Конституция ва қонунларимизда журналистлик фаолиятининг эркинликлари, ҳуқуқлари ва кафолатлари билан бир қаторда, муайян масъулияту мажбуриятлари ҳам белгилаб қўйилганига эътибор қаратиш лозим. Хусусан, мамлакатимизда журналистлар ахборотнинг ҳаққонийлиги учун жавобгар ҳисобланади.
“Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра, журналист ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши, айбсизлик презумпцияси принципига амал қилиши, шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши шарт.
Журналист ўз касбига доир ахборотдан шахсий мақсадларда фойдаланиши, ахборот манбаи ёки муаллиф розилигисиз жисмоний шахснинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотларни эълон қилиши, шунингдек, аудио ва видео ёзиш воситаларидан фойдаланиши мумкин эмас.
Бу жуда тўғри талабдир. Чунки глобаллашув, ахборот жамияти шаклланаётган бир шароитда, айниқса, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига дахл қилишдан, шахсий ҳаётга аралашишдан ҳимояланишга бўлган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя қилиш тобора долзарб аҳамият касб этиб бормоқда.
Мамлакатимиз қонунчилигида фуқаролар ва юридик шахсларнинг ишчанлик обрўсини ҳимоя қилишга оид ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қоидалар ўз акс топган, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирловчи ёлғон маълумотларни била туриб тарқатганлик сингари туҳмат ва ҳақорат учун жавобгарлик белгиланган.
Сўз эркинлиги инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши бўлган ҳуқуқидан устун бўлиши мумкин эмас. Ўзбекистон қонунчилигининг ушбу қоидалари халқаро ҳуқуқий қоидаларга ҳамда бошқа демократик мамлакатлар тажрибасига тўла мувофиқ келади.
Шу билан бирга, юртимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ушбу йўналишдаги қонунчилик ҳам янада эркинлаштирилаётганини кўрсатади. Бундан ташқари, Жиноят кодексига киритилган ўзгартишларга биноан, ярашув институти туҳмат ва ҳақоратга нисбатан ҳам қўлланиладиган бўлди.
Жиноят кодексининг 139-моддасида (туҳмат) ҳамда 140-моддасида (ҳақорат) кўзда тутилган жиноятларни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.
Бу ҳақда фикр юритганда, 2020 йил 18-19 декабрь кунлари бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисида, жумладан, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Чунки ушбу янги Қонунга кўра, Жиноят кодексидан туҳмат ва ҳақорат қилганлик учун мавжуд бўлган озодликдан маҳрум қилиш жазоси чиқариб ташланиб, ўрнига жарима ёки мажбурий жамоат иши жазоси қўшилди.
Шунингдек, Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгилаш тўғрисида янги моддалар киритилди.
Яъни, «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунга кўра, шахснинг қадр-қимматини камситувчи, уни обрўсизлантиришга олиб келадиган, жамоат тартиби ёки хавфсизлиги учун таҳдидга эга бўлган ёлғон ахборотни тарқатиш, шунингдек оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация ёки интернет тармоқларига жойлаштириш орқали тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Шу билан бирга, Қонунда ахборот эгаларининг сўз масъулияти ва унинг оқибатлари бўйича жавобгарликни ҳис қилиши, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари кафолатланиши ҳам тегишлича белгилаб қўйилган.
Маълумотларга қараганда, мазкур Қонунни ишлаб чиқишда ўттиздан ортиқ мамлакат қонунчилигидаги тажрибалар ўрганилган. Хусусан, МДҲ ва Европа мамлакатлари қонунчилигида ОАВ ёки интернет тармоғи орқали туҳмат, ҳақорат, шунингдек шахсни камситиш, унга нисбатан оммани чалғитувчи ахборот тарқатганлик учун ҳуқуқни чеклаш билан боғлиқ турлича жиноий жазолар ва юқори жарималар белгиланган.
Масалан, Францияда бундай қилмишлар учун 569 минг евро жарима ёки 5 йилгача қамоқ жазоси, Россия Федерациясида 500 мингдан 5 млн рублгача жарима ёки 160 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари кўзда тутилган.
Германияда бундай ҳаракатлар учун 3 ойдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси ўрнатилган бўлиб, бўҳтон ёки ёлғон ахборот тарқатиш ватанга хиёнат даражасида баҳоланган.
Ҳатто ОАВ соҳасида устувор эркинлик амал қиладиган Норвегия қонунчилигида ҳам туҳмат, ҳақорат ва ёлғон ахборот учун тегишли жарима ҳамда 1 йилгача қамоқ жазоси мавжуд. Бу ҳақдаги норма Норвегия Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган.
АҚШнинг 19 та штатида қатъий жиноий жавобгарлик амал қилади. Яъни, ОАВда туҳмат, ҳақорат, шунингдек жамоавий айблаш учун суд тартибида 10 мингдан то 250 минг долларгача жарима ёки 6 ойдан 10 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Италияда эса туҳмат ёки уйдирма, оммани чалғитувчи ахборот тарқатган ОАВ ёки интернет манбасидан ташқари, бундай ахборотни кўчириб босган ёки тарқатган барча шахслар тенг жавобгарликка тортилади. Уларга 500 дан 2000 еврогача жарима ёки 6 ойдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Хулоса қилиб айтганда, бундай ҳаракатлар учун халқаро ҳамжамият тегишли жазо ва таъсир чораларини белгилаш амалиётини кенг қўлламоқда. Бинобарин, жазонинг даражаси муҳим эмас, балки жамиятда бошқа инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, шаъни ва қадр-қимматига ҳурмат олий қадрият сифатида қарор топиши асосий мақсаддир.
Мамлакатимизда айнан ҳуқуқий маданият юксалиши асносида сўз ва фикр эркинлиги, оммавий ахборот воситалари фаолияти эркинлиги кафолатлари ҳам изчил мустаҳкамланмоқда.
Ғулом Мирзо
- Қўшилди: 22.12.2020
- Кўришлар: 4448
- Чоп этиш