Гендер тенглик: аёлларнинг ҳуқуқ-манфаатлари йўлида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Мамлакатимизда хотин-қизлар манфаатлари, гендер тенгликни таъминлаш ва оилалар мустаҳкамлиги масалалари сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Натижада ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маънавий ҳаётда, муҳим қарорлар қабул қилишда хотин-қизларнинг иштироки сезиларли равишда кенгайиб бормоқда.

Соҳа йўналишида айнан қандай вазифалар белгиланган ва натижалар қандай? Шулар хусусида Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси бўлим бошлиғи Ўғилой ЎРОЗОВА билан суҳбатлашдик.

– Ислоҳотларни самарали амалга оширишда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, давлат ва жамият бошқарувидаги роли ҳамда таъсирини кескин оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дея фикрини бошлади Ўғилой Ўрозова. – Давлатимиз раҳбарининг қатор фармон ва қарорлари, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни қарор топтириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Натижада биргина 2024 йил якунига кўра хотин-қизлар улуши тадбиркорлик соҳасида 45, тиббиётда 74,8, таълимда 71,1, иқтисодиёт ва саноатда 46,8 ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида 43,2 фоизга етди. 

– Гендер тенгликни таъминлаш юртимизда қай йўсинда шакллантирилди? 

–“Ўзбекистон Республикасида 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси” барча соҳа ва тармоқларда жадаллик билан олиб борилмоқда. Хусусан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда уларнинг лойиҳалари хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатларини таъминлаш принципига мувофиқлиги таҳлил қилиниб, гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмоқда. Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти, жумладан, кадрлар сиёсатини олиб боришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши, шунингдек, гендерга доир комплекс ёндашувни ўрганиш ва баҳолаш учун гендерга оид аудит ўтказиб келинмоқда.

Бундан ташқари, Қўмита ҳузуридаги “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти томонидан Ўзбекистонда гендер муаммоларини ўрганиш ва мониторингини юритиш бўйича “uzgender.uz” электрон платформаси яратилган бўлиб, унда гендер индекслар, электрон корпус, интерактив хизматлар, гендер таҳлилий ахборотнома, гендер кутубхона каби маълумотлар йиғиндиси жойлаштирилган. Статистика агентлиги томонидан эса gender.stat.uz ва Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Мадад” ННТ томонидан gendermadad.uz каби онлайн платформалар яратилди. Бу орқали тегишли мавзуларда маслаҳат ва маълумотлар бериб келинмоқда. 

– Хотин-қизларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш бугунги кун вазифаларидан биридир. Бу борадаги ишлар салмоғи қандай?

– Узлуксиз таълимнинг барча босқичини тубдан ислоҳ этиш, ўқув жараёнига энг сўнгги илғор технологияларни жорий қилиш, ўқитувчиларнинг профессионаллик даражасини кўтариш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида хотин-қизлар таълимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юртимиздаги 200 дан зиёд олийгоҳ талабаларининг 52 фоиздан ортиғини (783 минг нафар) хотин-қизлар ташкил этади. Ўтган йилнинг ўзида магистратурада ўқиётган 15 мингга яқин хотин-қизга 100миллиард сўмга яқин контракт пули тўлаб берилди.

2024 йилда олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда таълим олаётган 82 минг нафар талаба қизга 7 йил муддатга фоизсиз 969 миллиард сўм таълим кредитлари ажратилди.

2022-2024 йилларда 397 минг нафарига 7 йил муддатга фоизсиз 4,3 триллионсўм таълим кредитлари ажратилди. Эҳтиёжманд оилалардаги 18 481 нафар хотин-қизга олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга кириш учун қўмитанинг тавсияномаси берилди. 5 йиллик меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотли бўлмаган 398 нафар хотин-қиз қўмитанинг тавсияномаси асосида олий таълимга тўлов контракт асосида ўқишга қабул қилинди. 1983 нафар муҳтож, ёлғиз аёллар ва боқувчисини йўқотган қизларга маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан контракт тўлови қоплаб берилди.

– Хотин-қизларнинг касбий кўникмалар олишлари, муносиб иш топишларига кўмаклашиш, тадбиркорлигини ривожлантириш йўналишида натижалар қандай?

– Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш, меҳнат бозорида талаб юқори касб-ҳунарларга ўқитиш борасида биргина 2024 йилда 924 минг нафарга яқин хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Хусусан, 284 041 нафари касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилди, 225 мингдан ортиқ хотин-қизга 5,1 триллион сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Мингдан ортиқ маҳаллада хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари очилди. Бандликни таъминлашга кўмаклашиш мақсадида 6 та туман тажрибаси республика бўйича оммалаштирилди. 

Жумладан, хонадонларда учтадан ортиқ даромад манбаларини яратиш бўйича Сайхунобод тажрибаси, ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали аёллар бандлигини таъминлаш бўйича Жондор тажрибаси, аҳоли даромадларини ошириш – хонадонда молиявий пакетларни жорий қилиш бўйича Нишон, Шофиркон тажрибаси, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган кооперациялар ташкил этиш бўйича Боғдод тажрибаси, каштачилик мактаби ва қўй жунини қайта ишлашни йўлга қўйиш бўйича Шаҳрисабз тажрибаси шулар жумласидандир.Тадбиркорлик бўйича фаолият олиб бораётган ҳамда фаолиятини энди бошлаган хотин-қизларга маҳсулот ва хизматларни бозорга олиб чиқишда ҳамда электрон савдоларда иштирок этишларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. 

2024 йилда давлатимиз раҳбари қарори билан хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан жами 100 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ресурслари ажратилди. Жорий йилда ушбу маблағ икки карра оширилиб, 200 миллион АҚШ долларга етди. Ушбу маблағлар доирасида 2 миллион нафар аёл бандлиги таъминланиши, шундан 1 миллион 300 минг нафар хотин-қизни тадбиркорликка жалб этиш чоралари кўрилмоқда. 

– Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш нафақат юртимизда, балки бутун дунёда муҳим саналади, шундай эмасми? 

– Дарҳақиқат, шу боис тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни давлат ҳимоясига олиш, ҳимоя ордери бериш механизми яратилди. Зўравонликнинг олдини олиш мақсадида қонунчиликка гендерга оид оилавий (маиший) зўравонлик, шилқимлик ҳамда шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш бўйича алоҳида моддалар киритилди. Шунингдек, 2024 йилда “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори билан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга “оила – маҳалла – туман ва ҳудуд” тамойили асосида комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими жорий этилди.

Шунингдек, тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида хотин-қизлар фаоли ва маҳалладаги профилактика инспектори иштирокида тазйиқ ва зўравонликни содир этган шахс билан суҳбат ўтказиш, ундан жабрланган шахсга ҳимоя ордерини расмийлаштириш, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган аёллар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларини марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг шошилинч қабул бўлимларига жойлаштириш ишларини олиб бориш белгиланди. Шу билан бирга, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш бўйича Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича республика ва ҳудудий марказлар фаолият олиб бормоқда.

– Соҳада келгусида амалга ошириладиган вазифалар ҳақида фикрингизни айтсангиз?

– Биламизки, Президентимизнинг жорий йил 14 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди. Бунда 2 миллион нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш, 250 минг нафар хотин-қизни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, яна шунча нафар хотин-қизларни олий таълим билан қамраб олиш, 50 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизни санаторийларда соғломлаштириш ҳамда уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш бўйича мотивацион семинарлар ташкил этиш белгиланган. 

Айни кунда мазкур кўрсаткичларга эришиш йўлида масъул вазирлик ва идоралар билан барча саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш, умуминсоний ва миллий қадриятларни тарғиб қилиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини олиб бориш вазифалари ҳам мавжуд. Шу юзасидан ҳам ҳаракатлар бошланди.

ЎзА мухбири Абдулазиз РУСТАМОВ суҳбатлашди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech