Ижтимоий ёрдам манзиллашади: оилалар энди тоифаларга қараб қўллаб-қувватланади, айрим оилаларга даромад олиш имконияти яратилади, камбағал оилалар фарзандлари учун имтиёзлар берилади — Президент фармонига шарҳ.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга мос равишда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, самарали ижтимоий ҳимоя сиёсатини юритишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда аҳоли учун ажратилган ижтимоий ёрдам кўлами 5 баробарга оширилди, 2 миллиондан ортиқ оила ушбу ижтимоий ҳимоя дастурлари билан қамраб олинди.
Яқин икки ичида аҳолига ижтимоий хизматларни кўрсатиш сифатини тубдан ошириш, мазкур соҳага илғор халқаро стандартларга асосланган мутлақо янги бошқарув тизимини жорий этиш мақсадида 47 та қонунчилик ҳужжатлари (3 та Қонун, 6 та Президент фармони ва 12 та қарори, 26 та Ҳукумат қарори) қабул қилинди.
Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизмат ва ёрдамларни маҳалла даражасига туширилишини таъминлаш мақсадида, 208 та туман (шаҳар)ларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари фаолияти йўлга қўйилди.
Жойларда ижтимоий ходим ва унинг ассистенти лавозими жорий этилиб, ҳар бир маҳалладаги оила сони, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли гуруҳларини инобатга олган ҳолда ижтимоий ходимлар “ҳудуд – участка – маҳалла” тамойили асосида бириктирилди.
Статистик маълумотларга юзланадиган бўлсак, жорий йилнинг дастлабки чорагида “Инсон” марказлари томонидан жами 1 млн 238 мингта ариза қабул қилинган бўлиб, шундан 752 мингта (61 %) аризага хизмат кўрсатилган. Қиёс учун: 2024 йилнинг I чораги давомида фуқаролардан 58,2 минг ариза қабул қилинган бўлиб, мазкур кўрсаткич жорий йилнинг биринчи чорагида 21,3 бараварга ошган. Шунингдек, 2024 йилнинг март ойида 27 турдаги ижтимоий хизмат ва ёрдамлар учун ариза қабул қилинган бўлса, жорий йилнинг март ойида 103 турдаги хизматлар учун фуқаролардан ариза ва мурожаат қабул қилиш имконияти яратилган.
Яқинда қабул қилинган “Камбағал оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент фармони [ПФ–84] ижтимоий ҳимоя соҳасида манзиллик, самарадорлик ва янги имкониятларни таъминлаш орқали ушбу йўналишни янги босқичга кўтаради.
Фармоннинг асосий жиҳатларига тўхталиб ўтамиз.
Ижтимоий ёрдам манзиллашади: оилалар энди тоифаларга қараб қўллаб-қувватланади
2025 йил 15 майдан бошлаб Камбағал оилалар реестрига киритилган ва унга тушиш хавфи бўлган оилалар "қизил", "сариқ" ва "яшил" тоифаларга тақсимланади. Давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамлар ушбу тоифаларга қараб белгиланади (уй-жойларни таъмирлаш, тиклаш ва мослаштириш ҳамда соғлиқни сақлаш бўйича ёрдамлар бундан мустасно).
"Қизил" тоифага қуйидаги мезонларга мос, ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларидан паст бўлган оилалар киритилади:
– аъзоларидан камида бири соғлиғи туфайли ишлай олмайдиган оила;
– парваришга муҳтож аъзоси, шу жумладан, ногирон фарзанди бор оила;
– ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ёки ёлғиз кекса ёхуд ёлғиз ногиронлиги бўлган шахсдан иборат оила;
– боқувчисини йўқотган ёки боқувчиси жазони ижро этиш муассасасида бўлган оила.
"Сариқ" тоифага — ҳар бир аъзога тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган, лекин барча аъзолари меҳнатга лаёқатли бўлган оилалар киритилади.
"Яшил" тоифага — ҳар бир аъзога тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг 1 бараваридан 1,5 бараваригача бўлган ҳамда қуйидаги мезонлардан бирига мос келадиган оилалар киритилади:
– оила “қизил” ёки “сариқ” тоифадан чиқарилган бўлса;
– оиланинг Камбағал оилалар реестрига тушиш эҳтимоли юқори бўлса.
Камбағал оилаларга имтиёзлар ва ёрдамлар бериш тартиби ўзгаради
2025 йил 1 июндан бошлаб:
– қонунчилик ҳужжатларида Ижтимоий ҳимоя ягона реестридаги оилалар учун белгиланган ижтимоий хизматлар, ёрдамлар ва имтиёзлар Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга ҳам татбиқ этилади. 2026 йил 1 январдан эса бу имтиёзлар фақат Камбағал оилалар реестридаги оилаларга берилади;
– давлат хизматларидан фойдаланганда тўланадиган бож, йиғим ва бошқа тўловларда "сариқ" тоифадаги оилаларга 50%, "қизил" тоифадагиларга эса 75% чегирма қўлланилади;
– агар оила "қизил" ёки "сариқ" тоифадан "яшил" тоифага ўтса, уларга қонунчилик билан белгиланган ижтимоий ёрдамлар яна 12 ой давомида сақланади.
“Қизил” тоифадаги оилаларга даромад олиш имконияти яратилади
2025 йил 1 июндан бошлаб “қизил” тоифага кирган оилаларга пассив даромад келтирадиган ёрдам чоралари кўрсатилади.
Биринчи йўналиш – қуёш электр станциялари ўрнатиш: камбағал оилаларнинг уйига қуёш электр станциялари ўрнатилади. Бу иш туман (шаҳар) ҳокимлиги ва таъминотчи корхона ўртасидаги шартнома асосида амалга оширилади. Ўрнатиш харажатлари давлат томонидан субсидия орқали қопланади. Ушбу станцияларда ишлаб чиқарилган электр энергияси “Қуёшли хонадон” дастури асосида сотиб олинади ва оилаларга субсидия тўлаб борилади. Агар оиланинг уйида илгари бундай қурилма ўрнатилган бўлса, бу ёрдам кўрсатилмайди.
Иккинчи йўналиш – кўчма дўконлар ўрнатиш: камбағал оилаларнинг ерида енгил конструкцияли кўчма дўконлар ўрнатилади. Бунинг учун оила ва тадбиркор ўртасида шартнома тузилади.
Камбағал оилалар аъзоларига ижтимоий ёрдамлар тегишли ҳужжатлар асосида кўрсатилади
2025 йил 1 июндан бошлаб Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар аъзоларига ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар қуйидагилар асосида кўрсатилади:
– оиланинг камбағал деб эътироф этилгани тўғрисидаги маълумот;
– шахснинг камбағал оилага мансублигини тасдиқловчи маълумотнома.
Маълумотлар қандай олинади?
Оиланинг камбағаллиги ҳақидаги маълумотлар “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимидан, “Электрон ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали олинади. Шахснинг камбағал оилага мансублигини тасдиқловчи маълумотнома эса Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади.
Камбағал оилалар фарзандлари учун имтиёзлар берилади
2025 йил 1 июндан бошлаб “қизил” тоифага кирувчи оилаларнинг “аъло” баҳоларга ўқийдиган талаба қизларига Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан базавий стипендиянинг икки баравари миқдорида махсус стипендия берилади.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб умумий ўрта таълим муассасасидаги узайтирилган кун гуруҳларига қатнайдиган болаларнинг умумий сонининг 15 фоизи миқдорида камбағал оилалар фарзандлари учун алоҳида квота ажратилади ва улар ота-оналар тўловидан озод қилинади.
2026 йил 1 январдан бошлаб камбағал оилаларнинг “аъло” баҳоларга ўқийдиган фарзандлари Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси тизимидаги оромгоҳларда дам олади ва соғломлаштирилади. Бу харажатлар Болаларни соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини тиклашга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлиқ қопланади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ижтимоий хизматлар ва ёрдамларни мувофиқлаштиради
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Камбағал оилалар реестри ва Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оилаларга ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатишни мувофиқлаштирувчи давлат органи этиб белгиланди.
Камбағал оилалар реестри ва Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оилаларга давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий хизмат ва ёрдамларни жорий этиш, ўзгартириш ёки бекор қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Агентлик билан мажбурий тартибда келишилади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мазкур фармон ёрдам ва имтиёзларнинг манзилли, шаффоф ва адолатли тақсимланишини таъминлайди. Шу билан бирга, камбағал оилаларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг болаларига таълим ва соғломлаштириш борасида қўшимча имкониятлар яратиш орқали узоқ муддатли ижтимоий барқарорликка замин ҳозирлайди.
Умиджон Қурбонов, ЎзА
- Қўшилди: 21.05.2025
- Кўришлар: 156
- Чоп этиш