Журналистнинг ҳуқуқий мақоми (Саккизинчи мақола)

Кейинги йилларда Ўзбекистонда ахборот соҳасини демократлаштириш ва либераллаштириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги сезиларли даражада ўсиб, жамиятда очиқ мулоқот майдони яратилди. Жамоатчиликнинг нутаи назарини қарор топтиришда, қизиқишига сабаб бўладиган кенг кўламли масалалар юзасидан ижтимоий фикрнинг пайдо бўлишида эса оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг ўрни кескин ошмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2020 йил 15 декабрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасида депутатлар ахборот ва сўз эркинлигини таъминлашнинг муҳим жиҳатларига, шунингдек, ушбу ҳужжатни қабул қилиш заруратига алоҳида эътибор қаратишди.

Бугунги кунда миллий қонунчилигимизда фуқароларнинг ахборот ҳуқуқлари, масс-медиа ва оммавий коммуникациялар соҳаси субъектларининг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлайдиган ҳуқуқий нормаларни мустаҳкамлаш зарурати пайдо бўлди. Телекоммуникация ва Интернет тармоқларида ахборотни тарқатиш жараёнини тартибга солувчи нормаларни такомиллаштириш талаб этилмоқда.

Парламент аъзоларининг фикрича, бундай шароитда оммавий ахборот воситалари билан бир қаторда фуқароларнинг ҳам ахборотга доир ҳуқуқлари ҳимоясининг кафолатларини таъминлаш муҳим ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи ахборотни оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация ёки Интернет тармоқларига жойлаштирганлик учун жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.

Кодекснинг амалдаги таҳририга кўра, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш ҳаракатлари учун БҲМнинг эллик бараваридан юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солиниши белгиланган.

Янги қонун лойиҳасига кўра, бундай ҳаракатлар учун жарима миқдорини ошириш, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан тўрт юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса юз бараваридан тўрт юз эллик бараваригача миқдорда жарима солиш ҳақидаги меъёрни киритиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, шахснинг қадр-қимматини камситувчи, уни обрўсизлантиришга қаратилган ёлғон ахборотни ишончли маълумот кўринишида била туриб телекоммуникация, интернет тармоқларига жойлаштирганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилмоқда. Депутатларнинг қайд этишича, амалдаги қонунчиликда бу турдаги ҳаракатни содир этган шахс тўғридан тўғри жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланган. Таклиф этилаётган лойиҳада эса шахс шундай ҳаракатлари учун муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилганидан кейин 1 йил давомида такроран содир этсагина жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланмоқда.

Шахснинг қадр-қимматини камситувчи, уни обрўсизлантиришга олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация ёки Интернет тармоқларига жойлаштириш орқали тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши қайд қилинмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳасининг қабул қилиниши миллий ОАВ ва журналистларнинг профессионал фаолияти учун янги самарали механизмларни татбиқ этишга имкон бериши, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тўғрисидаги маълумотларни эркин олишлари ҳамда уларнинг фаолиятига аралашмаслик бўйича қўшимча кафолатларни яратиши қайд этилди.

Ўз навбатида, бунга қадар охирги марта 2018 йил 18 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, соҳага доир бир нечта қонунга ўзгартиришлар киритилган.

Жумладан, «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 9 та моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритилди. Қонун 7(1)-модда билан тўлдирилган.

Қонуннинг 16-моддасида кўрсатилган нормалар 2-моддага кўчирилгани сабабли чиқариб ташланди. Бу ўзгартиш ва қўшимчалар журналистлик фаолиятининг эркинлигини таъминловчи ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитлар яратишга, журналистларнинг ҳуқуқий мақомини аниқлашга қаратилган. 

Ушбу янгиланишларнинг замирида, бир томондан, журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги долзарб нормалар акс этган бўлса, иккинчи томондан, юртимизда оммавий ахборот воситаларининг цензура қилинишига йўл қўйилмаслигига доир конституциявий талабга қатъий амал қилиш механизмлари ўз ифодасини топган.

Хусусан, ҳеч ким журналистдан эълон қилинаётган хабарлар ёки материаллар олдиндан келишиб олинишини, шунингдек уларнинг матни ўзгартирилишини ёхуд уларнинг нашрдан бутунлай олиб ташланишини, эфирга берилмаслигини талаб қилиш ҳуқуқига эга эмаслигига оид қатъий нормалар қонундан ўрин олган.

Муҳим жиҳатлардан яна бири шуки, Қонуннинг олдинги таҳририда фуқаролар ёки бошқа ахборот манбалари томонидан ихтиёрий равишда маълум қилинган махфий хабар, шунингдек, факт ёки воқеалар журналистика соҳасининг сири ҳисобланса-да, унда манбанинг номини ошкор этмаслик шарти кўзда тутилмаган эди.

Эндиликда ахборот манба номини ошкор этмаслик шарти билан тақдим этган хабар ва фактлар журналистика соҳасининг сири ҳисобланиб, буни ошкор этмаслик журналист мажбурияти сифатида белгиланди.

Қонунга мазкур банднинг киритилиши бир томондан журналист фаолиятининг кафолатларини кучайтирса, бошқа тарафдан ахборот манбасининг дахлсизлигини таъминлаш ва ушбу соҳага бўлган ишончни мустаҳкамлашнинг муҳим шарти бўлиб хизмат қилади.

Бошқача айтганда, Қонунга киритилган барча янгиланишлар моҳиятан инсон омили, унинг умумэътироф этилган ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлашни назарда тутади.

Унда "журналист" тушунчасига янги таъриф берилиб, улар фаолиятини амалга ошириш мақсадида ахборотни излаш, сўраш, олиш, таҳрир қилиш ва тайёрлашда қўшимча ҳуқуқлар кафолатланди.

Журналистни оммавий ахборот воситаларида ахборотни тарқатишда жавобгарликдан озод этишнинг аниқ механизм ва мезонлари ҳам белгиланди.

Ғулом Мирзо

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech