Маълумки, 2018 йил 18 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, соҳага доир бир нечта қонунга ўзгартиришлар киритилган. Жумладан, «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 9 та моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритилди.
Бу ўринда, жумладан, «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун журналистнинг давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ва оммавий тадбирларида ҳозир бўлиши, журналистлик сирини ошкор этмаслиги, журналистларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишига оид меъёрлар, айтиш мумкинки, "Журналистнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидалари институти" тушунчаси ва у билан боғлиқ нормалар ҳисобига мукаммаллаштирилгани ҳақида сўз бормоқда.
Хусусан, Қонун «Журналистларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидалари» номли 7(1)-модда билан тўлдирилган. Мазкур янги моддада қайд этилганидек, «Журналистларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидалари журналистнинг шахсига ва ўз касбига доир вазифаларни бажариш чоғида унинг хулқ-атворига қўйиладиган талабларни белгиловчи қоидалар мажмуидан иборатдир. Журналистларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидалари журналистларнинг ва оммавий ахборот воситаларининг бирлашмалари томонидан белгиланади».
Бу нормалар юртимизда жамиятни демократлаштиришнинг энг муҳим омили бўлмиш оммавий ахборот воситаларини эркинлаштиришда катта аҳамият касб этади. Зеро, оммавий ахборот воситаларининг Конституция, қонунлар ва қонуности ҳужжатларда белгиланган ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда мажбуриятларига риоя қилинишида журналист фаолияти билан боғлиқ турли низоларни ҳал этишга ҳам тўғри келади.
Бунда журналистларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидалари тегишли муаммога носудлов йўл билан ижобий ечим топиш имконини беради.
Ҳозирги кунда оммавий ахборот воситалари томонидан айрим ўринларда нотўғри ахборот тарқатиш, суднинг қарори қонуний кучга кирмасдан туриб, жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатиш, айби судда исботланмаган шахсни жиноятчига чиқариб қўйиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Биз барпо этаётган демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти шароитида бундай ҳодисаларга йўл қўйиб бўлмайди. Шунинг учун миллий журналистика соҳасида этика институтининг жорий этилиши инсон шаъни, қадр-қиммати, дахлсизлигини таъминлаш ва ахлоқ-одоб меъёрларини тартибга солишда янги қадам бўлди, деб ҳисоблаймиз.
Қонунчиликдаги бу ижобий ўзгаришлар, ўз навбатида, 2019 йил 17 июлда Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси қабул қилинишига кучли туртки берди. Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодексида, жумладан, қуйидагилар қайд этилган:
“Журналист одамларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқини ҳурмат қилади. Шахс шаъни ва қадр-қиммати камситилишига йўл қўймайди.
Журналист одамларнинг шахсий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни фақат уларнинг розилиги ва ҳужжатларнинг сир сақланишига риоя қилган ҳолда эълон қилади.
Журналист ноқонуний йўл ва номақбул воситалар ёрдамида одамларнинг шахсий ҳаёти ҳақида ахборот тўплаш, овоз ёзиб олиш ва материаллар тўплаши мумкин эмас.
Журналист жиноий ишни ёритувчи материални тайёрлаётганида айбсизлик презумпциясига амал қилади”.
Бу муҳим қоидалар «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга киритилган «Журналистларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидалари» номли 7(1)-модда талабига тўла мос ва ҳамоҳангдир.
Ғулом Мирзо
- Қўшилди: 18.12.2020
- Кўришлар: 4552
- Чоп этиш