Мулоҳаза
Мамлакатимизда янги ҳаракат бошланди. Камбағал оилалар ҳаётини ўзгартириш, турмуш тарзини яхшилаш учун “Камбағалликдан фаровонлик сари!” дастури амалга оширилиши белгиланди. Давлат раҳбари йиғилиш ўтказиб, бу тизим қандай ишлаши, камбағал оилалар билан ишлашда нималарга эътибор қаратиш кераклигини айтди. Ҳа, шу ишга масъул вазир ёки бошқа раҳбар эмас, айнан Президент тушунтирди, масъулларнинг қулоғига дастурнинг моҳиятини қуйиб қўйди. Ҳар бир раҳбарга бештадан камбағал оила бириктириладиган бўлди.
Раҳбарлар йиғилишнинг эртасигаёқ ўз ҳудудидаги камбағал оилаларга кирди, хонадонда яшовчилар билан суҳбатлашди, уларнинг нима муаммоси борлиги, қандай ёрдам кўрсатиш кераклиги аниқлаштириб олинди. Ва бу ҳақда ижтимоий тармоқларда суръатлар, видеолавҳалар пайдо бўлди. Кўнгилларда умид уйғонди – бу гал раҳбарлар масалага жиддий киришди, демак, тез орада ўзгаришлар кўзга ташланади.
Кўп жойда амалий ишлар ҳам бошланди. Бундан хурсанд бўлдик.
23 сентябрь куни давлат раҳбари “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга оширишга доир фармон ва қарор қабул қилди. Бу ҳужжатларда ҳам вазифалар, чора-тадбирлар аниқ белгиланди, ночор оилаларни камбағалликдан чиқариш тартибидан бошлаб бу қандай тарзда амалга оширилишигача қайд этиб қўйилди. Аммо...
Айрим “ҳайбаракаллачи” масъулларнинг хатти-ҳаракати– одамларнинг ҳаётини эмас, рақамларни ўзгартиришга интилиши ортидан саволлар пайдо бўлмоқда.
Туманлардан биридан бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот сўрадик. Бир неча кун қайта-қайта сўраганимиздан кейин тақдим этилган маълумотда келтирилишича, йил якунигача туманда камбағалликни икки баробарга қисқартириш белгиланибди. Қандай яхши-я. Аммо қайси йўл билан, қандай манбаалар ҳисобидан, ниманинг эвазига, деган саволларимизга ҳалигача жавоб йўқ.
Кўп жойда субсидия асосида тикув машинаси, пишириқ пишириш печи, мотокультиватор ва яна шу каби ишлатиб даромад топиш мумкин бўлган воситалар берилмоқда. Тўғри, бу воситалардан самарали фойдаланганлар турмуши бироз бўлса-да ўзгаряпти, даромад топяпти. Лекин шу “ёрдам”нинг ўзи билан қоғозда чиқса ҳам амалда камбағалликдан чиқмаётган оилалар кам эмас-да.
Яна бир маълумотга кўзим тушиб қолди. Тумандаги банклардан бирининг раҳбари ўзига бириктирилган камбағал оиланинг ишсиз аъзосига 30 миллион сўм имтиёзли кредит ажратиб, мотокультивор олиб берибди. Уни шу йўл билан камбағалликдан чиқармоқчи экан. Айтингчи, ишсиз фуқаро бу воситани ишлатиб, бола-чақа боқсинми ёки кредит тўласинми? Ўзи битта мотокультиватор қанча туради?
Ўзи ва ходимлари икки ойдан буён маош олмаётган бир ташкилот раҳбарига ҳам бешта камбағал оила бириктирилганини эшитиб, кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан. Ахир, унинг ўзи ёрдамга муҳтож-ку?!
Хуллас, Президент бошлаган бу хайрли ишга айрим раҳбарлар хўжакўрсинга, рақамлар учун киришмасин. Камбағалликдан фаровонлик сари тўғри йўлдан борайлик, одамларнинг ҳаёти яхши томонга ўзгарсин, камбағал оилаларга фаовонлик, барака кирсин, деб зиммамиздаги вазифаларни бажарайлик.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири
- Қўшилди: 15.10.2024
- Кўришлар: 672
- Чоп этиш