Ғалабанинг 75 йиллиги: Аждодларимиз жасорати — мангу барҳаёт

Иккинчи жаҳон урушини, орадан шунча вақт ўтса ҳам, ҳеч ким, ҳеч бир давлат, ҳеч бир халқ ёки миллат унутмайди ва унута олмайди ҳам. Чунки, агар давлатчилик тарихи бошланган даврдан буён 14,5 мингдан ортиқ турли ҳил урушлар бўлган бўлса, бу уруш инсоният тарихида энг мудҳишлиги ва кўлами билан ажралиб туради. Яна бир муҳим томони, бу инсоният тамаддуни тез ривожланиб бораётган бир пайтда “маданийлашган халқлар”нинг вакиллари томонидан содир этилган урушдир.

Яъни, машҳур халқаро ҳуқуқшунос олим Фёдор Мартенснинг «Маданийлашган халқларнинг халқаро ҳуқуқи» («Современное международное право цивилизованных народов») асарида айтилган, ҳар қандай урушда ҳам инсонийлик тамойилларини эсдан чиқармайдиган, уруш пайтида аёллар, болалар, қариялар ва бошқа ҳарбий бўлмаган объектларнинг дахлсизлигига риоя қилиб, уруш ҳаракатларини олиб борадиган маданийлашган халқларга урғу берилмоқда. Албатта, бу ерда бутун бошли немис, итальян ёки япон миллатига нисбатан салбий муносабатда гапириш нотўғри бўлади.

Зеро, ҳар доим ҳам уруш ва қирғинбаротларни “раҳнамолар” бошлайди ва ўз мақсад ва мафкураларига асосланади. Оддий халқ вакиллари эса, унда “аскарлар” сифатида иштирок этади. Ушбу халқлар ҳам фашистик мафкуранинг қурбонлари бўлди ва катта жабр кўрди.

Фашизм ушбу урушда «олий табақа инсон»лар жамиятини яратиш учун ўзидан бошқа ирқ ва тоифадаги инсонларни қул сифатида «олий ирқ» манфаатлари учун хизмат қилдиришни кўзда тутган ёвуз ғояга суянар эди. Умуминсоният тамаддуни ва тараққиётини фақат бир ҳовуч «сараланган» одамлар манфаатига йўналтиришни кўзда тутар эди.

Бу ёвуз ғоя ер юзидаги барча халқларнинг Яратган берган неъмат — яшаш, яратиш ҳақ-ҳуқуқларини поймол этишга асосланган эди. Шу боис барча тараққийпарвар кучлар ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва адолат тантанаси учун курашга отландилар ва унда адолат, инсонийлик ва ҳақиқат қарор топди.

БМТ Уставининг Муқаддимасида: “келгуси авлодларни ҳаётимизда икки маротаба одамзодга чексиз қайғу келтирган уруш балосидан қутқариш ва инсоннинг асосий ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматига, эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлилигига ҳамда катта ва кичик миллатларнинг ҳуқуқларини тенглигига ишончимизни яна бир бор тасдиқлаш ва уларга шароит яратиб бериш, халқаро ҳуқуқнинг манбаларидан келиб чиқадиган адолат ва мажбуриятларни ҳурмат қилиш ва кўпроқ эркинлик билан ижтимоий тараққиёт ва яхши яшаш шароитларини қўллаб-қувватлаш учун”, деган ғоя белгилаб қўйилгани бежиз эмас.

Иккинчи жаҳон урушида эришилган буюк Ғалабани нишонлашга БМТ, умуман халқаро ҳамжамият ҳар йили алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Мисол учун, 2004 йил 24 ноябрда БМТ Бош Ассамблеяси 8 ва 9 май кунларини “Хотира ва ярашиш куни” деб эълон қилди. Бу билан БМТга аъзо-давлатлар ўзларининг ғалаба, озодлик ва хотирлаш кунларига эга бўлишлари мумкинлигини тан олиб, барча аъзо давлатларни, БМТ тизимидаги ташкилотларни, нодавлат ташкилотлар ва шахсларни ушбу санани нишонлашга таклиф қилди.

Ушбу тушаббус БМТ Бош Ассамблеясининг 2010 йил 2 мартдаги 64/257-сонли қарорида қўллаб-қувватланди.

Бош Ассамблеянинг 2015 йил 26 февралдаги "Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 70 йиллиги"га бағишлаб қабул қилган 69/267-сонли резолюциясида ҳам Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери БМТ ва минтақавий ҳамда субминтақавий ташкилотлар ва бошқа тегишли механизмлар доирасида урушнинг оғир меросини енгиб ўтиш ва ярашишни рағбатлантириш ишида, халқаро ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилишда тараққиёт бўлганлиги эътироф этилди.

Бош Ассамблея мазкур Резолюциянинг қарор қисмида БМТга аъзо барча давлатлар, халқаро ташкилотлар, нодавлат ташкилотлар ва инсонлар 8 ва 9 май кунларини Иккинчи жаҳон урушининг барча қурбонлари хотирасига бағишланган кун сифатида нишонлашга чақирди.

Ҳозирги кунда ҳам, Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан БМТ Бош Ассамблеясининг резолюцияси лойиҳаси тайёрланмоқда.

МДҲ мамлакатлари, ХХР ва БМТнинг бошқа аъзолари ҳаммуаллифлигида ишлаб чиқилган махсус резолюция лойиҳаси БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи мажлисида қабул қилиниши режалантирилганди. Бироқ, ҳозирги кунда Бош Ассамблея, масофадан ишлашга ўтганлиги ва ялпи йиғилишлар ўтказмаётганлиги сабабли, ушбу резолюциянинг муҳокамаси Бош Ассамблеянинг одатий иш тарзига қайтадиган даврга қолдирилди. 

БМТ доирасида Иккинчи жаҳон уруши якунлари бўйича қабул қилинган қуйидаги универсал халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ:

  1. Ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятларда айбдорларни аниқлаш, ҳибсга олиш, топшириш ва жазолаш бўйича халқаро ҳамкорлик тамойиллари (1973 йил);
  2. Ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятларга қонуний чекловларни қўлламаслик тўғрисида конвенция (1968);
  3. Қуролли можаролар жабрдийларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Женева конвенциялари (1949);
  4. Геноцид жиноятларининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенция (1948).

Ўзбекистон халқи бутун тараққийпарвар инсоният қатори Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабани таъминлашга улкан ҳисса қўшди. Мана, 75 йилдирки буюк Ғалаба мамлакатимизда ҳам кенг нишонланиб келмоқда. 1999 йил 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг “9 майни Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилиш тўғрисида”ги фармони қабул қилиниб, “9 Май — Хотира ва қадрлаш куни” деб эълон қилинди.

Шу даврдан буён ҳар йили 9 май арафасида давлат раҳбарининг Хотира ва қадрлаш кунини ўтказиш, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини Ғалаба байрами муносабати билан рағбатлантириш бўйича фармон ва қарорлари қабул қилинади. Бу ҳужжатлар асосида уруш ва меҳнат фахрийлари кенг жамоатчилик жалб этилган ҳолда мунтазам рағбатлантириб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 мартдаги "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига кўра, жорий йилда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 10 000 000 (ўн миллион) сўм миқдорида бир йўла пул мукофоти белгиланди.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, бу йилги Ғалаба байрамига тайёргарлик ўтган йилдан бошланди. Яъни, 2019 йил 23 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича 4 та қисм, 49 та банддан иборат асосий чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Мазкур Дастурга биноан:

Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари, меҳнат фронти фахрийларини, шунингдек, мустақиллик йилларида Ватан ҳимояси ва хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг оила аъзоларини ҳар томонлама ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳамда уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

«Аждодларимиз жасорати — мангу барҳаёт» деган ғоя асосида мамлакатимиздаги барча вилоят, туман ва шаҳарларда Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларининг қаҳрамонликлари, ўзбек халқининг фронт ортидаги фидокорона меҳнати ва ғалабага қўшган беқиёс ҳиссаси, фронт ҳудудларидан республикамизга кўчириб келтирилган юз минглаб инсонларга нисбатан кўрсатган юксак инсонпарварлик фазилатларини ҳар томонлама чуқур акс эттирадиган маданий-маънавий тадбирлар, тарғибот акциялари, концерт дастурлари, тасвирий санъат кўргазмалари, ижодий кечалар, танловлар, оммавий спорт мусобақалари, «уч авлод вакиллари учрашувлари»ни, шунингдек, меҳнат жамоалари, маҳалла ва гузарларда, турар-жой мавзеларида ободончилик ишларини ташкил этиш;

фашизмга қарши курашда қаҳрамонлик кўрсатган юртдошларимиз ҳақида янги бадиий ва ҳужжатли асарлар, кино ва спектакллар, мусиқа ва тасвирий санъат асарлари яратиш;

Ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб МДҲ мамлакатларида бўлиб ўтадиган халқаро анжуманлар, ҳарбий-спорт ўйинлари ва аскар қўшиқлари халқаро фестивалларида иштирок этиш бўйича тайёргарлик ишларини юксак савияда амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш белгилаб қўйилди.

Президентимизнинг ушбу қарорга кўра, Тошкент шаҳрида барпо этиладиган Ғалаба боғининг концепцияси қабул қилинди. Концепцияга кўра:

  1. Ғалаба боғининг кириш қисмида: Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг: «Биз барчамиз, аввало, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимиз фашизм балосига қарши курашда жасур аждодларимиз, кўпмиллатли Ўзбекистон халқи кўрсатган мардлик ва матонатни асло ёдидан чиқармаслиги керак», деган сўзлари мармар лавҳада акс эттирилади.
  2. Боғнинг марказий кириш қисмида рамзий дарвоза шаклида Ғалаба аркаси бунёд этилади. Ғалаба аркасида:

баланд устунлардан иборат бўлиб, боғнинг ички кўринишини тўсиб қўймайдиган ҳолда ўрнатилиши;

арканинг юқори қисмида «Ғалаба боғи» деган ёзув ва унинг атрофидаги тасвирларда Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларига доир композициялар акс эттирилиши;

арка миллий меъморлик анъаналари руҳида барпо этилиши ва ўша даврнинг тарихий манзаралари ўз ифодасини топиши кўзда тутилган.

Маълумот учун: Бундай дарвозалар «Зафар аркаси», «Ғалаба аркаси», «Тинчлик аркаси» каби номлар билан Франциянинг Париж, Италиянинг Милан, Англиянинг Лондон, Россиянинг Москва шаҳарларида ва дунёнинг бошқа шаҳарларида барпо этилган.

III. Ғалаба боғининг экспозицияси:

Боғ олдидаги майдонда Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи юксакликда ҳилпираб туради.

Боғ ҳудудида бир неча улкан мармар деворлар ўрнатилиб, уларда мавзуга оид энг муҳим маълумотлар акс этган композицион паннолар яратилади

  1. Ғалаба боғида Хотира музейи ташкил этилади.

Музей қуйидаги бўлимлардан иборат бўлиши белгиланган:

1-бўлим. Ўзбекистон аҳолисининг фронтга сафарбар этилиши. Жанг майдонларидаги жасорат.

2-бўлим. Ўзбекистон — фронт учун ишончли таянч қўрғони.

3-бўлим. Уруш йилларида Ўзбекистонда илм-фан, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш.

4-бўлим. Уруш ва ғалаба ҳақида хотиралар, халқнинг қувонч ва шодлиги.

5-бўлим. Уруш йилларида бадиий адабиёт, санъат ва матбуот.

6-бўлим. «Мардлар жасорати мангу яшайди». Урушда ҳалок бўлган юртдошларимизнинг номлари қайд этилган 33 жилдлик «Хотира» китоби.

  1. Ғалаба боғида барпо этиладиган инновацион тоннель;
  2. Ғалаба боғидаги кинотеатр ;

VII. Ғалаба боғидаги кутубхона, ўқув боғи ва бук-кафе.

Ғалаба боғида кутубхона, бук-кафе (book-cafe), шунингдек, wi-fi ҳудуди ташкил этилади.

Ҳозирги кунда Ғалаба боғида қурилиш ишлари авжида. Коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантин шароитларига қарамай, мазкур боғни бунёд этиш жараёнлари жадал бормоқда.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда Ғалабанинг 75 йиллигини кенг нишонлашга жуда катта эътибор қаратилди.

Аммо, бутун дунёни қамраб олаётган COVID-19 пандемияси, бошқа мамлакатларда бўлганидек, Ўзбекистонда ҳам Ғалаба кунига белгиланган юқори даражадаги тадбирларнинг баъзиларини кўнгилдагидек ташкил этишга муайян даражада халақит бермоқда.

Шуни ҳам қайд этиш керакки, коронавирус пандемияси даврида мамлакатимизда ушбу вирусдан жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ бўлган кенг қамровли саховат хайрия ҳаракати вужудга келди. Ушбу “кўринмас душман”га қарши курашишда барча бирлашмоқда.

Хайрия ҳаракати нафақат мамлакат миқёсида амалга оширилмоқда, балки Ўзбекистон халқаро гуманитар ёрдам ҳаракатида ҳам фаол иштирок этмоқда. Ҳозирги пайтгача Ўзбекистон томонидан Хитой, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Эрон, Беларусь каби мамлакатларга гуманитар ёрдам жўнатилди. Мамлакатнинг мазкур инсонпарварлик амалиёти халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Яқинда "Сардоба" сув омбори билан боғлиқ ҳалокатда жабр кўрганларга ҳар томонлама ёрдам бериш учун бутун халқимизнинг бирлашгани мамлакатимиз бирдамлигининг яна бир ёрқин тасдиғи бўлди. Ўзбек халқининг ушбу меҳрибонлиги, халокат жабрдийдаларга ёрдам қўлини чўзишга бўлган астойдил саъй-ҳаракатларини, таъбир жоиз бўлса, Иккинчи жаҳон уруши пайтида жангу жадал қуршаган ҳудудлардан эвакуация қилинган қариялар, аёллар, болаларга юртдошларимизнинг ўз уйларидан жой беришларидек юксак инсонпарварлик ва бағрикенглик фазилатлари ва саховатпешалиги билан таққослаш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, даврлар, тузумлар, дунёдаги геосиёсий вазият ўзгаришига қарамай, ўзбек халқининг қон-қонига сингиб кетган меҳр-шафқат ва инсонпарвалик, ҳамдардлик ва саховатпешалик каби азалий фазилатлари ўзгармай қолаётгани таҳсинга лойиқдир. Янада муҳими, халқимизга хос бундай юксак маънавий хислатлар коронавирус ва турли табиий офатлар билан боғлиқ ҳозирги мураккаб вазиятларда, яъни “душман кўринмайдиган уруш” шароитларида тобора тобланмоқда ва сайқал топмоқда.

Абдулҳай Мўминов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бўлим бошлиғи,
юридик фанлар номзоди, доцент

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech