“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташкил этилганининг 25 йиллигига бағишланган махсус сони нашр этилди.
Журналнинг илк саҳифаларида “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 йиллиги” рукнида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов ҳамда Тошкент молия институти профессори, сиёсий фанлар доктори Тўра Норбоевнинг мақолалари тақдим этилган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари устувор аҳамиятга эга” номли мақоласида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва инсон ҳуқуқлари бўйича бошқа халқаро ҳужжатларнинг мақсад ҳамда вазифалари билан ҳамоҳанг экани очиб берилган. Конституциямизда кафолатланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар батафсил таҳлил қилинган.
Тошкент молия институти профессори, сиёсий фанлар доктори Тўра Норбоевнинг мақоласида эса Бош Қомусимиздаги инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатловчи нормалар асосида давлатнинг инсонпарвар ва халқпарвар сиёсати таҳлил қилинган. Мақола сўнгида, “Конституция ва қонунларимиз талабларини сўзсиз бажариш, “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш ҳар биримизнинг ҳаётий шиоримизга айланса, истиқболда кўзлаган улкан марраларимизга, албатта, етамиз”, дея хулоса чиқарилган.
Шунингдек, махсус сонда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет, ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг ижрочи директори Марғуб Салим Бутт, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раиси Валерий Фадеев, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Цзян Янь, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси раҳбари Ронни Хайненинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ фаолияти тўғрисидаги мақолалари ўзбек, инглиз ва рус тилларида эълон қилинган.
Жумладан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет ўз мақоласида Миллий марказга “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ривожлантириш борасидаги асосий ҳамкоримиз” дея таъриф бериб, йўлга қўйилган самарали алоқаларни юксак даражада қадрлашини эътироф этган. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи дунёдаги энг нуфузли ташкилот раҳбарининг бундай юқори баҳосига сазовор бўлиш мамлакатимизда инсон қадрини юксалтиришга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳам муносиб ҳисса қўшаётганидан далолат беради.
ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг ижрочи директори Марғуб Салим Бутт эса, “Ташкилотларимиз ўртасида давом этаётган ҳамкорлик Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо бошқа давлатларнинг миллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш муассасалари учун илғор амалиётнинг тимсоли бўла олади”, дея мулоҳаза билдириб, ўз фикрини аниқ мисоллар билан исботлаган. Мақолада таъкидланганидек, 2019 йилнинг 7-8 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг (ИҲТ ИҲМДК) йиллик 6-семинари юқори савияда ўтказилиб, қатор муҳим натижаларга эришилди. Ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришда мавжуд халқаро ва минтақавий воситаларни холис таҳлил қилиш имконини берган ушбу анжуман якунида Тошкент декларацияси қабул қилинди. Декларацияда қатор амалий тавсиялар, жумладан БМТ Бош Ассамблеясининг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш бўйича тавсия илгари сурилди.
Шунингдек, мақолада Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидовнинг ИҲТ ИҲМДК аъзоси сифатида олиб борган фаолияти, хусусан комиссиядаги қатор мавзули тадқиқотларни ниҳоясига етказишда кўрсатган ёрдами, ИҲТнинг “Исломда бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги пактини қайта кўриб чиқишда катта ҳисса қўшгани, ташкилотнинг бошқа халқаро тузилмалар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашдаги фаоллиги эътироф этилган.
Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раиси Валерий Фадеев Миллий марказ ходимларини қадрли сана билан табриклаб, “Ўзбекистонлик ҳамкасбларимизнинг муваффақиятлари, фаолиятларининг самарадорлиги ва эришган натижалари катта ҳурматга сазовор”, дея таъкидлаган. Мақолада ёзилганидек, икки томонлама муносабатлар, айниқса, сўнгги йилларда янгича мазмун касб этиб, юқори босқичга кўтарилди. 2019 йилда имзоланган Англашув меморандуми дўстона ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини очиб берди.
Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Цзян Яннинг “Хитой ва Ўзбекистоннинг муштарак тушунчалари инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро муносабатларга янги куч бағишлайди” номли мақоласида инсон ҳуқуқлари соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказнинг ўрни, сўнгги йилларда эришилган муваффақиятлар атрофлича таҳлил қилинган. “Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритганидан бери ўтган 30 йил давомида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришга катта аҳамият бериб келмоқда. Мамлакатда биринчи марта Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия қабул қилинди, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчилик узлуксиз такомиллаштириб борилмоқда”, дея фикр билдирилган.
Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси раҳбари Ронни Хайне ҳам Миллий марказ ташкил этилганининг 25 йиллиги билан самимий табриклар экан, марказ Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат асосларини мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини, мамлакат фуқароларининг қонуний ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келаётганини таъкидлаган.
Шунингдек, журнал саҳифаларидан ўрин олган Ҳ.Юнусов, О.Ахмадов, О.Оқюлов, Л.Турикова, Н.Мелиқулов, М.Насретдинова, Т.Ахмедов, З.Мунавваров ва М.Атаевнинг ўзбек тилидаги, А.Ҳакимов, О.Низамеддинхўжаев, З.Исраилова, Ғ.Қаршиев, Ш.Ғофуров, Х.Қурбонова, С.Тўратошева, Н.Алимованинг инглиз тилидаги, А.Ғафуров, Б.Эшонқулов, Ф.Ҳақбердиева, Ф.Бакаева, Ф.Ҳамдамованинг рус тилидаги мақолалари ҳам долзарб мавзуларга бағишлангани билан аҳамиятли.
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг ушбу махсус сонини мутолаа қилишга вақт ажратиб, фикр-мулоҳазаларингизни таҳририятимизга юборасиз деган умиддамиз.
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали масъул котиби
- Қўшилди: 07.12.2021
- Кўришлар: 3149
- Чоп этиш