Яқинда Президентимиз ёшлар билан учрашувда бутун Ўзбекистон йигит-қизларини қутлуғ айём — Ёшлар куни билан самимий табриклади. Мазкур мақолада давлатимиз раҳбари нутқидаги айрим жиҳатларга тўхталиб ўтамиз.
Сўнгги йилларда юртимиз иқтисодиёт, фан ва таълим, маданият ва спорт соҳаларида улкан ютуқларга эришмоқда. Бугун Ўзбекистонда яратилаётган имкониятлар, очилаётган ҳар бир эшик, амалга оширилаётган лойиҳалар ортида изланувчан ва ватанпарвар ёш авлоднинг саъй-ҳаракатлари, куч-ғайрати мужассам.
Биз юртимиз иқтисодиёти жадал ўсиб бораётганидан фахрлансак, унинг замирида ҳам юқори интеллектуал салоҳиятга эга ёшларнинг ҳаракати, ғояси, меҳнати ва жасорати турибди. Бугунги юрт тараққиётидаги ҳар бир ютуқда ёшларнинг ўрни бор ва бу фақатгина бошланишидир. Эртанги ривожланган, замонавий Ўзбекистонни қуришда бош роль айнан ёшларга тегишли бўлади.
Давлатимиз раҳбари нутқида бир маълумот қайд этилдики, бу ислоҳотлар бошланган илк кунларданоқ “илм – тарбия – инновация” занжирининг бугун бераётган аниқ натижаларига исбот бўлди.
Ўтган йили юртимиз ёшлари ТОП-500 талик олийгоҳларга кириш бўйича Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллагани ҳамда илк бор ТОП-5 таликдаги олийгоҳларга кириб, тарихий натижа қайд этгани таъкидланди. Шунингдек, бугунги кунда 30 нафар ёш дунёнинг ТОП-10 талик олийгоҳида, 500 нафари ТОП-100 ва 1500 нафари ТОП-300 дан жой олган нуфузли университетларда таҳсил олаётгани эътироф этилди.
Бу маълумотни ҳаяжонланмасдан шунчаки ўқиш ёки эшитиш мумкин эмас. Сабаби бу даврларга етиш учун қанча йўл босиб ўтилди ва қанчалик оғир бўлмасин, бугун натижалар бўй кўрсатмоқда.
Аслида, бугунгидек тўғри таълим тизими йўлга қўйилганида бу каби натижаларга мустақиллигимизнинг илк даврларида эришиш мумкин бўларди. Афсуски, умрини пахта даласида ўтказган оддий оила фарзандлари илмда, спортда ва бошқа соҳаларда бундай юксак марраларни эгаллашини тасаввур қилиш ҳам қийин эди.
Сабаби нимада? Сабабки...
Яқинда ижтимоий тармоқларда бир йигит Президентимизнинг Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирдаги нутқини эшитиб, оғриқли муаммони эсга олди. Ўзи айни пайтда чет элда меҳнат мигранти бўлиб ишлаб юрган йигит юртимиздаги ўзгаришларга чин маънода ҳавас билан қараётгани, бугунги кун ёшларига берилаётган эътибор нега уларнинг даврида бўлмаганидан хафалигини билдирган.
— Бугунги кун ёшлари дунёнинг энг нуфузли олийгоҳларига ўқишга кириб, таҳсил олаётганидан жуда ҳавасдаман. Мен ўз вақтида юртимизда олий таълим даргоҳига ўқишга кириш учун имтиҳон у ёқда турсин, ҳужжат топшира олмаганман. Мактабни тугатиб, институтга ҳужжат йиғишга киришганимдан бошланган қийинчиликлар тинкамни қуритган. Икки марта имтиҳондан эмас, қабул комиссиясига ҳужжат топширишдан ўтолмаганман. Униси йўқ, буниси кам деб қайтаравериб, ўқишдан совитиб юборишган. Барчасига қўл силтаб, четга ишлашга кетганман. Бизни ўша пайтдан мардикорликка тайёрлашганми деб ўйлаб қоламан. Сизларга ҳавасдаман, ёшлар, — деб изоҳ қолдирган ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси.
Дарҳақиқат, бугун юртимизда ёшлар олий таълимга ҳужжат топшириш жараёнини телефон орқали амалга ошираётган бир пайтда ўша даврларни эслаш оғриқли. Лекин бошқа томондан, бу таққос ёшларимизда бугунги қулай шароитлар, кенг имкониятлардан унумли фойдаланиш мақсадини мустаҳкамлайди.
Бугунги кун ёшлари тасаввур қилиши қийин, лекин бундан тўққиз, ўн йил олдин ўқиш истагида бўлганлар олий ўқув юртига ҳужжат топшириш учун қабул комиссиясига келиши шарт эди.
Абитуриент деган тамғани бўйнига осиб олган йигит-қизларнинг азобли кунларига ўша вақтдан “старт” бериларди. Институт ва университетларга ҳужжат топшириш тизими шунчалик мураккаб қилиб қўйилган эдики, ёшларнинг билим олиш, юксак илм чўққиларини забт этиш ҳақидаги нафис истаги илк кунлардан нафрат ва ғазаб отлиқ туйғуга алмашарди.
Ҳар йили июнь ойи келиши билан юртимиздаги ҳар бир хонадонда битирувчи ўғил-қизлар учун “имтиҳон мавсуми” бошланар, абитуриентлар ҳужжатларини қоғоз шаклида, қўлтиғида папка билан сурат ва тиббий маълумотномалар йиғишдан бошларди.
Абитуриент тиббий маълумотнома учун поликлиникада, сурат учун студияда, маълумотномани тасдиқлаш учун мактаб директори ёки маҳалладан рухсат олиши шарт эди. Ҳужжат олиш жараёни 4-5 кун вақт талаб қилар, ҳужжат йиғишнинг барча босқичини таниш-билиш ёки пора орқали амалга ошириш одатий ҳол эди.
Қоғоз папка, узоқ навбат ва орзулар изтироби...
Келинг, бу даврдан ўтганлар учун изтиробли бир эслатма, бугунги кун ёшларига эртакдек бўлган мазкур жараённи ёдга оламиз.
Ҳар бир ёшнинг бу йўли паспорт олиш учун навбатда туришдан бошланарди. Қишлоқдаги болалар паспорт учун шаҳарга келиб, баъзан бир неча кун қолиб кетар, ариза ёзиш, суратга тушиш, турли маълумотномалар йиғиш эса алоҳида машаққат эди.
Поликлиникадан тиббий маълумотнома олиш энг қийин босқичлардан бири бўлган. Тонгдан поликлиника олдида навбат бошланарди. Ҳар бир хонага алоҳида навбат, ҳар бир шифокордан алоҳида ёзув ва муҳр босилган, “соғлом” деб ёзилган қоғоз учун баъзида кун бўйи поликлиникада айланиб, охири ҳамширага “атаганини” бериб, тиббий маълумотномага эга бўларди.
Маҳалладан “характеристика” олиш эса ўзгача синов эди. Айрим маҳаллада раисни топиш учун эртадан кечгача излаш керак бўларди. “Эртага кел”, “бу ерга бор”, “фалон оқсоқол билан маслаҳатлаш” каби баҳоналар билан ёшлар бир неча кун сарсон юрарди. Шунинг учун ҳар йили қабул вақтида шаҳарда гавжумлик энг юқори чўққига чиқарди.
Суратга тушиш — абитуриентнинг сўнгги бекати. Ҳар бир университет 8 та сурат талаб қилар, у аниқ ўлчамда, оқ фонда ва костюм-галстукда бўлиши шарт эди. Шунинг учун фотостудия олдида навбат, баҳс, ҳатто жанжаллар бўларди. Баъзи абитуриентлар фотосалонда сурат чиқишини эрталабгача кутарди.
Ҳужжатларни йиғиб, барчасини ғилофга жойлаб бўлгач эса олийгоҳ олдидаги навбат ҳаётимиз мобайнидаги энг унутилмас кунлардан бири бўларди. Ота-оналар ўғил-қизининг келажаги, орзуси ва интилишини олийгоҳ эшиги олдида узоқ вақт ҳимоя қилган. Кимдир кечаси машинада келиб навбат кутган, кимдир таниш орқали “навбат эгаллаган”.
Умуман, абитуриентлар имтиҳонларга ¬тайёрланиш ўрнига ўқув юртларига келиш ва кишини толиқтирадиган кутиш билан вақтини ўтказарди. 086 шаклдаги тиббий маълумотнома ва ҳарбий хизматдан вақтинча озод этилгани (ёки туман мудофаа бўлимида ҳисобда туриши)га доир маълумотнома олиш учун абитуриентлар тиббий кўрикдан деярли тўлиқ қайта ўтиши талаб этилади.
Яна хонама-хона юриш, навбат кутиш, асаббузарлик ва коррупцияга дуч келинарди.
Абитуриентлик истаги йўлидаги машаққатли кунлар
Бу босқич эса ҳужжат йиғишдан ҳам қийин жараённи талаб қиларди. Ўша даврдаги олийгоҳ қабул комиссияси олдидаги манзара алоҳида ҳаёт саҳнаси. Ҳар йили июль ойининг иссиқ кунларида олийгоҳлар олди гўё бозордек гавжум бўларди.
