Ватан равнақи, тинчлиги ва ҳимояси
йўлидаги қаҳрамонлик унутилмайди
Момоларимиздан уруш йилларида халқ бошига тушган азобу уқубатлар, очарчилигу қаҳатчиликлар ҳақида кўп эшитганмиз. Уларнинг биз учун эртакнамо бўлган хотираларини болалик шууримиз ила дилга муҳрлаганмиз. Аммо, айни навқирон ёшда урушга отланган, ёшлик умри жанггоҳларда кечган ўзбек аёли билан уруш хотираларига сингимоқ барчага ҳам насиб этмагани аниқ. Унинг дардига рўбарў бўлмоқ эса, сиздан бир қадар матонат талаб этади.
2016 йили хизмат сафари билан Бухоро шаҳрида бўлганимда, Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси кичик сержант Назира Таирова ҳақида эшитиб, 93 ёшли онахоннинг истиқболига шошилдим, суҳбатларидан баҳраманд бўлдим. Ўн саккиз ёшида фронтга отланиб, ўн йил навқирон умри урушга қурбон қилинган ўзбек қизининг хотиралари юрагимдан унутилмас жой эгаллади. Бу гал эса, яъни орадан тўққиз йил ўтиб, онахоннинг фарзандлари Тоҳир ака ва Розия опа билан Назира онахонимизни хотирладик.
Айрилиқнинг азобли йиллари
1930 йил. Етти ёшли Назира ва уч ёшли Руқиянинг болалар уйига келганига бир ҳафтадан ошди. Қизалоқлар ҳар куни етимхона дарвозасига термулиб ота-оналарини кутишади. Уларнинг мурғак қалби оталари Миржалол ака, оналари Баҳшанда опадан бевақт айрилганини ҳамон англаб етгани йўқ. Ўлим деган айрилиқ азобини тушуниб етганларида эса, уларнинг нозик қалби қай даражада ўртанганини англамоқ мушкул. Айрилиқ дардига елка тутган нозик вужудлар, соғинч, изтироб, армон… Етимликка маҳкум этилган болалик онлари, аччиқ кўз-ёшлар. Бир-бирига таянч бўлиб, ҳаёт синовларини енгиб яшашга куч топган ўксик диллар…
1941 йил. Назира 18 ёшга тўлди. Бухоро педагогика техникумига ўқишга кирган қизнинг орзулари ўзи янглиғ гўзал ва беғубор. Бироқ, бу орзуларга фашизм балоси аталмиш офат чанг солиши унинг хаёлига ҳам келмаган эди. Кўп ўтмай бу аччиқ ҳақиқат бўй кўрсатиб улгурди. Иккинчи жаҳон урушининг оловли наъраси бошқа мамлакатлар қаторида юртимиз аҳлини ҳам ларзага солди.

Бухоро шаҳар мудофаа ишлар бошқармаси эркаклар билан гавжум. Уларнинг қаторида нозик ниҳол Назира ҳам бор.
– Назира Таирова, мана, 18 ёшга тўлибсан. Ота-онангдан етим қолганингда давлат сени боқди, улғайтирди, билим берди. Энди буни қайтариш навбати сенга келди. Урушга бориб бурчингни бажаришга тайёрмисан?
– Қўлимдан келганича хизмат қилишга тайёрман. Фақат менинг касбим..,
Ҳарбий либосдаги салобатли бошқарма бошлиғи олдида ҳаяжонланиб турган қизнинг сўзини унинг қатъий буйруғи бўлди.
– Керакли соҳага ўзимиз тайёрлаймиз, эртага хизматга жўнайсан…
Маълум вақт Тошкентда алоқа йўналишида таҳсил олган Назира ҳарбий эшалонда фронтга йўл олди.
Аслида бу залворли юк эркаклар илкига юклатилган. Қонли жанггоҳларда эркаклар билан бир сафда бўлиш, ёнгинасида жон таслим этган сафдошининг қонли жасади устида борлиқни унутиш, чидаб бўлмас қаҳратону очин-тўқинликка қарамай фақат олдингга интилиш, разведка жараёнида парашют билан сакраш, ҳар қадамда ўлим билан рўбарў бўлиш... Назира опага бу каби хотиралар ҳаётининг сўнггига қадар шерик бўлгани аниқ.

Ҳаётнинг улуғ сийлови
Халқимизда етимнинг ёри Аллоҳ, деган пурмаъно нақл бор. Назира уруш суронларида кечган энг оғир дамларда ота-онаси билан ўтказган болаликнинг ширин хотиралари, болалар уйида қолган ёлғизгина синглисининг соғинч тафтига суянди. Жанггоҳларда кўп бора фано фариштаси уни четлаб ўтди. Бухородек шаҳари азимда туғилган қизни улуғ аждодларнинг руҳи қўллаб турган бўлса ажабмас.
1945 йил, ниҳоят фашизм балоси парчаланиб, ғалаба туғи кўтарилди. Бироқ кичик сержант Назира Таирова каби синовларда тобланган, тажрибали алоқачилар ҳамон хизматда. Улар кўплаб давлатларни қамраб олган Иккинчи жаҳон уруши оловини ўчиришга сафарбар этилган. Бироқ Назиранинг Мўғулистон ҳудудида қаттиқ тоби қочди ва ортга қайтарилди. Аммо, она юртига қайтишига изн берилмади, хизматда қолди. Синглиси Руқиянинг илтимоси билангина, 1951 йили кўкси тўла орден ва медаллар билан Бухорога қайтиш насиб этди унга. Жанггоҳларда улғайган қизни ҳаётнинг улуғ сийловлари кутмоқда эди. У ҳам бошқа қизлар қатори севди, севилди. 1953 йили ўзи каби болалар уйида улғайган Самад Шокиров билан оила қурди. Уни 8 ёшида рус оиласи ўз қарамоғига олиб, исм-шарифини Сергей Даганов қилиб ўзгартирган эди.
Раҳимахон, Розияхон, Тоҳиржон, Баҳодиржон, Ботиржон оилани бирин-кетин тўлдирган беш фарзанд болалик чоғлариданоқ яқинларидан айрилган бағри куюк икки инсоннинг бахт қувончига айланди. Ота-онанинг тарбияси, меҳру муҳаббати остида улғайган бир-биридан ақлли ва зукко, билимдон фарзандлар турли соҳаларда ўрин топиб, етук инсонлар сафига қўшилди. Шифокор, иқтисодчи, муҳандис, ҳайдовчи. Улар ота-оналари каби юрт хизматида бўлди. 2017 йили 94 ёшда бу дунёни тарк этган Назира ая эса, умрининг охирига қадар эл-юрт эътиборида умргузаронлик қилди.

