Инсон ҳуқуқлари: 2020 йилнинг уч муҳим натижаси

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз  йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича ҳам катта ишлар амалга оширилаётгани эътироф этилди. Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг ўтган даврида бу соҳада эришилган учта асосий натижага кенг жамоатчилик ва халқаро ҳамжамият эътиборини қаратди.

Биринчи муҳим натижа – Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, "Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгаши сессиясида суд-ҳуқуқ тизимида Ўзбекистон эришаётган амалий натижаларнинг эътироф этилгани бу борадаги фаолиятимизга берилган холис баҳодир".

БМТнинг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян мамлакатимизга амалга оширган ташрифи юзасидан ўз маърузасини БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг навбатдаги сессиясига тақдим этди. Ушбу маърузада Ўзбекистонда кейинги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида қўлга киритилган ижобий натижалар алоҳида таъкидланган.

Д.Гарсия-Саян суд ҳокимияти давлат ҳокимиятининг бошқа тармоқларидан ҳақиқатан ҳам мустақил бўлишига эришиш борасида бир қатор тавсиялар ҳам берган.          Эътиборли жиҳати шундаки, суд-ҳуқуқ тизимининг навбатдаги босқичида Ўзбекистон белгилаб олган янги вазифаларнинг моҳияти БМТ Махсус маърузачисининг бу борадаги фикрлари билан уйғун ва ҳамоҳангдир.

Хусусан, Президентимиз томонидан 2020 йил 24 июлда қабул қилинган "Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонда белгилаб берилган вазифалар мамлакатимизда одил судловни тўла таъминлашга қаратилгани бежиз эмас.

Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Айни чоғда, кейинги даврда суд-тергов амалиётини таҳлил қилиш ва фуқаролар мурожаатларини ўрганиш натижалари жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича механизмлар тўлиқ ишга солинмаганлигидан, шунингдек қонунчиликда жиноят ишларини тергов қилиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ваколатларини аниқ белгилаш билан боғлиқ бўшлиқлар мавжудлигидан далолат бермоқда.

Шу боис жорий йил 10 августда давлатимиз раҳбари томонидан "Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармон қабул қилинди. Мазкур ҳужжатни тасдиқлашдан мақсад – мамлакатимизда жиноят ишларини тергов қилиш фаолиятини халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда яхшилаш, қонун устуворлиги ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларини рўёбга чиқариш, жиноят-процессуал қонунчилигини янада такомиллаштиришдир.

Куни кеча, яъни 2020 йил 3 сентябрда Президентимиз томонидан "Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор имзолангани ҳам айни муддао бўлди. Нега деганда,  бугунги кунда судларда ишларни кўришда кўпгина вазирлик ва идоралар билан маълумот алмашинуви уларнинг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинмаганлиги сабабли асосан қоғоз шаклида амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлар турини кенгайтириш бўйича ишларни жадаллаштириш талаб этилади.

Иккинчи муҳим натижа – давлат раҳбари ўз нутқида юртимизда биринчи марта “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси” қабул қилинганини алоҳида қайд этди.

Президентимиз томонидан жорий йил 22 июнда имзоланган Фармон билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясининг мақсади – Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаб олишдир.

Миллий стратегия доирасида 53 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш, 37 та чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда 8 та халқаро шартномани ратификация қилиш – жами 98 та ҳужжат устида изчил иш олиб бориш белгиланган. Жумладан,  суд фаолиятига оид 5 та Кодекс, яъни Жиноят кодекси,   Жиноят-процессуал кодекси, Фуқаролик кодекси, Жиноят-ижроия кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги таҳрирда ишлаб чиқилмоқда.

Судьялар ҳамжамияти органларининг ҳуқуқий асослари ҳам шакллантирилаётир. Шунингдек, "Адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида" ҳамда "Бепул юридик ёрдам тўғрисида"ги янги қонун лойиҳаларини тайёрлашга киришилди.

Учинчи муҳим натижа – 2020 йил 12-13 август кунлари ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалаларига бағишлаб Самарқанд веб-форуми ўтказилди. Ушбу халқаро анжуман, Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, "нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон ёшлари ҳаётини яхшилаш учун глобал ҳамкорликни кучайтиришга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади".

Халқаро анжуманда "Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари" номли Самарқанд резолюцияси қабул қилинди. Ҳужжатда, жумладан, ёшлар ҳуқуқлари - ҳар ким фойдаланиши зарур бўлган, аммо айримлар ёшининг кичиклиги туфайли бундай имкониятдан маҳрум этилган ҳуқуқлар экани қайд этилган.

Самарқанд резолюцияси ҳозирги замон давлатларининг ривожланиши билан боғлиқ барча жараёнларда ёшларни янада кенг жалаб этиш зарурлигини ҳар томонлама тасдиқлашга хизмат қилади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форумининг аҳамиятли жиҳатларидан яна бири шуки, мазкур халқаро анжуман ишида 30 дан ортиқ Ўзбекистон ёшлар ташкилотлари вакиллари мамлакатнинг барча ҳудудларидан туриб иштирок этди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳузурида янги ташкил этилган Ёшлар парламентлари вакилларининг фаоллигини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

 

Ғулом Мирзо

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech