Ғалаба баённомасини олиб келган ўзбек

Ушбу мақолада фашистлар Германиясининг сўзсиз таслим бўлгани — капитуляцияси тўғрисидаги акт — баённомани Берлиндан Москвага етказишдек шарафли вазифани адо этган ўзбек ўғлони Абдусамат Тайметов ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.

Бемисл кулфату оғир жудоликлари билан инсоният тарихида мудҳиш из қолдирган фашизм балоси устидан қозонилган ғалабага бу йил 80 йил тўлади. Бутун дунё тинчликпарвар халқлари бу кунни катта байрам қилади, уруш ва унинг сабабчиларини лаънатлайди.

Ушбу мақолада фашистлар Германиясининг сўзсиз таслим бўлгани — капитуляцияси тўғрисидаги акт — баённомани Берлиндан Москвага етказишдек шарафли вазифани адо этган ўзбек ўғлони, ҳарбий транспорт ва фуқаро авиациясидаги биринчи ўзбек учувчиси, “Ли-2” экипажи командири Абдусамат Тайметов ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.

Абдусамат Тайметов 1909 йил 5 январда Сирдарё вилояти Туркистон уездининг (ҳозирги Қозоғистон) Чернак қишлоғида туғилган. Ёшлигидан меҳнатсевар ва билимга интилувчан бўлгани учун мактабда яхши таҳсил олди.

Табиатан қизиқувчан эмасми, болалик чоғларида унда бир “касаллик” пайдо бўлди, уни осмон бор сеҳру жозибаси, чексиз сиру синоати билан ўзига чорлар эди. У жамоа хўжалигига берилган янги “Фордзон” ­тракторини илк бор кўрганида “Бу нима экан, қандай ҳаракатланяпти?” дея ўйлаб қолар, бу жумбоқнинг тагига етишни хоҳларди. Қишлоғи осмонидан учиб ўтадиган “само кемалари”ни кўрганда эса батамом ўзини унутар, бу қанотли мўъжизаларга боққан сари юраги ҳаприқиб, ўзининг ўрни ерда эмаслиги, осмон учун туғилганини ҳис этарди. Бироқ ёш Абдусаматнинг парвоз қилишига ҳали анча вақт бор эди.

1932 йилда у планер мактабига ўқишга кирди. Планердаги парвозларда қаҳрамонимиз бу айнан севимли машғулоти эканига қатъий ишонч ҳосил қилди. Шунинг учун 1933 йили 3-фуқаро ҳаво флоти учувчилари ва техниклари бирлашган мактабига кириш учун ариза топширди. Қабул қилинган икки мингга яқин курсант орасида Тайметов ягона ўзбек эди.

Икки йиллик таҳсил давомида ёш учувчи “У-2” ўқув самолёти, “П-5” йўловчи, “Р-5” енгил бомбардимончи самолётларини бошқаришни ўрганди. Шундан сўнг уни жонажон республикасига — Ўзбекистон авиация отрядига ишга тайинлашди.

Қаҳрамонимиз маҳаллий йўналишлар, шунингдек, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қозоғистоннинг кўплаб шаҳарларига парвозларни амалга оширди. Туманлар марказларида янги кичик аэродромлар ва йўналишлар ташкил этишда ҳам фаол иштирок этди. 1940 йилга келиб, у турли типдаги якка ва кўп моторли самолётларда парвоз қилишни ўзлаштириб олган эди.

Аэроклуб курсантлари гуруҳида йўриқчи вазифасида фаолият юритган вақтида ўзбек миллатига мансуб биринчи парашютчи қизлардан саналган Бибинисо Болтабоевани севиб қолиб, у билан оила қурди.

1941 йилнинг 22 июнида Иккинчи жаҳон уруши бошлангани ҳақидаги хабар бутун дунёни ларзага солди. А.Тайметовнинг ўзини фронтга жўнатиш тўғрисидаги барча мурожаатлари жанговар ҳарбий қисмлар учун учувчилар тайёрлашнинг аҳамияти тўғрисидаги важ билан рад этилди. Чунки фронт учун ҳарбий учувчиларни тезкор тайёрлаш зарурати пайдо бўлганди. Маҳоратли учувчи шу пайтгача соҳада ўзининг юксак салоҳиятини намойиш этган бўлса-да, энди Сирдарё шаҳарчасидаги учувчилар тайёрлаш эскадрильясида командир лавозимида ўзига топширилган масъулиятли вазифани юқори даражада бажариши керак эди.

У 1941-1942 йилларда 71 учувчини тай­ёрлади. 1943 йилда 30 дан ортиқ “Ли-2” ­самолётини фронтга етказиб бериш вазифасини шараф билан адо этди.

Ниҳоят 1944 йилга келиб, қўмондонликдан фронтга жўнатишларини сўраб ёзган аризасига ижобий жавоб олган Абдусамат Тайметов Тошкентдаги 84-авиазаводда ишлаб чиқарилган “Ли-2” самолётлари билан қуролланган 10-гвардиячи авиация дивизиясига юборилди.

Бу самолёт йўловчи ташишга мўлжалланган бўлса-да, заводда унинг жанговар ҳаракатлар учун такомиллаштирилган варианти ишлаб чиқариларди. Унга ҳимоя пулемёти, бомба илгичлар ва десант ташлаш жиҳозлари ўрнатилган эди. Бу самолёт ҳақида учувчилар “Унинг учишига халақит бермасанг бўлди”, дейишарди. Шу билан бирга, бу самолётда учиш бомбардимончи самолётда парвоз қилишдан кўра анча қулай, сабаби унда кабинадан ташқарига чиқиш, чигал ёзиш мумкин эди.

Тунги парвозлар — жуда жиддий ва масъулиятли вазифа. Фронт чизиғи анча узоқ, разведка гуруҳини душман ҳудудига ташлаш, партизанлар учун озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-аслаҳа ва ўқ-дори етказиш, ярадорларни жанг майдонидан олиб чиқиш, болалар, аёллар ва кексаларни хавфсиз ҳудудга эваку­ация қилиш, қоронғида нотаниш жойларга қўниш, йўналишни фақат олов ёғдусида аниқлаш каби қатор қийин ва хавфли вазифаларни бажариш қаҳрамонимиз бошлиқ экипажга юклатилган эди.

Абдусамат Тайметов хотираларидан

“Уруш гарчи узоқ Ғарбда кечаётган бўлса-да, у бизнинг ҳам елкамизга ўз оғирлигини ташлаган эди. Биз ҳозирча жанговар ҳаракатларда бевосита иштирок этмасдик ва бу ҳолат бизни азобларди. Менинг жойим фронтда деб ҳисоблардим. Ариза ёздим. Айтишдики, “Фронт учун учувчиларни тай­ёрлаш муҳим”. Ҳаракатдаги армия сафига юборишларини сўраб ёзган иккинчи аризам қондирилди. 71 учувчини тайёрлаб берганимдан сўнггина менга фронтга боришга рухсат берилди. 71 учувчи бир авиация полкига тенг шахсий таркиб эди. “Ли-2” самолётида учиш бўйича қайта тайёргарлик курсини тамомладим. Менга Тошкент авиазаводида ишлаб чиқарилган “Ли-2” самолётларини фронтга учириб олиб бориш вазифаси юклатилди. 1943 йил давомида

30 дан ортиқ самолётни учириб олиб бордим. Лекин бу ҳали урушда қатнашдим дегани эмасди.

Мана, 1944 йилнинг феврали. Внуково ­аэропорти. Мен 10-гвардиячи тунги авиация дивизиясининг иккинчи Херсон полки кема командириман. Капитан Никита Богданов билан “Си-47” самолётида бир неча машқ парвози ва биринчи жанговар парвозни амалга оширдик. Американинг қўшимча ёқилғи бакига эга, кўп моторли “СИ-47” самолёти тўхтовсиз 20 соат парвоз қила олар эди. Ундан фронт чизиғидан узоқда жойлашган партизан бўлинмалари таъминоти учун фойдаланиларди. Борт 3-4 тонна миқдордаги юкни ташиш ёки 25 нафар ярадорни жанг майдонидан олиб чиқиш учун жиҳозланган бўлиб, экипаж 5 киши — кема командири, иккинчи учувчи Пётр Гордиенко, штурман Николай Смирнов, бортмеханик Василий Демин ва бортрадист Михаил Калинкиндан иборат эди. Экипаж самолётга тезда кўникди, биргаликда юқори даражадаги ҳаракатлар уйғунлигига эришди.

Афсонавий партизанлар командири Ковпак отрядлари жойлашган манзилга амалга оширилган парвоз хотирамда қолган. Ковпак радиограмма орқали унинг бўлинмасини немислар қуршовга олганини, ёриб ўтиш учун ярадорлар кўплиги халақит бераётганини хабар қилди. Биз тунда бортга уч ярим тонна ўқ-дори ва дори-дармон юклаб осмонга кўтарилдик. Фронт чизиғини муваффақиятли ортда қолдирдик, зенитчилардан ва ёритқичлардан ўтдик. Булутларнинг пастлиги ердаги нишонларни ёпиб турарди. Қўндик.

Мен биринчи бор “кўринмас одам” — партизанлар командирини кўрдим. Ўзимни таништирдим. Ковпак менинг қўлимни сиқиб қўйди ва биз бортга қанча ярадор олишимиз мумкинлигини сўради. Мен “Йигирма бешта”, деб жавоб бердим. Ковпак бош силкиб маъқуллаб қўйди, эътироз билдирмади. Самолётдаги юкларни тушириб, ярадорларни чиқаришни бошлашди.

— Сендаги Америка ёритқичи зўр экан, менга совға қилмайсанми? Мен сенга немис фуражкасини бераман, уруш тугаса, болаларингга кўрсатасан, — деди Ковпак.

Мен унга ёритқичимни ҳадя қилдим. У хурсанд бўлди ва астойдил раҳмат айтди. Шу пайт иккинчи учувчи Пётр Гордиенко ярадорларни бортга чиқариш якунлангани ҳақида хабар берди.

Мен Ковпак ва унинг қуролдошлари билан хайрлашдим. Бир дақиқадан сўнг самолётимиз ердан оғир кўтарилди. Биз форсажда дарахт шохларига тегишимизга оз қолди. Ровно шаҳри яқинига қўндик. Ярадорларни тушира бошладик. Менга улар нимагадир кўпроқ кўринди. Санасам, қирқ уч нафар экан. Ковпак йигирма беш ўрнига қирқ уч ярадорни чиқариб юборган, у мени ёритқич сўраб чалғитган экан. Кимга жой етмаган бўлса, парашют ўриндиқлари тагига тиқишибди.

Бу жанговар вазифани бажарганимиз учун экипажимиз эндигина таъсис этилган “Улуғ Ватан уруши партизанига” медали билан тақдирланди.

1945 йил 1 январда мени тунги парвозларнинг маҳоратли учувчиси сифатида махсус топшириқларни бажарадиган 19-авиация полкига ўтказишди. Англияга, Францияга учдим. Давлат ва ҳукумат раҳбарлари, юқори унвонли ва мартабали ҳарбий бошлиқлар ҳамда дипломатларни олиб юрдим. Англияга учиш учун биз Теҳрон, Қоҳира, Триполи, Тунис ва Марсель орқали ўтадиган жанубий йўналишдан фойдаланардик. Ўзларининг хавфсизлик даражалари бўйича улар тинчлик давридаги парвозларга яқин эди.

1945 йил 6 май куни биз Теҳрондан Москвага учиб келдик. Экипажга дам олиш ва ҳеч қаерга чиқмаслик бўйича буйруқ берилди. Қандайдир аҳамиятли воқеа кутилаётган эди, лекин ҳаяжон сезилмасди. Экипаж 7 май куни ҳам дам олди.

8 май куни бизни эрта тонгда уйғотишди. Ўзимизни тартибга келтириб, самолётга келдик. Самолётимиз ёқилғи билан тўлдирилган ва парвозга шай ҳолатга келтирилган эди. Полк командири подполковник Алексей Иванович Семенковдан самолётдан чиқмай буйруқни кутиш тўғрисида кўрсатма олдим. Ўйлаб қолдим, топшириқ тўғрисида маълумот берилмаган, лекин буйруқ бу — буйруқ-да, жимгина сабр қилиб кутишдан бошқа чорамиз йўқ эди.

Тез орада йўналиш харитасини олиб келишди, трасса Киев орқали Варшавага, Германия — Польша чегараси яқинига кўрсатилган эди. Бутунлай мавҳумликдан кўра бу яхшироқ. Ҳаво намлиги юқори, булутлар паст, майдалаб ёмғир ёғарди. Кутяпмиз. Бир неча енгил машина келди. Ҳарбий ва фуқаро кийимидаги шахслар бортга чиқди. Билишимча, йўловчиларни чиқаришга кўрсатма берилган.

Мен кабинадан чиқмай, ўзимнинг чап ўриндиғимда ўтирибман. Ўнг томондаги иккинчи учувчининг жойи бўш. Демак, вазифани бажаришда иккинчи учувчи қатнашмайди. Йўловчилар кабинаси эшиги қандай ёпилганини эшитдим. Учувчилар кабинасига полк командири кирди ва менга ўнг ўриндиққа ўтиришимни ва у биз билан бирга учишини айтди. Менга парвоз бўйича топшириқни узатди. Мен иккинчи учувчи жойига ўтдим, у менинг жойимга ўтирди. Командирлик минораси билан алоқага чиқиб, самолётни учиш йўлагига йўналтирдим. Тўғри Ғарб томон учдик. Юз метрлик баландликка кўтарилмай, қалин булутлар орасига кирдик. Ҳар доимги ишимиз. Шундай ҳолатлардаги тунги парвозлар кўникмасига эгамиз. Уч юз метрлик баландликдан сўнг булутли ҳудуддан чиқдик. Осмон кўм-кўк, ёмғирда ювилгандек, қуёш кучли ва ёрқин нур сочарди.

Ушбу очиқ ҳаво бизга бутун парвоз давомида ҳамроҳ бўлди. Икки соатдан сўнг Киев осмонидан ўтдик ва Варшава томон учдик. Варшава осмонида топшириқ варақасини очдим. Унда кўрсатма ва вазифанинг биринчи қисмини бажарганимиздан сўнг очишимиз буюрилган яна бир ҳужжат бор эди. Германия — Польша чегарасида ракета сигнали орқали бизга кузатиб борувчи олтита қирувчи самолёт қўшилиши керак эди. Чегара ҳудудига яқинлашганимизда қизил юлдузли бомбардимончи ва қирувчи самолётлар кўринди. Биз топшириққа кўра самолёт ойнасидан қизил сигналли ракетани учирдик. Иккинчи айланадан сўнг навбатдаги ракета учирилди. Агар сигналдан сўнг кузатувчи самолётлар ҳавога кўтарилмаса, экипаж қўниши керак эди. Улар кўрсатилган вақтда, кўрсатилган жойда пайдо бўлди, бир оз вақт ўтиб, яна учта самолёт қўшилди. Жами тўққизта кузатувчи. Ушбу ҳолатда иккинчи ҳужжатни очишимиз кўрсатилган ва вазифани бажаришда давом этишимиз айтилган эди. Мен муҳрланган ҳужжатни очдим: “Йўналиш Берлин томон ва Темпельгоф марказий аэродромига қўниш”. Бир дақиқадан сўнг штурман йўналиш тўғрисида маълумот берди.

Қирувчилар бизни гоҳ қувиб ўтар, муайян вақтдан сўнг қайтар эди. Ниҳоят пастда ҳеч кимга хавф солмайдиган, тутун ичида қолган ва бутунлай яксон бўлган Берлин ястаниб ётарди. Қўняпмиз.

Самолётни генерал-полковник Соколов­­ский кутиб олди. Йўлакда фахрий қоровул саф тортган. Вишинский биринчи бўлиб самолёт зинасидан тушди, унинг ортидан генераллар ва фуқаро кийимидаги йўловчилар эргашди.

Тез орада Американинг “Учувчи қалъа” номи билан машҳур самолёти қўнди. Кейин АҚШ, Буюк Британия ва Франция вакиллари келган самолёт қўнди. Сўнгра таслим қилинган гитлерчилар қўшини қўмондонлиги вакиллари келиб қўнди. Фельдмаршал Кейтел ушбу самолётда келган эди.

Ҳаммани кутиб олишди. Экипаж самолёт яқинида бўлиши ва ангардан узоқлашмаслиги тўғрисида буйруқ олди. Биз овқатландик ва дам олдик.

9 май. Эрта тонгда эллик кишига яқин одам машиналарда келди. Ҳамма хуш кайфиятда эди. Генераллар Алексей Семенковга қизил байроқ ва пакет берди. Байроқ ва пакет ғалаба белгиси эканини сездим.