Ҳар кимнинг ўзига хос ташвиши, орзуси, интилишлари бор, аммо ўша вақтдаги мақсад битта — қабул комиссиясига ҳужжат топшириш.
Олийгоҳ қабул комиссияси ишга киришган кундан навбат бошланарди. Кимдир “орқамдан турасан” деб қоғозга исм ёзиб қўяр, баъзилар эса ҳолдан тойиб, ўз навбатини кимгадир ишониб, бир неча соатга чиқиб турарди.
Одатда энг олдинги 10-20 та навбат қиммат ҳисобланар, айримлар “навбатимни сотаман” деб 5-10 минг сўм сўрарди. Таниш-билиш орқали олийгоҳда ишлайдиган одам топиш эса энг ишончли йўл саналган.
Навбатингиз келганида, қабул комиссияси ходими ҳар бир ҳужжатни синчиклаб текширарди. Бу ердан бир уринишда ўтиб кетганлар жуда кам бўларди, деярли бўлмасди, десак ҳам хато эмас. Албатта, барча абитуриентга “Ҳужжатинг тўлиқ эмас, эртага кел”, деган гап айтилар ва ёшларнинг орзу-умидини бир зумда синдириб қўярди.
Расмни конвертга солиш, қоғоз папканинг ипи узилмаганига алмаштириш, қўшимча икки ёки учта оқ қоғоз қўшиш каби эътирозлар энг майдаси бўлиб, рўпарада шу хизматларни йўлга қўйган “ректор растаси”га ўтишга мажбур бўлинарди.
Энг ачинарлиси, қабул комиссияси олдидаги ҳар бир абитуриентни асаблари тамом бўлган отаси ёки онаси кутарди. Фарзанди ҳужжатини топшириб чиққанида ўқишга киргандек хурсанд бўлишарди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда бошланган энг муҳим ва ҳаётий ислоҳотлардан бири ўқишга онлайн ҳужжат топшириш тизими жорий этилиши бўлди.
Агар бир пайтлар абитуриентлар ҳужжат йиғиш ва қабул комиссияси олдида соатлаб, кунлаб навбатда туришга мажбур бўлган бўлса, 2019 йилдан бошлаб махсус платформа орқали онлайн рўйхатдан ўтиш тизими ишга тушди.
Абитуриентлар интернет орқали олийгоҳ танлаш, ҳужжат юбориш ва тест санасини билиш имконига эга бўлди. Бошқа ҳужжатлар — тиббий маълумотнома, сурат, ҳарбий гувоҳнома талаб қилинмайдиган тизим шаклланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги “Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан абитуриентларга Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали республика давлат олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга кириш учун ҳужжатлар топшириш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартиби белгиланди.
Ҳужжатга мувофиқ, бу тартиб таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан белгиланадиган давлат олий таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилди.
Аммо хорижий, хусусий ҳамда ҳарбий олий таълим муассасалари, олий таълим муассасалари магистратураси, тест синовларисиз ижодий имтиҳонлар орқали ўқишга қабул қилинадиган олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишлари ушбу тартибни жорий этиш мажбуриятидан мустасно этиб белгиланди. Шунингдек, ушбу тартиб олий таълим муассасаларига хорижлик фуқаролар томонидан ҳужжат топширишга ҳамда Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали кириш тест синовларида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш белгиланмаган давлат олий таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилмайдиган бўлди.
Марказлар, Давлат тест маркази ҳамда олий таълим муассасалари ўртасидаги ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони мажбурий тартибда қўллаган ҳолда, фақат идоралараро электрон ўзаро боғланиш орқали амалга оширилади.
Абитуриентлар ўзининг доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинган жойидан қатъи назар, исталган Давлат хизматлари марказига давлат хизматидан фойдаланиш учун мурожаат қилиши мумкин бўлди. Абитуриентларга марказга мурожаат этган ҳудудда ташкил этиладиган тест синовларида иштирок этиш имконияти яратилди.
Қарор билан белгиланган янгиланишлар, бошқача айтганда, узоқ кутилган қулайликлар аҳамиятини тўла тушуниш учун ўша даврдаги қийинчиликларни бошидан ўтказган бўлиш керак.
Албатта, ҳозир бу тарих, бу ёшликнинг қайсидир маънода оғир кунлари. Бугун ҳар бир ёш смартфони орқали бир неча дақиқа ичида ҳужжат топшириш имкониятига эга бўларкан, бу давлатимиз раҳбарининг таълим тизимидаги сиёсий иродаси ва оламшумул ислоҳотлари самарасидир.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг Ёшлар кунига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимдаги нутқида тилга олинган жуда кўплаб йўналишларни бир мақолада қамраб олиш имконсиз. Биргина таълим тизими ҳақидаги фикрлари ортидан бугун тарихга айланган машаққатли босқични ёдга олдик.
Таққосга арзийдиган ўзгаришлар
Яқин ўтмишимиздаги қийинчиликларга батафсил тўхталиб ўтгандан кейин йилдан йилга янги имкониятлар яратилаётган бугунги кун ислоҳотларини ҳам таққослаб ўтмасак бўлмайди.
Ўтган йилги ўқув йилидан олий таълим муассасаларига қабул жараёни “Аввал тест, сўнг танлов” тамойилига ўтказилди.
Унга кўра, абитуриентлар тестни бир маротаба топширди ва тўплаган бали билан дастлаб ОТМга, бали етмаган тақдирда профессионал таълим ташкилотига кириш учун танловда иштирок этди. ОТМга қабул жараёни икки босқичда ўтказилди. Биринчи босқич рўйхатдан ўтиш ва тест фанларини танлаш бўлса, иккинчиси тест натижаси эълон қилингандан сўнг таълим йўналиши ва шаклини танлашдан иборат бўлди.
Олдинлари квоталар ОТМлар кесимида шаклланган бўлса, бу йилдан бошлаб таълим йўналишлари кесимида эълон қилинди. Ўқишга кириш учун минимал ўтиш бали икки босқичда белгиланди.
Амалда ўқишга кириш учун минимал ўтиш бали барча йўналишлар учун 56,7 балл эди. Жорий ўқув йилдан бу балл икки босқичда оширилади. Соғлиқни сақлаш, ҳуқуқ, бизнес ва бошқарув йўналишлари учун ўқишга кириш 94,5 баллдан, бошқа йўналишлар учун 75,6 баллдан бошланади.
Магистратура ва докторантурага қабул жараёнида хорижий тилни билиш тўғрисидаги сертификат талаби енгиллаштирилди. Хусусан, эндиликда таълим дастурини хорижий тилда якунлаган талабалар учун сертификат талаби бекор қилинади.
Соҳа хусусиятидан келиб чиқиб, маданият, санъат, спорт, таълим, соғлиқни сақлаш, ишлаб чиқариш, муҳандислик иши, қишлоқ хўжалиги, ветеринария, архитектура ва қурилиш, физика ва табиий фанлар, транспорт хизматлари йўналишлари бўйича сертификат талаби бир поғона — B1 даражасига туширилади.
Сертификат талаби хорижий тиллар йўналишларида C1 даражада, аниқ фанлар, биология, математика, ҳуқуқ, журналистика, ахборот-коммуникация технологиялари ва иқтисодиёт йўналишларида B2 даражада сақланади.
Давлат гранти талабалар учун таълим гранти ва ижтимоий-рағбатлантирувчи грант шаклида ажратилди. Ижтимоий-рағбатлантирувчи грант мақсадли қабул ва имтиёз асосида қабул қилинган талабаларга бутун ўқиш даври учун бериладиган бўлди.
Таълим гранти эса ҳар йили қайтадан тақсимланади. Яъни эндиликда грантга кирган талаба яхши ўқимаса, кейинги йил контрактга тушиши мумкин. Ёки аксинча, контрактга кирган талаба яхши ўқиса, кейинги йили грантга ўтказилади.
Маълум қилинишича, грантни қайта тақсимлаш бўйича тартиб ўқишга янги қабул қилинадиган талабаларга тааллуқли бўлади. Яъни илгари грантда ўқиётган талабаларга ўқишини тамомлагунча бу қоида татбиқ этилмайди.
Шунингдек, янги тартибга кўра, таълим гранти асосида таҳсил олган талабаларнинг ўқишни тугатгандан сўнг 3 йил ишлаб бериш мажбурияти бекор қилинади.
Ҳаёт ўзгарди. Давлат ўз фуқаролари учун барча соҳаларда керагича имконият эшикларини очмоқда. Кечаги тизимнинг машаққати, аламини тотган авлод бугунги ўзгаришларни кўриб, шукронасини айтяпти.
Айни кунларда имтиҳон топшираётган ҳар бир ёш жиддий ўйлаб кўриши керак, бундай қулайлик ва имкониятлар осмондан тушмаган. Бунга етиб келиш учун синовлардан сабоқ чиқариб, янги Ўзбекистонни қураётган меъмор матонатини қадрлайдиган етук авлод миллат келажагини қуришга ҳақли!
Абу Бакир ЎРОЗОВ,
журналист
«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»