ҚИЙНОҚЛАР – ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИГА ХИЛОФ, ҚИЙНАШ – ИНСОН ҚАДРИНИ ТОПТАШДИР
(Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг расмий муносабати)
Ўзбекистонда суриштирув ва тергов жараёнларида ёки жазони ижро этиш муассасаларида фуқароларга жисмоний ва руҳий босим ўтказиш, қийноққа солишга оид қатор хабарлар Интернет тармоқларида тарқалмоқда. Афсуски, бундан бир ой илгари ҳам айни мавзудаги ташвишли маълумотлар кенг жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлганди.
Жорий йил 3 июнь куни Тошкент вилояти Бўка тумани ИИБда фуқаронинг вафот этиши муносабати билан Тошкент вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 235-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходим ҳибсга олинган. Бир қатор раҳбар ходимлар эса хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашганлиги учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланиши инсон ҳуқуқларига мутлақо зидлигини ҳамда бундай салбий ҳолатларга йўл қўйилмаслиги бўйича аниқ амалий чоралар белгиланиши тарафдори эканини таъкидлайди.
Миллий марказ давлатимиз шаънига ҳам жиддий путур етказадиган бундай ҳолатларни қатъиян қоралайди, улар юзасидан зудлик билан тергов ўтказилиши ва ҳуқуқбузарлар жазосиз қолмаслиги таъминланиши лозим, деб ҳисоблайди.
Шуни маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси 1995 йил 31 августдан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенцияси иштирокчиси ҳисобланади.
Умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддаси иккинчи қисмида ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмаслиги кафолатланган.
Бу ҳақдаги қонуний талаблар Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 17-моддаси иккинчи қисмида жиноят процессининг принциплари сифатида кўрсатилган.
Кейинги йилларда ушбу турдаги жиноятни содир қилганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилмоқда. Хусусан, 2018 йил 4 апрелда қабул қилинган қонунга биноан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи 235-моддаси янги таҳрирда тасдиқланди.
Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда қийноққа солишдан жабрланган шахсларга етказилган жисмоний ва руҳий зарар, моддий зарар ёки бой берилган фойда, маънавий зарар, юридик ёрдам, дори воситалари ва тиббий хизмат, психологик ва ижтимоий хизматлар учун қилинган харажатлар тўлаб берилиши назарда тутилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларни миллий қонунчиликка имплементация қилишни таъминлаш мақсадида Миллий марказ томонидан жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган 2 та муҳим ҳужжат ишлаб чиқилди. Бу ўринда Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ҳамда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури ҳақида сўз бормоқда.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурига асосан Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда Миллий марказ томонидан терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларига қарши курашиш бўйича тизимли асосда ўқитилмоқда. Хусусан, 2023 йилнинг ўзида Тошкент, Бухоро, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида ички ишлар хамда прокуратура органларининг қарийб 300 нафар ходими учун қийноққа қарши курашиш бўйича ўқув курслари ташкил қилинди.
Жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари ва ички ишлар идораларида жойлашган вақтинчалик сақлаш ҳибсхоналарида инсон ҳуқуқларига риоя этилиши аҳволи юзасидан мунтазам равишда мониторинг тадбирлари ўтказиб борилмоқда. Хусусан, 2023 йил 10-13 апрель кунлари Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ўтказилган шундай мониторинг асносида мазкур муассасаларда сақланаётган маҳкумлар ва ушланган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган ҳуқуқларига риоя этилиши, уларга яратилган шарт-шароитларни ўрганишга эътибор қаратилди.
Шунингдек, Миллий марказ томонидан ҳозирги кунда қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
- Қўшилди: 07.06.2023
- Кўришлар: 4469
- Чоп этиш