– Онам бахтли аёллардан эди, ҳамиша ўғил-қизлар, набира ва эваралар ардоғида бўлди, – дея хотирлайди қизи Розия опа. – Дадам билан 50 йил бахтли ҳаёт кечиришди. Ўзлари айтганларидек, ҳаёт синовларини биргаликда қўшқанот бўлиб енгиб яшашди. Онамнинг ғайрати, тиниб-тинчимаслиги барчамизга ўрнак. Волидам 63 ёшга қадар давлат ишларида фаолият юритган. 94 ёшда оламдан ўтган бўлса, ўша улуғ ёшда ҳам қандайдир юмуш билан банд бўлгилари келарди. Улар ҳамма ҳавас қиладиган, дуоларини олишга интиладиган пиру бадавлат онахон эди. Нафақат биз фарзандлар, балки 14 набира ва 25 эвара улар билан фахрланади. Набираларининг деярли барчаси олий маълумотли, нуфузли соҳаларда фаолият юритишади. Энг асосийси, улар дуогўй бувижонларини унутишмайди, ўгит ва насиҳатларини ҳамиша ёдда сақлашади. Бир сўз билан айтганда, онамнинг ҳаёти, сабру қаноати, аёллик шаъни ва ғурури бизга ҳар томонлама ўрнак. Хотиралари эса, азиз ва қадрлидир.
Эътироф, ардоқ ва эъзозда кечган умр
Назира ая ўзбек аёлининг сабр-бардошли, оқила, меҳнаткаш вакиласи сифатида давлатимиз ғамхўрлиги остида эътибор ва эъзозда яшаб ўтди. Онахон Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси сифатида давлат ва жамоат ташкилотларида, айниқса, таълим даргоҳларида бўлиб ўтадиган тадбирларда иштирок этиб, уруш воқеалари, тинчликнинг қадрига етиш, ҳурликни асраш каби суҳбатларидан ёшларни баҳраманд этарди. Уларнинг ҳаёт йўли ёшларга ҳар томонлама ибрат эди.
Назира аянинг ҳузурида бўлганим ҳамон ёдимда. Бошларида ўзбекона оқ рўмол, 93 ёшда ҳам қош-кўзлари қора, нуроний чеҳрасида ним табассум, меҳмонларга бағри очиқ, фикрлари тиниқ, суҳбатлари мароқли. Аёл неча ёшда бўлмасин ҳамиша гўзалликка ошно деганларидек, уларга тақдим этилган гулларга кўзлари қувнаб термулар экан, эъзоз ва эҳтиром учун дуога қўл очди. Элу юртга, уларни йўқловчиларга эзгу ниятлар билдирди. Жанггоҳдаги хотираларга тўхталиб ўтди:

– Ҳаётимдаги ўтган кунлар, уруш воқеалари ҳақида гапирсам кечаю кундуз етмайди. Уруш офатини, айрилиқнинг азоб-уқубатларини биз кўрдик, илоҳим фарзандларимиз, авлодларимиз кўрмасин. Бундай доруломон кунларнинг қадрига етиш, асраш лозим. Мен кечган ҳаётимдан мамнунман. Чунки давлатимиз ва фарзандларим ардоғидаман. Урушда кечган йиллар эса юрагимда яшайди…
Назира аянинг кўксини тўлдириб турган орден ва медаллар ҳамон кўз олдимда. «Жасорати учун», «Қаҳрамонлиги учун» ҳамда ғалабанинг юбилей саналарида берилган орден ва медаллар, 1994 йили тақдим этилган «Жасорат» ва «Шуҳрат» медаллари, «Ғалабанинг 60 йиллиги», «Ғалабанинг 70 йиллиги» юбилей медаллари Тўмарис авлоди бўлган ўзбек аёли хизматига берилган юксак эътибор ва эътирофдир.
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси кичик сержант Назира Таирова ҳақида сўз юритар эканман, бир ҳақиқатни теран ҳис қиламан. Йиллар ўтаверади, она юртимиз чароғон кунларга юз тутаверади, миллатимиз ҳаётида кечган мозийнинг оғриқли йиллари ортга чекинаверади. Бироқ Назира ая сингари забардаст инсонларнинг умр йўли тарих саҳифаларига муҳрланиб, ўзбек қизининг жасорати, матонати авлодлар учун ибрат мактаби сифатида сақланиб қолади.
Зулфия ЮНУСОВА,
“Ватанпарвар” мухбири.
ЎзА
- Қўшилди: 21.04.2025
- Кўришлар: 122
- Чоп этиш