Италиянинг Милан шаҳри суди журналист Жулия Кортезини ижтимоий тармоқда Италия Бош вазири Жоржа Мелонини ҳақорат қилгани учун жаримага тортди. Бу ҳақда “Stampa” газетаси ёзган.
2021 йил октябрда, ҳали Мелони ҳукумат раҳбарлигига тайинланмаган пайт Кортезе “Италиялик қардошлар” ўнг партияси етакчиси суратини чоп этган. Расмда сиёсатчи уй шароитида диктатор Бенито Муссолини портрети қаршисида тургани тасвирланган. Ўшанда Мелони ижтимоий тармоқ саҳифасида сурат ҳақиқийлигини инкор этди ва муаллифни судга бериш билан таҳдид қилди. Бунга жавобан Жулия яна икки ҳақоратомуз изоҳ қолдирди.
Бугун суд 36 ёшли Кортезе зиммасига туҳмат қилгани учун жабрланувчига 5 минг евро тўлаш мажбуриятини юклади. Айбдор қўшимча жарима учун 1200 ва суд ҳаражатини қоплашга 3500 евродан ҳам кечишига тўғри келади.
Ҳукм ўқилгандан кейин Мелони тушган маблағни хайрияга йўналтиришини маълум қилди.
ЎзА
- Қўшилди: 19.07.2024
- Кўришлар: 1293
- Чоп этиш