“Термиз” халқаро савдо марказида бир кун
Тинчликпарварлик ғоялари Термизнинг қадимги довруғини қайта тикламоқда
Ўзбекистон – Афғонистон чегарасидаги “Термиз” халқаро савдо маркази эркин савдо зонаси икки халқнинг иқтисодий-ижтимоий, гуманитар, савдо-сармоявий соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини янги форматда ривожлантиришга хизмат қилаётир. Мамлакатларимиз тадбиркорларининг учрашувлари, кўргазма ва савдо ярмаркалари ўтказиладиган дўстлик кошонасига айланмоқда.
Ўтмишдан ўзбек ва афғон халқларини яқин қўшничилик, ўзаро дўстлик ришталари боғлаб келган. Амударёнинг икки қирғоғида яшайдиган ён қўшниларни муқаддас диний-маънавий қадриятлар, бир-бирига ўхшаш удумлар бирлаштириб турган. Аждодларимиз савдо-сотиқ, илм-фан ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Бир неча минг йиллик тарих боғлаб турадиган бу ришталар халқларимизнинг биргаликда ноёб маданият яратишида муҳим омил бўлган.
Ўзбекистон кейинги йилларда Афғонистон билан муносабатларини тамомила янги ёндашув асосида намоён этаётгани ва икки томонлама ҳамкорлик изчил қарашлар билан ривожланаётгани халқаро доираларда ҳам эътироф этилмоқда. Давлатимиз раҳбари илгари сураётган ғоялар тинчликпарварликка, афғон халқининг яшаш тарзини яхшилашга, мамлакат барча масалаларини ўзаро мулоқот асосида бартараф этишига қаратилгани билан жаҳон ҳамжамияти эътиборини тортмоқда.
Президентимиз Афғонистон масаласига ҳамиша дунё нигоҳини қаратиб келади. Масалан, БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида давлатимиз раҳбари “ҳозирги қийин даврда Афғонистонни яккалаб, уни муаммолар гирдобига ташлаб қўйиш мумкин эмас”лигини алоҳида таъкидлаган эди. Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеясида сўзлаган нутқида ҳам “Бизга қўшни бўлган Афғонистон ҳақида тўхталиб ўтмаслик мумкин эмас. Ушбу мамлакатнинг халқаро майдонда яккаланиб қолишига йўл қўймаслик, амалдаги ҳукумат билан конструктив мулоқот ўрнатиш, Афғонистонга Марказий Осиё минтақасининг ажралмас қисми ва янги имкониятлар макони сифатида қараш лозим, деб ҳисоблаймиз. Бу борада парламентларнинг кўмагига ишонамиз”, деган ғояни яна ўртага ташлади.
Ўзбекистон ён қўшни Афғонистон тадбиркорларининг мамлакатимизда ўз бизнесини юритиши учун қулай муҳит яратган. Жумладан, биргина Сурхондарё вилоятида афғонистонлик ишбилармонлар иштирокида икки юздан ортиқ корхона бор. Вилоятнинг Афғонистон билан ташқи савдо айланмаси ҳам ўсиб бормоқда.
Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган қадимий Термиз дунёнинг йирик савдо-маданий маркази сифатида Ғарбу Шарқни бир-бирига боғлаб турган. Президентимизнинг сиёсий иродаси билан бу шаҳар яна ўтмишдаги довруғини қайта тиклаб, сайёрамиз тадбиркорлари ва афғонистонлик ишбилармонларни ўзаро ҳамкорлик қилишга чорлаётгани таҳсинга сазовордир.

Халқаро тижорат ва мулоқот майдони яратилди
Ўтган йил фойдаланишга топширилган “Термиз” халқаро савдо маркази эркин савдо зонаси ҳам ўз-ўзидан бунёд этилгани йўқ. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қад ростлаган савдо зонасининг лойиҳа қиймати 70 миллион долларни ташкил этади. 36 гектар майдонни эгаллаган замонавий йирик иншоотда савдо-сотиқ, тиббий ва бошқа хизматлар кўрсатиш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун барча шароит мавжуд. Яратилган имтиёзлар доирасида барча чет давлат фуқароларига Афғонистон томондан Ўзбекистонга кириш визасисиз 15 кун марказда бўлиш ва чиқиш имконияти берилган. Мультивалюта, яъни Ўзбекистон сўми билан бирга АҚШ доллари, евро, Россия рубли ва юань қабул қилиш тизими жорий этилган.
Марказ ҳудудига келувчи барча товарлар божхона тўловларисиз жойлаштирилиб, чиқарилади. Ҳудудда банклар, нотариуслар ва бошқа давлат хизматлари кўрсатиш марказлари фаолият юритмоқда. Ресторан, меҳмонхона, йилига 900 минг тонна юк айланмаси қувватига эга йирик логистика маркази, бир йилда 100 минг юк машинасини қабул қилиш қувватига эга автотураргоҳ қурилган. 50 минг квадрат-метр майдонда барпо этилган савдо дўконлари иш бошлаган дастлабки пайтда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган рақобатбардош маҳсулотларни афғонистонликлар ва Афғонистон тарафдан келган бошқа хорижлик меҳмонларга, Афғон ишбилармонлари эса ўзбекистонликларга ўз маҳсулотларини тақдим этган бўлса, эндиликда бу ерда Хитой ва Қозоғистон давлатлари ҳам савдо уйларини очиб, саноат ва истеъмол товарларини афғонистонлик харидорларга таклиф этмоқда. Россия, Тожикистон, Беларусь каби давлатлар эркин савдо зонаси имкониятларидан фойдаланиб, ўз маҳсулотларини жойлаштиришга қизиқиш билдирмоқда.
Бу жараён Марказий Осиёда ҳозирча муқобили йўқ савдо зонаси Термизнинг қадимги савдо йўлини замонавий қиёфада қайта тиклаётганини дунёга кенг намойиш эта бошлади. Зеро, йирик марказ фақат ўзбек-афғон муносабатларини ривожлантиришга хизмат қилиб қолмай, балки бошқа давлатларнинг ҳам савдо-сотиқда Афғонистон билан алоқаларини йўлга қўйишга, шунингдек, Покистон ва бошқа мамлакатлар тадбиркорларига саноат, истеъмол товарлари савдоси ҳамда экспортини ўстирадиган том маънодаги халқаро тижорат ва мулоқот майдонига айланмоқда. Жафокаш афғон халқининг ҳам халқаро майдонда яккаланиб туришга эмас, мулоқот ўрнатишга ҳақли ва тайёр эканини кўрсатмоқда.

Ёшлар қалбида чечак отаётган аждодлар орзуси
Одамлар билан гавжум марказ павильонларида бўлсангиз, бу ерда меҳнат қилаётган кўплаб афғон тадбиркорларини учратасиз. Уларнинг харидорларга хушмуомалалик билан ўз товарларини таклиф этаётганига тез-тез дуч келасиз. Дўконларда дид билан териб қўйилган чинни буюмлари, кийим-кечагу, бош кийимлари, пойабзаллар, нафис гиламу, қадоқланган шифобахш зафарон малҳамлари ва бошқа тайёр маҳсулотлар эътиборингизни тортади.
Павильондаги савдоси қизиётган дўконлардан бирига назар ташладик. Қўшни мамлакат тадбиркори бир гуруҳ ўзбек аёлларига дўконда дид билан териб қўйилган гиламни таърифламоқда.
– Бу полиэтилен ипдан тўқилган, – дейди у. – Ўзига чангни тез юқтирмайди. Ювилиши осон. Жуда чидамли. Сифатига нисбатан нархи ҳам арзон. Гуллари чиройли. Хонага зеб бериб туради. Истасангиз бошқа гул солинганларини ҳам кўрсатаман.
Афғон тадбиркорига яқинлашиб, гиламнинг сифати, тўқилиши билан қизиқаман.
– Қўлда тўқилганми?
– Йўқ, заводники, – дейди у. – Ўта пишиқ. Рангги ҳам осонликча ўчиб кетмайди.
Гиламни оҳиста силаб, рангларига меҳр билан кўз ташлаётган аёллардан бирига юзланаман.
– Бу гилам Термиздаги дўконларда ҳам борми?
– Мен Денов туманидаги Сина қишлоғиданман, – дейди суҳбатдошим. Исмим Анора. Фамилиям Хўжаева. Бунақасини Деновда ҳам, Термизда ҳам учратмадим. Термизга меҳмонга келган эдим. Қариндошларим томоша қилиш учун шу ерга ҳам етаклаб келишди. Жуда катта бозор экан. Бу гиламнинг пишиқ ва чиройлиги эътиборимни тортди. Айниқса, қишлоқ жойларга мос. Савдосини келишсак, олиб кетмоқчиман.
Павильонларни айланиб, “PHARMA COSMOS” компаниясининг дорихонасига кирдик. Афғонистондан келган қўшнилар навбат билан дори харид қилмоқда.
– Бизда ҳам дорихоналар кўп, – дейди ўзини Жамшид Аминпур, деб таништирган афғонистонлик харидор. – Лекин, дорилар сифатига кафолат йўқ. Кейинги пайтларда ўзимда қандайдир ҳолсизликни сеза бошлаган эдим. Савдо зонасига келиб, “Akfa Medline Ayritom” клиникасида тиббий кўрикдан ўтдим. Шифокорлар муолажа олишим учун дори-дармон ёзиб берди. Бу ерда дорилар ишончли ва арзон бўлгани учун барчасини шу дорихонадан харид қилдим.
Бошқа бир дўконда Афғонистондан олиб келинган янги товарларни тахлаётган ишбилармоннинг ҳаракатларини кузатдик. У кийим-кечакларни шашт билан тахлаб бўлгач, дўконга таклиф этди. Танишиб, анча суҳбатлашдик. Афғонистоннинг Шибирғон шаҳридан Файзулло Ханиф, ёши 25-27 атрофида.
– Бизга бағрини очиб, шундай имконият берган давлатингиздан жуда миннатдормиз, – дейди Файзулла. – Афғонистондан кунлик қатнаб, савдо қиламиз. Барча шароит бор. Истасак шу ерда ҳам қолишимиз мумкин. Тинч, осойишта жой. Ота-боболаримиздан эшитишимизча, бир замонлар аждодларимиз Амударё бўйидаги эски Термиз шаҳрида савдо-сотиқ билан шуғулланган экан. Боболаримиз ўша даврнинг қайтишини қумсаб, оламдан ўтди. Уларга бу кунларни кўриш армон бўлиб қолди. Ўтмишдаги анъанамиз қайта тикланганидан шодмиз.

Ўзбекистондаги тинчлик-тўкинлик ва дўстона алоқаларимиз абадий бўлсин!
Бундай илиқ гапларни мезбону, турли давлатлардан келган меҳмонлар билан гавжум марказда харидор сифатида юрган, дам олиш, даволаниш учун келган ёки меҳнат қилаётган афғон биродарлардан ҳар қадамда эшитишингиз, озод ва обод Ватанда яшаётганингиздан фахр ҳиссини туйишингиз мумкин...
Эрта тонгдан Термизни иссиқ тафти билан оҳиста силаб, Афғонистон тарафга энган қуёш сарғая бошлади. Шом яқинлашмоқда. Эркин савдо зонасида ҳаёт қайнаётир. Қўшниларимиз харид қилган турли маҳсулот ва буюмларини тахлаб, Амударёнинг нариги қирғоғига отланмоқда.
Савдо зонасининг қўшни давлат тарафида шошилаётган юртдошларини кузатиб турган ўрта ёшлардаги афғонистонлик меҳмон билан саломлашдим. Ҳол-аҳвол сўрадим.
– Бу биродарлар шунча молни рўзғор учун сотиб олганми, – савол бердим ҳайратлангандек бўлиб.
– Кўп мол олганлари тужжорлар, – сокин жавоб берди меҳмон. – Дўконлари бор. Олиб бориб, сотишади. Ҳов, кам мол олганлари оилалари учун харид қилган. Бу жойнинг қурилгани биз учун катта имконият бўлди. Кўплар шу ерда ишлаб, рўзғорини тебратмоқда. Кўплари мол олиб кетиб, мижозларига етказиб бермоқда. Даволаниш, дам олиш учун оилавий келаётганлар ҳам кўп. Улар ҳам қайтаётганида у бу нарса савдо қилиб кетади. Ҳар сафар бу ерга келганимда Яратгандан оғир дамларимизда бизни қўллаган ва қўллаётган Ўзбекистоннинг тинчлик-тўкинлиги ва дўстона алоқаларимиз абадий бўлишини сўрайман.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири
- Қўшилди: 21.04.2025
- Кўришлар: 89
- Чоп этиш