Кеча Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ўз мурожаатида инсоният янги энергия даврига қадам қўяётганини таъкидлаб, тоза энергия асрини жадал бошлашга чақирди.
– Ўтган йили дунёда энергия соҳасидаги янги қувватлаш турларининг деярли барчаси қайта тикланадиган манбаларга тўғри келди, -деди у. – Тоза энергия учун глобал инвестициялар 2 триллион долларга етиб, анъанавий ёқилғидан кўра 800 миллиард долларга кўпроқ бўлди. Бугун қуёш ва шамол энергияси сайёрадаги энг арзон манбаларга айланди, аммо кўплаб мамлакатлар ҳали ҳам анъанавий ёқилғига боғланиб, ХХI асрнинг энг катта иқтисодий имкониятини қўлдан бой бермоқда.
Маълумки, тоза энергия иқтисодий ўсишни рағбатлантиради, энергия хавфсизлиги ва мустақиллигини таъминлайди. Шунга қарамай, ҳозирги ўтиш жараёни етарлича тез ва адолатли эмас. Ривожланаётган мамлакатлар четда қолмоқда, иссиқхона газлари чиқарилиши эса камайиш ўрнига ошишда давом этмоқда.
Бош котиб бу жараённи тезлаштириш учун 6 йўналишда чора кўришга чақирди:
- Давлатлар янги иқлим режаларини қабул қилиб, умумий мақсад сари бирлашиши лозим;
- Замонавий электр тармоқлари ва сақлаш тизимлари барпо этилиши керак;
- Глобал энергия эҳтиёжи қайта тикланадиган манбалар ҳисобига қопланиши зарур;
- Адолат тамойиллари таъминланиши учун анъанавий ёқилғи билан боғлиқ жамоалар қўллаб-қувватланиши керак;
- Савдо сиёсатини жараённи тезлаштиришга мослаштириш лозим;
- Ривожланаётган давлатларга молиявий кўмак оширилиши шарт.
Гутерриш фикрича, янги давр ҳаммага иқтисодий имкониятлар эшигини очади, мамлакатларнинг энергия мустақиллигини кучайтиради.
– Бу глобал ўзгаришларни тезлаштириш учун тарихий имконият. Уни қўлдан бой бермайлик, – дея таъкидлади БМТ раҳбари.
Мусулмон Зиё, ЎзА
- Қўшилди: 24.07.2025
- Кўришлар: 394
- Чоп этиш