида депутатлар ва сенаторлар билан тўрт марта – Қонунчилик палатасида, Сенатда, Қўшма мажлисда ва Мурожаатнома қабул қилиниши жараёнида учрашдилар. Мана шу тўртта чиқишда Парламент фаолиятининг йигирмадан ортиқ энг устувор вазифаларини белгилаб берди.

Мурожаатнома ва Президентимизнинг депутатлар ва сенаторлар билан учрашувларида қўйилган масалалари қандай амалга оширилди? Қандай натижаларга эришилди, деган табиий савол туғилади.

Яна шуни айтиш керакки, қўйилган вазифаларда, бутун дунёни таҳликага солган пандемия балоси қўшимча бўлиб юзага келди. Шунинг учун ўйлайманки, мазкур йўналишда Қонунчилик палатаси, биринчидан давлат дастури, Мурожаатномада кўтарилган вазифалар ва ўзининг иш режаси асосида шартли равишда Қонунчилик палатасининг тўрт асосий йўналишдаги фаолияти ҳақида гапириш мумкин. Биринчиси, ҳар қандай

Парламентнинг энг асосий фаолияти бу унинг қонун ижодкорлиги, қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш фаолиятидир. Айтиш керакки, Қонунчилик палатаси пандемияга қарамай фаол иш олиб борди. Масалан, бу йил Қонунчилик палатаси 144 та қонун лойиҳасини кўриб чиқди. Бу ўтган йилга қараганда уч баробар кўп. Шулардан 69 та қонун қабул қилинди. Уларнинг 59 таси янги, 10 таси жамланма қонун. Кейин мана шу 59 та қонундан 11 таси депутатларнинг қонун ташаббускорлик ҳуқуқи асосида қабул қилинди. Айтиш керак, ҳамма қонунлар ҳам ўтгани йўқ. Бу йил 8 та қонун бўйича лойиҳа қайтариб берилди. Халқнинг, сайловчиларнинг манфаатларига тўғри келмаса, уларни қайтариш ҳоллари ҳам бор. Қонун ижодкорлиги фаолиятида Президентимизнинг битта шиори биз учун асос бўлди. Яъни, қонуннинг бирдан бир манбаи ва муаллифи халқ бўлиши керак. Мана шунинг учун ҳозир ҳар бир қонунни бизга келиб тушганидан кейин, албатта депутатлар ўзининг сайлов округларида муҳокама қилиш амалиёти жорий қилинди.

Айтиш керакки, бу йилдан бошлаб қонун ташаббускори қонунни биринчи ўқишда концепциясини тушунтириб беради. Бош прокуратура тавсия этган бўлса, бош прокуратура, конституциявий суд тався этган бўлса, конституциявий суд, ким ташаббус кўрсатган бўлса, ана ўша ташкилот келади. Агар шу қонуннинг кераклигини исботласа, ундан кейин иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қиламиз.

Қонунларни мухокама қилишда экспертларнинг фикрлари, ҳам миллий, ҳам хорижий экспертизадан ўтказиш амалиётини жорий этдик. Ҳозирги кунда тайёрланган "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонун лойиҳасида биз олтита хорижий ташкилотнинг хулосасини олдик. Европа кенгашининг Венеция комиссиясиники, ЕХҲТнинг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, АҚШнинг Бригам Янг университети, БМТнинг диний эркинликлар бўйича махсус вакили Ахмед Шахиднинг хулосаларини ва тавсия, шархларини олдикки, диний эркинлик, виждон ҳуқуқи ниҳоятда муҳим хуқуқ, чунки бизнинг қонунчилигимиз ҳам илғор тажрибага мослигини ўрганиб чиқяпмиз. Шуни айтишим керакки, қонун ижодкорлиги фаолиятининг суръатлари тезлашди. Кўриб чиқиш ниҳоятда қаттиқ бўляпти, депутатларнинг фаоллиги ошди. Ва яна бир жиҳат, пандемия туфайли биз том маънода электрон Парламент тизимини яратдик, деб айта оламан.

Президентимизнинг ташаббуси билан айтилдики, имкон қадар қонунларимиз тўғридан-тўғри ҳаракат қилувчи бўлиши керак. Қонун қабул қилувчининг бир нечта қонун ости ҳужжатлари бўлмасин, кўпинча оддий фуқаро Вазирлар Маҳкамаси ёки бирон вазирликнинг хуқуқий ҳужжатларини топишга қийналади. Қонунларни қабул қилишда жойларга бориб ўрганиб келишда қонунлардан "Аҳоли бандлиги тўғрисида"ги, "Геодезия ва картография тўғрисида"ги, "Қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида"ги, "Психологик ёрдам тўғрисида"ги, "Инновацион фаолият тўғрисида"ги қонунларни том маънода тўғридан-тўғри ҳаракат қилувчи қонунлар сирасига киритган бўлардим. Айтиш керакки, бу йил ғоят катта аҳамиятга эга бўлган яна 2 та қонун – "Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида"ги ҳамда "Таълим тўғрисида"ги қонун қабул қилинди. Жумладан, "Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида"ги қонун асосида 50 минг Ўзбекистон фуқароси, яъни 1995 йилгача Ўзбекистонга келган шахслар Ўзбекистон фуқароси, деган юксак номга сазовор бўлди.

"Таълим тўғрисида"ни қонунни олайлик. Бизда илгари таълим фақатгина кундузги шаклда бўлса, ушбу қонунда масофавий, инклюзив, кечки, нодавлат, хорижий мамлакатлар билан қўшма факультетлар тузиш каби ҳолатлар ўз аксини топди. Парламент имкон қадар ҳозирги кундаги ҳаёт қўяётган масалаларга жавоб беришга ҳаракат қиляпти.

Янгиланаётган Ўзбекистонда янгиланаётган Парламент шаклланмоқда. Мурожаатномада юртбошимиз Парламентнинг халқаро фаолиятини кескин яхшилаш масаласини қўйиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари лавозимини жорий этиш таклифи билан чиққан эди. Ва бу лавозим бугунги кунда жорий этилди. Унинг асосий фаолият йўналиши Ўзбекистон Парламентининг халқаро фаолиятини кучайтириш ва Ўзбекистоннинг халқаро

даражадаги имижи, нуфузини ошириш, халқаро парламертлараро ташкилотлар билан алоқаларни кучайтиришга йўналтирилган эди. Биз илк бор ўзимизнинг Парламент дипломатияси концепциясини қабул қилдик. Парламент дипломатияси ташқи сиёсатда дипломатиянинг муҳим бир йўналиши. Ўзбекистон ташқи сиёсатини, энг аввало, Президент белгилаб беради. Уни амалга оширувчи Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи савдо ва инвестиция савдо вазирлиги ўз йўналишида фаолият олиб бормоқда. Ташқи сиёсатнинг яна бир йўналиши Парламент дипломатияси ҳисобланади. Бу йўналишда ҳам жиддий қадамлар қўйилди. Ҳозирги кунгача Қонунчилик палатаси ва Сенатининг хорижий давлатларнинг парламентлари билан ҳамкорлик қилувчи 48 та дўстлик гуруҳи тузилди. Улардан 33 таси Қонунчилик палатаси даражасида тузилган. Улар билан ҳамкорликда йигирмага яқин онлайн музокаралар олиб борилди. Масалан, Франция, Россия, Малайзия Парламентлари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик шулар жумласидандир. Шу билан бирга, икки томонлама, кўп томонлама парламентлараро алоқалар кенг йўлга қўйилган. Ўзбекистон ҳозир учта Парламентлараро йўналишда иш олиб боряпти. Биринчиси, Парламентлараро иттифоқ. Бу дунёнинг 179 давлатида фаолият кўрсатади. Иттифоқнинг ташкил этилганига 130 йилдан ошди. Биз аъзолигимизни тикладик ва бу йил июнь ойида биринчи марта парламентнинг инсон хуқуқлари бўйича фаолиятини мустаҳкамлаш бўйича анжуман ўтказдик.

Иккинчиси, ЕХҲТ билан алоқалар. Илгари унинг тадбирларига фақатгина бориб келадиган бўлсак, ҳозир фаол иштирокчига айландик. Учинчиси, МДҲнинг Парламентлараро ассамблеяси. Бу ташкилотга биз эндигина аъзо бўлдик. Унинг айрим қўмиталарида Ўзбекистон вакиллари ҳам ишлаяпти. Бу соҳада ҳам биз алоқаларни ривожлантиряпмиз. Айтиш керакки, ҳозир Ўзбекистон Парламенти ўзининг ташқи сиёсати фаолияти йўналишларини белгилаб олди.

Сўнгги йилларда Президентимиз Ўзбекистоннинг халқаро индекс ва рейтингларда обрўсини юксалтиришга оид 24 та қарор қабул қилди. Бунда 2 гуруҳ рейтинглар бор. Биринчиси, иқтисодий, иккинчиси сиёсий-ҳуқуқий рейтинглар. Агар биз сўнгги йилларда иқтисодий рейтингларда ўсишга эришган бўлсак, сиёсий рейтингларда кўрсаткич жуда яхши, деб айтолмаймиз. Ўйлайманки, 2021 йилда бу борада ҳам юқорига кўтариламиз. Масалан, демократия, қонун устуворлиги, коррупцияни назорат қилиш, сўз эркинлиги ва ҳисобдорлик, жаҳон матбуот эркинлиги индекслари каби рейтингларда биз мавқеимизни кўтаришга оид амалий ишларни бошладик ва Қонунчилик палатаси ва Сенат билан биргаликда республика кенгашини туздик.

