Бугун жамият ҳаётидаги энг долзарб, аҳолини ўйлантираётган ва ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этишда давлат ҳокимияти органларининг самарали фаолият юритиши, пировардида, мамлакатнинг жадал тараққий этишида жамоатчилик назоратининг ўрни беқиёс.
Президентимизнинг 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида энг муҳим ташаббуслардан бири сифатида мамлакатимизда жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ва мустаҳкам ҳамкорликни ўрнатиш масаласи кун тартибига қўйилди.
Конституциямизда белгиланган халқ ҳокимиятчилиги принципларини амалда тўла рўёбга чиқаришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини ташкил этиш ташаббуси илк бора илгари сурилди ва қизғин кутиб олинди.
Жорий йилнинг 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, унга ҳар томонлама шарт-шароитлар яратиш, ривожланишнинг янги босқичига кўтаришга хизмат қилиши билан ғоятда аҳамиятлидир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходими, фалсафа фанлари доктори Маъруфжон Усмоновнинг "Правда Востока" газетаси 2020 йил 14 июль сонида эълон қилинган "Жамоатчилик палатаси: халқ ҳокимиятчилигининг янги институти" ("Общественная палата: новый институт народовластия") номли мақоласида шу ҳақда сўз боради.
Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасининг Президент ҳузурида мутлақо янги институт сифатида ташкил этилишидан кўзланган мақсад ҳам "фуқаро-жамоат ташкилотлари–давлат" бирлигини мустаҳкамлаш орқали халқнинг ҳокимиятдан, ҳокимиятнинг халқдан узоқлашишининг олдини олишга қаратилган. Ўз ўрнида Жамоатчилик палатаси иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан мустақил институт бўлиб, давлат ва фуқаролик жамияти ўртасида амалий мулоқот ўрнатувчи ташкилот эканлигини таъкидлаш жоиз.
Бугунги кунда ривожланиб бораётган демократик мамлакатларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг мавжудлиги реалликка айланган. Улар ижтимоий юкни тенг тақсимлаб, давлат ҳаётининг ортиқча зўриқишларсиз давом этишига самарали хизмат қилмоқда.
Бу борадаги хориж тажрибаси ҳақида фикр юритганда, 80 дан ортиқ мамлакатда жамоатчилик палаталари ва уларга муқобил институтлар мавжудлигини таъкидлаш лозим. Муаллиф, жумладан, АҚШ, Германия, Франция, Финляндия, Россия, Жанубий Корея ва Япониянинг бу борадаги тажрибасига тўхталган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 20.07.2020
- Кўришлар: 4131
- Чоп этиш