Семенков пакетни менга узатди ва аста шивирлади: “Пакет ичида Германиянинг урушда сўзсиз таслим бўлгани — капитул­яцияси ­тўғрисида фельдмаршал Кейтел имзолаган акт — баённома бор. Эҳтиёт бўл, бу бизнинг ғалабамиз”. Мана ўша кутилган хотима. Мана ўша Ватанимизнинг қаҳрамонлиги муваффақият билан тугаган кун. Бу қувончли дақиқаларни ҳеч нарса билан таққослаб бўлмас эди. Бундай дақиқалар учун бутун ҳаётингни бағишласанг арзийди.

Ҳавога кўтарилдик, йўналиш Москвага қаратилган эди. Биринчи янги кунни, биринчи тинч ва осуда кунни кутиб олиш учун парвоз қиляпмиз. Осмон тўқ қизил, кейинчалик сариқ рангга кирди. Қуёш нурлари кабинани ёритди.

Эрталаб соат 11 да биз Москвага қўндик. Алексей Семенков бизни кутиб олган генералга қизил байроқ ва пакетни мендан олиб унга топширди. Ҳарбий бошлиқлар ўтирган машина Кремль томон жўнаб кетди. Экипаж кутиб олувчилар даврасида қолди. “Баракалла, қаҳрамон учувчилар!” Барча машҳур экипаж аъзоларини олқишлар, осмонга отиш учун интиларди.

Қизил майдонда машҳур диктор Левитан Германия гитлерчиларининг урушда сўзсиз таслим бўлгани тўғрисидаги баённомани ўқиб эшиттирди.

Бахт — ғалаба бахти қандай бўлишини мен ўшанда кўрдим, ич-ичимдан туйдим”.

* * *

Ўзбек ўғлонининг исми тарихга олтин ҳарфлар билан ёзиб қўйилди. Абдусамат Тайметов ўзининг тўрт жанговар сафдоши билан биргаликда 80 йил аввал Берлиндан Москвага Германиянинг урушда сўзсиз таслим бўлгани — капитуляцияси тўғрисидаги акт — баённомани олиб келишдек шарафли вазифани қойилмақом этиб бажарди. Афсонавий ушбу бешликнинг исм-шарифи махфийлаштирилди, улардан давлат сирини ошкор қилмаслик тўғрисида ҳатто тилхат олинди. Фақат буюк ғалабадан 30 йил ўтиб, ўша тақиқ улардан олиб ташланди.

Тез орада тарихий парвозни амалга оширган экипажни тақдирлаш тўғрисида фармон эълон қилинди. Абдусамат Тайметов ва унинг экипажи жанговар “Қизил байроқ” ордени билан тақдирланди. Қаҳрамонимизнинг бу ордени фронтдаги хизматлари учун энг олий мукофот бўлди.

Уруш тугади. Абдусамат Тайметов қадрдон юртига қайтиб келди ва фуқаро ҳаво флотига қарашли 161-махсус авиация отряди бошлиғи лавозимига тайинланди. Бир неча йилдан кейин машҳур учувчи Тошкент аэропорти бошлиғи лавозимида фаолият юритиш билан бирга республикамиз Олий совети депутатлигига сайланди.

Уруш бошлангандан 40 йил ўтиб, унинг юраги бошқача уришни бошлади. Шу куни кекса учувчи фронтда ҳалок бўлган дўстларини, жанговар ўртоқларини, машаққатли жанг майдонларини эслади.

Бир ой ўтмай, 1981 йил 8 июль куни биринчи ўзбек учувчиси, ғалаба ҳақидаги қувончли хабарни олиб келган Абдусамат Тайметов “сўнгги парвоз”ини амалга оширди. Бу сафар қайтмас бўлиб кетди. Лекин унинг қаҳрамонлиги ва шарафли номи келгуси авлодлар тилида мудом фахр ва ғурур билан янграб турибди.

Бугунги кунда пойтахтимизнинг Ғалаба боғидаги “Шон-шараф” давлат музейида бир самолёт сақланади. У айнан ўша машҳур ўзбек учувчиси Абдусамат Тайметов Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалаба тўғрисидаги расмий ҳужжатни — актни олиб келган “Ли-2” русумли самолёт.

Ёш авлод ушбу музейда Абдусамад Тайметов хотирасига бағишланган экспонат тимсолида боболаримиз жасоратини, улар амалга оширган буюк ишларни хотирлайди. Улардан ўрнак ва намуна олишга интилади.

Бахтиёр ЁҚУБОВ,

Нурилло АЗИМОВ

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech