– Дунёнинг аҳолиси кўп баъзи шаҳарларида ўзгарувчан иқлим туфайли қурғоқчилик, сув тошқини тез-тез кузатилиб туради, чунки ҳарорат кўтарилиши глобал сув айланишига путур етказмоқда, – дейилган “WaterAid” хайрия ташкилоти тадқиқотида.
Дунёнинг 100 дан ортиқ шундай гавжум шаҳридан тўпланган 42 йиллик об-ҳаво маълумотини ўрганган изланувчилар Жанубий ва Жануби-шарқий Осиёда фавқулодда ёғингарчилик ҳодисаси кўпайиб, Европа, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка эса қуруқшаб бораётганини аниқлашди.
Хитой шарқидаги Ханчжоу шаҳри ва Индонезия пойтахти Жакарта тез суръат билан узоқ давом этган сув тошқини ва қурғоқчиликдан жабр кўрган шаҳарлар рўйхатида биринчи ўринни эгаллади.
Сўровда қатнашган шаҳарларнинг 15 фоизига яқини кучли тошқин ва қурғоқчилик хавфи ортиб бораётган ҳудудга айланган. Айни рўйхатда Техасдаги Даллас, Хитойдан Шанхай ва Ироқ пойтахти Бағдод ҳам бор. Ўтган йил Ханчжоу 60 кундан кўпроқ вақт давомида ўта юқори ҳарорат билан рекорд ўрнатди ва ўн минглаб одамни кўчиришга мажбур қилган кучли сув тошқини ҳам содир бўлди.
Шаҳарларнинг бешдан бирида иқлим шароити кутилмаганда ўзгариб боряпти: Шри-Ланка пойтахти Коломбо ва Ҳиндистон молия маркази Мумбайда иқлим кескин ўзгариб, кучли намгарчилик кузатиляпти, Миср пойтахти Қоҳира ва Гонконг эса қуруқроқ.
Тадқиқот муаллифларидан бири, Кардифф университети Сув тадқиқоти институти ходими Майкл Сингер сўзларига кўра, сувдан юқори даражада самарали фойдаланиш ёки тошқин таъсирини юмшатиш учун зарур инфратузилма яратган кўплаб шаҳарлар энди бошқача шароитга тайёрланиши, хусусан инвестиция киритиши керак. Ижобий ўзгариш кутиладиган бир неча шаҳар қаторига эса Токио, Лондон ва Гуанжоу киради. Бу уч кентда 2002-2023 йиллар оралиғида нам аввалги йигирма йилга қараганда анча кам кузатилиб, қуруқ ойлар кўпайган.
С.Раҳимов, ЎзА
- Қўшилди: 17.04.2025
- Кўришлар: 258
- Чоп этиш