Халқаро мажбуриятларни бажаришга оид яна бир иш – Президентимиз ташаббуси билан БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини Ўзбекистонда бажаришда Парламент назоратини амалга ошириш бўйича иш олиб борилмоқда. Биз 2015 йилда Барқарор ривожланиш мақсадларига қўшилганмиз. Бу борада Ўзбекистоннинг миллий индикаторларини белгилаб олганмиз. Ундаги 16 та йўналишнинг ҳаммаси Парламентнинг фаолиятига тегишли. Ва биз иккита палата раҳбарлари бошчилигида Барқарор ривожланиш мақсадлари Парламент комиссиясини туздик. Уч ойда Парламент комиссиясининг бир нечта мажлисини ўтказдик. Палаталар ўз йўналишида тегишли вазирликларнинг ҳисоботларини эшитмоқда. 2020 йилда 19 та ҳукумат, давлат ва хўжалик ташкилотининг ҳисоботи эшитилди.

Ўзбек тилида Парламент ва барқарор ривожланиш, деган қўлланмани чоп этдик. Уни депутат ва сенаторларга тарқатдик. Барқарор ривожланиш мақсадлари дастури бўйича республика миқёсида чекланмай, вилоятлар ҳокимликлари камбағалликни камайтириш, меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, Гендер тенглиги бўйича нима қиляпти, деган масалага эътибор қаратдик. Бу ҳам ташқи фаолиятнинг устувор йўналишларидан бири.

Дунёда иккита давлатда Парламент назорати тўғрисидаги қонун бор. Биз бу йўналишда янги бир назорат тури – Хукумат соатини ташкил қилдик. Ҳукумат соати бир соат бўлади. Вазир ёки тегишли ташкилот раҳбарлари депутатлар қўйган саволларига жавоб беради.

Парламентнинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси тузилди. Илгари Парламент инсон ҳуқуқлари борасидаги қонунларни қабул қиларди. Энди эса инсон хуқуқлари соҳасида Ўзбекистоннинг

халқаро ҳуқуқ мажбуриятларини мониторинг қилиш бўйича Парламент комиссияси тузилди. Иккита палатанинг қўшма қарори асосида энди Ўзбекистон Парламенти халқаро шартномаларни фақатгина ратификация қилмайди, балки ижроия ҳокимияти томонидан қандай бажарилаётганини назорат қилади.

Президентимиз июнь ойида биринчи марта Инсон хуқуқларига оид миллий стратегияни имзолади. Унинг бажарилишини энди Парламент кўриб чиқади. БМТ қўмиталарининг кўпгина тавсиялари бевосита қонунчиликда ўз аксини топмоқда. Энди Парламент ҳар бир қонунни қабул қилишда учта мезон асосида ишлаяпти. Миллий тажриба, миллий ҳуқуқий амалиётни ҳисобга олиш ҳамда илғор хорижий давлатларнинг тажрибаси ва қонунчиликнинг халқаро стандартларига мослигини кўриб чиқиш керак.

Самарқанд форуми ҳам бу йилги энг йирик анжуманлардан бири бўлди. Президентимиз ташаббуси билан бу форум 2018 йилда илк марта ўтказилган эди. Бу йил пандемия бўлишига қарамай онлайн ўтказилган ушбу анжуманда мингдан ортиқ иштирокчи қатнашди. Самарқанд анжуманида элликка яқин аниқ таклифлар, аниқ моддалар берилди. Ёшлардаги асосий хулоса эса, Президентимиз илгари сурган ташаббуслар наинки юртимиз ёшларининг манфаати, балки бутун жаҳон ёшларининг манфаатларини ифодалашига халқаро миқёсда яна бир карра ишонч ҳосил қилинди. Ҳозир дунёда 2 миллиардга яқин аҳоли ўттиз ёшгача бўлган ёшлардир.

Бизнинг Парламент ҳам пандемия шароитида яшаш ва ишлашни ўрганди. Албатта, иш шакли ўзгарди. Масофавий ишладик, онлайн йиғилишлар ўтказилди. Том маънодаги электрон Парламент тизими яратилди. Депутатлар ўз ишини бир кун ҳам тўхтатмади. Худудлардаги халқ қабулхоналари, маҳаллий кенгаш билан ҳам ишлаяпти. Сайловчилар депутат олдига эмас, депутат сайловчилар олдига бормоқда.

Тўғри, ҳали бажарадиган вазифаларимиз кўп. Президентимизнинг Мурожаатномаси яна кўп йиллар учун дастуриламал бўлиши шубҳасиз.

Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари.

Манба: ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech