31 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг ишчи гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда “Бола ҳуқуқлари кафолатларининг янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Йиғилишда мазкур Қўмита депутатлари ва ишчи гуруҳ аъзолари, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари М. Тиллабоев, Марказ бўлим бошлиғи А. Мўминов, бош мутахассис Я.Квитков иштирок этди. Сўзга чиққанлар болаларнинг ҳуқуқларини амалда кафолатлаш, уларнинг жисмоний, интеллектуал, руҳий ва маънавий етук авлод бўлиб етишишини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг асосини ташкил этишини таъкидладилар.
2019 йил 22 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилингани айни йўналишда олиб борилаётган ишларнинг жадаллашишини таьминлади. Қарорда кўзда тутилган мақсадларга эришиш учун фуқаролик, оилавий ва уй-жой ҳуқуқлари билан боғлиқ муносабатларга тааллуқли бола ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтиришга доир бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш талаб қилинади.
Ана шу ҳаётий заруратдан келиб чиқиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Бола ҳуқуқлари кафолатларининг янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур лойиҳага кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 18 ёшга тўлмаган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсни, агар унинг ота-онасидан бири, васийликка ёки ҳомийликка олган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосга кўра яшаш ҳуқуқига эга бўлса, Ўзбекистон Республикасидан маъмурий тарзда чиқариб юборишни тақиқлашга доир норма киритилмоқда.
Уй-жой кодексига ота-она қарамоғисиз қолган болаларга муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар жойларни улар “Меҳрибонлик уйлари”га жойлаштирилган бутун вақт мобайнида бронлаштириш ҳуқуқини тақдим этиш тўғрисидаги қоида киритилмоқда.
Солиқ кодексига болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга фуқаролик ишлари бўйича киритилган даъволарни давлат божи тўлашдан озод қилиш тартиби тўғрисидаги қоида сингдирилмоқда.
“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга Бола ҳуқуқлари бўйича вакилни таъсис этиш, болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқишни кафолатлаш, 18 ёшга тўлмаган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқариб юборишга йўл қўйилмаслиги, давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан бола манфаатларига алоқадор қарорлар қабул қилиш пайтида боланинг фикрини инобатга олишга оид нормалар киритиляпти.
Шунингдек, ота-она қарамоғисиз қолган болаларга муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар жойларни улар “Меҳрибонлик уйлари”га жойлаштирилган бутун вақт мобайнида бронлаштириш ҳуқуқини тақдим этиш, ота-она қарамоғисиз қолган болаларга рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъи назар, барча ижтимоий хизматлар кўрсатилиши тўғрисидаги қоидалар акс эттирилмоқда.
Фуқаролик процессуал кодексига киритилаётган ўзгартишга кўра эса, вояга етмаган болаларнинг судга қилган бевосита мурожаатларини бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан кўрмасдан қолдиришнинг тақиқланиши белгиланмоқда. Шунингдек, ўн тўрт ёшга тўлган вояга етмаганларга судда даъвогар бўлиш ҳуқуқининг берилиши тўғрисидаги қоида кўзда тутилмоқда.
“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунга ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқишнинг кафолатланиши, бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмаслиги ҳуқуқи тўғрисидаги қоида киритилмоқда.
Қизғин баҳс-мунозаралар руҳида кечган йиғилиш сўнгида қонун лойиҳаси бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 01.02.2020
- Кўришлар: 5181
- Чоп этиш