23 август куни Тошкентдаги «Hyatt Regency» меҳмонхонасида Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб чоп этилган «Янги Ўзбекистон» китоб-альбомининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, ёзувчи-адиблар, журналистлар ҳамда кенг жамоатчилик қатнашди.
Мазкур китоб-альбом турли вазирлик ва идоралар мутахассислари, фотомухбирлар ҳамда АОКА масъул ходимларидан иборат ижодий жамоа томонидан нашрга тайёрланди. Унда истиқлол йилларида, айниқса, кейинги беш йилда юртимизда янги давлат ва жамият қуриш йўлида амалга оширилган ва оширилаётган улкан ишлар ҳақида ҳикоя қилинади.
Тақдимотда сўзга чиққан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов таъкидлаганидек, Президентимизнинг яқинда “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳарририга берган интервьюсида мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича эришаётган ютуқлари нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда изчил мустаҳкамланиб бораётганига алоҳида эътибор қаратилди.
Чиндан ҳам, Ўзбекистон илк бор 2021-2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланди. 2021 йил 1 январдан бу борадаги вазифасини бажаришга киришди. Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу нуфузли халқаро ташкилотнинг олий минбаридан туриб ўзбек тилида илгари сурган ва жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланган миллий, минтақавий ва халқаро ташаббуслари изчиллик билан рўёбга чиқарилмоқда.
Кейинги йилларда БМТ, ЕХҲТ, Европа Иттифоқи, Парламентлараро Иттифоқ, шунингдек Ислом ҳамкорлик ташкилоти, ШҲТ, МДҲ каби кўплаб халқаро ташкилотлар ва жаҳоннинг деярли барча давлатлари билан ўзаро ҳамкорлик муносабатларимиз юксак поғонага кўтарилди. Бу ўтган тарихан қисқа даврда юртимизнинг жаҳон миқёсидаги сиёсий ўрни ва обрў-эътибори кескин ошганидан далолат беради.
Дунёда Янги Ўзбекистонга нисбатан қизиқиш, интилиш ва ишонч руҳи, мамлакатимиз билан ҳамкорликка эришишга рағбат тамойиллари кучайди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Президентига халқаро ҳамжамиятнинг ишончи жуда юқори ва бу ишонч тобора ортиб ҳамда мустаҳкамланиб бормоқда.
Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясида, коронавирус шароитига қарамай, 40 дан ортиқ давлатдан 150 дан зиёд вакил иштирок этгани ҳамда ўндан ортиқ нуфузли ташкилотнинг раҳбарлари онлайн тарзда фаол қатнашгани бу фикримизнинг яна бир исботидир. Бу ютуқларнинг барчасига, албатта, бундан 30 йил олдин халқимиз қўлга киритган асосий ҳуқуқимиз – мустақиллик туфайли эришмоқдамиз.
Бинобарин, бундан ўттиз йил олдин мустақиллик шу озод юртда яшайдиган ҳар бир инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг тўла таъминланиши кафолати бўлиб майдонга чиқди. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Янги Ўзбекистон – демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир”.
Тақдимоти ташкил этилган китоб-альбомнинг “Инсон ҳуқуқлари – энг олий қадрият” деб номланган алоҳида бобидаги мухтасар кириш сўзида айни шу ҳақда сўз боради. Мазмунли ва ранг-баранг фотосуратларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари нечоғлик таъминланаётгани ўзининг яққол ифодасини топган.
Китоб-альбомнинг бошқа барча боблари ҳам китобхонни бефарқ қолдирмайдиган ёрқин фотолавҳалар билан безатилган. Энг муҳими, янги нашр ўзининг “Янги Ўзбекистон” деган жарангдор номига ҳар томонлама мос ва муносибдир.
Китоб-альбом “Ўттиз йиллик мураккаб ва шарафли йўл”, “Янги Ўзбекистон – миллий тараққиётнинг янги босқичи”, “Давлат идоралари халқимизга хизмат қилмоқда”, “Инновацион асосда қайта қурилаётган иқтисодиёт”, “Янги Ўзбекистонни азму шижоатли ёшларимиз билан биргаликда қурамиз”, “Халқ ва армия – бир тану бир жондир”, – “Маънавият – Янги Ўзбекистон пойдевори”, – “Ўзбекистон ва жаҳон” сарлавҳалари билан номланган 8 та бўлимдан иборат, дейилади aoka.uz сайти хабарида. Асар ўзбек (кирилл ва лотин алифбосида), рус ва инглиз тилларида ўзига хос дизайн ва юқори полиграфик сифатда, жами 30 000 нусхада нашр этилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 24.08.2021
- Кўришлар: 3929
- Чоп этиш