Жорий йил 5 декабрь куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, экспертлар, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда “Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини янгича ёндашувлар асосида такомиллаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тузилмасида Болалар билан ишлаш бошқармаси ташкил этилди. Бундан ташқари, мазкур Бошқармага ички ишлар органларидан вояга етмаганлар масалалари бўйича катта инспектор-психологлар ва инспектор-психологлар лавозимлари штати ўтказилди.
Шу билан бирга, янги ташкил этилган лавозимлар, шу жумладан инспектор-психологлар ва болалар билан ишлаш бўйича инспектор-психологлар фаолияти трансформацияси жараёнида уларнинг ваколатларини аниқлаштириш учун қонунчиликка ўзгартириш киритишни тақозо этмоқда.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Болалар билан ишлаш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларининг маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни, шу жумладан болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича мажбуриятларни бажармаганлик, жамоат жойларида тамаки ёки алкоголь маҳсулотини истеъмол қилганлик, шунингдек вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилганлик бўйича ишларни кўриб чиқишга ҳамда жарима тариқасидаги маъмурий жазо чораларини қўллашга доир ваколатларини мустаҳкамловчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органларининг вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига, болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, Қўмита мажлисида “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида”ги Қонун ҳам муҳокама қилинди
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасида қонуний асосларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эгалиги, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно эканлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги Фармонида янги таҳрирдаги Конституциянинг 32-моддасида белгиланган мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқи тўлиқ рўёбга чиқарилишини таъминлаш мақсадида “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Қонунни ўз кучини йўқотган деб топиш ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтишлари ва турар жойи бўйича хабардор қилишлари тартибини белгиловчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқилиши лозимлиги белгиланган.
Шу боис Ички ишлар вазирлиги томонидан тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Қонунчилик палатаси томонидан қонун қабул қилинди.
Қонун билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтишлари ва турар жойи бўйича хабардор қилишлари ҳамда уларни яшаш ва турар жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги асосий принциплар ҳамда тушунчалар белгиланмоқда.
Сенаторлар таклиф этилаётган Қонун билан фуқароларнинг эркин ҳаракатланиш ва яшаш жойини танлаш бўйича ҳуқуқлари мустаҳкамланиб, у ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳамда фуқароларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиши ҳақидаги мурожаатларни кўриб чиқишда ортиқча бюрократик ҳамда коррупциявий ҳолатларнинг олди олинишига хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.
Муҳокама якуни бўйича Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
- Қўшилди: 06.12.2024
- Кўришлар: 682
- Чоп этиш