Фармон моҳияти: Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги мавқеини яхшилаш

Инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, иқтисодий фаолиятда эркинликни таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги моддий ва процессуал нормаларни такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар ҳар қандай мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини оширади. Зеро, мазкур йўналишдаги ислоҳотлар мамлакат тараққиёти, халқ фаровонлигини белгилаб берувчи муҳим омиллардан ҳисобланади.

Кейинги даврда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда амалга оширилаётган шиддатли ва қамровдор ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз халқаро имижини яхшилаш бўйича сезиларли ютуқларга эришилди. Бугун дунё ҳамжамияти Ўзбекистоннинг янги қиёфаси ҳақида гапираётгани бежиз эмас.

Хусусан, дунёдаги нуфузли нашрлардан бири – «Экономист» журнали Ўзбекистонни 2019 йилда ислоҳотларни энг жадал амалга оширган давлат – «Йил мамлакати» деб эътироф этди. Бу эътироф мамлакатимиз ички сиёсатида эришилган юксак натижаларга, шу билан бир қаторда, ташқи, жумладан, минтақавий сиёсатида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилиб, қўшнилар ўртасида ўзаро ишонч алоқалари мустаҳкамланганига берилган муносиб баҳодир.

Бу ҳақда сўз борганда, сўнгги тўрт йил мобайнида мамлакатимиз «Мерос» жамғармасининг «Иқтисодий эркинлик» индексида 52 поғонага, Жаҳон банкининг «Логистика самарадорлиги» индексида 19 поғонага, «Бизнес юритиш» индексида 18 поғонага кўтарилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шунингдек, Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг «Мамлакатларга хос хатарларни таснифлаш» тизимидаги 6-гуруҳ мамлакатлари қаторидан 5-гуруҳ мамлакатлари қаторига кўтарилгани диққатга лойиқдир.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг Халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида»ги фармони бу борадаги ишларни янада тезлаштириши шубҳасиз. Ушбу муҳим ҳужжат 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида қабул қилинди.

Ўзбекистонни дунёга танитиш, халқаро майдондаги имижини юксалтириш халқимиз фаровонлиги ва мамлакатимизнинг барқарор тараққиётига хизмат қилади. Бу ёрқин омил ҳар бир юртдошимизга қатъий ишонч бахш этиши билан бир қаторда, муайян масъулият ҳам юклаши тайин.

Фармон ижроси доирасида аллақачон муҳим амалий қадамлар қўйилмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ташкил этилди. Кенгашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий тараққиёт даражасини тизимли таҳлил қилиб бориш, турли соҳаларда амалга оширилаётган туб ўзгаришларнинг Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш мақсадларига хизмат қилишини таъминлаш, мазкур йўналишдаги ишларнинг самарадорлигига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш;
  • Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини такомиллаштириш, жамиятни демократлаштириш, илғор халқаро тажрибага асосланган давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш бўйича ташаббусларни илгари суриш;
  • давлат ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларини тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индекслардаги мамлакатнинг ўрнига таъсири нуқтаи назаридан комплекс баҳолаб бориш.

Молия ва Адлия вазирликлари – Кенгашнинг ишчи органларидир. Кенгаш назорати остида ишчи органлар бўйича тақсимланган устувор халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимизнинг ўрнини яхшилашга қаратилган таъсирчан чоралар ишлаб чиқилади ва амалга оширилади. Ушбу йўналишда тизимли халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Шу ўринда "энг муҳим кўрсаткичлар" деган тушунчага изоҳ бериш тақозо этилади. Гап шундаки, устувор халқаро рейтинг ва индекслар бўйича мамлакатимизнинг ўрнини яхшилаш – масъул давлат органлари биринчи раҳбарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг бош мезонларидан биридир. Бу бўйича энг муҳим кўрсаткичлар (KPI) белгиланган бўлиб, баҳолаш мезонлари ана шу кўрсаткичларга таянади.

Президент Фармонида энг муҳим кўрсаткичларга эришиш учун мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан қуйидаги ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ва Кенгашга тасдиқлаш учун тақдим этилиши зарурлиги белгилаб берилди:

биринчидан, 2020 йилнинг иккинчи ярми давомида амалга оширилиши лозим бўлган ташкилий чора-тадбирлар дастурлари;

иккинчидан, келгуси йилда амалга оширилиши лозим бўлган ташкилий чора-тадбирлар дастурлари.

Бу дастурларда халқаро рейтинг ва индексларнинг навбатдаги нашрида зарур кўрсаткични қайд этишга қаратилган амалий таклифлар, шунингдек рейтинг ва индексларни эълон қилувчи ташкилотлар ҳамда уларни тузишда фойдаланиладиган ахборот манбалари билан ҳамкорлик қилиш механизмлари назарда тутилиши лозим.

Масъул давлат органлари ҳамда тадқиқот институтлари тегишли рейтинг ва индекслар бўйича амалга оширилган ишлар ҳақидаги маълумотларни Кенгаш ишчи органларига мунтазам равишда тақдим этиб бориши зарур. Адлия вазирлигида ташкил этиладиган Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бошқармаси мазкур маълумотлар билан бевосита ишлайди.

Яна бир муҳим жиҳат: яқин фурсатларда «Ўзбекистон Республикаси халқаро рейтингларда» портали ишга туширилади. Молия вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда мазкур портал узлуксиз ишлашини таъминлаш ва уни янгилаб бориш учун масъул этиб белгиланган.

Бу янгиликларнинг барчаси ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга. Чунки ислоҳотларнинг ижобий натижалари, халқнинг эришган ва эришаётган ютуқларини дунё ҳамжамияти эътиборига тақдим этиш, ўз навбатида, алоҳида чора-тадбирлар ва мақсадли саъй-ҳаракатларни талаб этади. Бунда халқаро рейтинг агентликларининг хизмати айниқса каттадир.

Ҳозирги пайтда нуфузли халқаро тузилмалар томонидан 100 дан ортиқ халқаро рейтинг ва индекслар юритилади. Улар мамлакатлар ва компанияларнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий ва бошқа соҳалардаги тараққиётига баҳо бериш учун асос ҳисобланади.  

Маълумки, ҳар қандай давлат ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ўтказар экан, биринчи ўринда аҳоли турмуши фаровонлигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, мамлакатнинг халқаро миқёсдаги нуфузини мустаҳкамлашни асосий мақсад қилиб белгилаб олади. Мамлакатларнинг ана шу иқтисодий-ижтимоий кўрсаткичларини турли рейтинг агентликлари баҳолаб боради, улар ижобий ёки салбий ўзгаришларни асло эътиборсиз қолдирмайди. 

Кейинги йилларда Ўзбекистонда ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олган улкан шиддатли ўзгаришлар рўй бермоқда. Буларнинг барчаси халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда. Айниқса, халқаро рейтинг агентликлари ўз индексларида Ўзбекистонни юқори ўринларда қайд эта бошлаётгани мустақиллик йилларида биринчи бор кузатилмоқда. Бу давлатимиз учун, халқимиз учун жуда катта ютуқ, албатта.

Афсуски, айрим раҳбарлар рейтинглар билан ишлашга етарлича эътибор қаратмагани туфайли халқаро ташкилотлар томонидан ўтказилган сўровларда ислоҳотларимизнинг аксарият самаралари ўз аксини топмай келаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бунинг оқибатида муайян етакчи халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон ҳалигача қуйи поғоналарда қолмоқда.

Шу маънода, 2020 йил 12 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашининг биринчи ташкилий йиғилиши бўлиб ўтгани муҳим аҳамиятга эгадир.

Видеоконференция шаклида ўтказилган тадбирни олиб борган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши раиси Танзила Норбоева таъкидлаганидек, агар шу пайтгача барча вазирлик ва идоралар бу йўналишда бир-бири билан келишмаган ҳолда иш олиб борган бўлсалар, эндиликда уларнинг бу йўналишдаги фаолияти Кенгаш томонидан тўлиқ мувофиқлаштирилиб, назорат қилиб борилади.

Бундай қатъий ва тизимли ёндашув ушбу комплекс жараённинг муваффақиятли кечишини, мазкур йўналишда мавжуд барча имкониятлар ишга солинишини таъминлайди. Бунда барча вазирлик ва идоралар фаолияти мамлакатимизнинг халқаро рейтингларидан келиб чиқиб баҳоланишига урғу берилди.  Бу, ўз навбатида, давлат тузилмаларининг ушбу масаладаги масъулиятини сезиларли даражада ошириш имконини беради.

Ҳақиқатан ҳам, эндиликда халқаро рейтинг ва индекслар мамлакатимиз ҳаётининг кўзгусига айланиши керак. Токи, бу кўзгуда ҳаққоний сиймосини кўрган халқимиз ўз ҳалол меҳнатидан кўнгли тўлсин ва рози бўлсин.

Қолаверса, дунёда Ўзбекистоннинг дўстлари ва яқин ҳамкорлари янада кўпайсин. Бинобарин, халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини, хорижий инвесторларнинг қизиқишини қозониш кўп ҳолларда нуфузли халқаро рейтинг агентликларининг баҳоларига боғлиқ бўлади.

Ғулом Мирзо

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech